Оқилона овқатланиш дарддан фориғ этади

Баъзи беморлар меъда ва ўн икки бармоқли ичак яраси хасталигига унчалик эътибор қилмай, «ўзи ўтиб кетади», деб, ишонадилар. Натижада кўплаб дармондориларга бой бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ва қувватбахш таомларни истеъмол қила олмайдилар.

Оқибатда бир касаллик бошқасини етаклаб келади: озиб кетиш, саратон, ярасининг тешилиши, камқонлик. Тўйиб овқатланмаслик натижасида организмда моддалар алмашинув жараёнининг бузилиши кузатилади. Бу касаллик фасллар алмашинувида, хусусан, баҳор ва куз келиши билан яна қўзғайди.

Овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликлари ичида кенг тарқалгани яра касаллигидир. У илгари ўрта ёшдаги кишиларда кўпроқ учрар эди. Лекин бу касаллик ҳам бошқалари каби «ёшариб» бормоқда. Сир эмаски, кўплаб ёшларимиз йўл-йўлакай «хот дог», гамбургер каби тез тайёр бўлувчи таомларни еб, соғлиқ учун зарарли бўлган турли газланган ичимликларни истеъмол қиладилар. Тушликда эса иссиқ таомларни хотиржам емайдилар. Шу сабабларга кўра аввалига гастрит (меъда шиллиқ қаватининг яллиғланиши) даволанмаган гастритдан эса яра пайдо бўлади. Одам оч қолганида меъдадан чиқаётган шира парчалаши лозим бўлган овқатга тушмагач, ундаги шиллиқ қаватни парчалай бошлайди. Бу ҳол сурункали равишда такрорланса меъда шираси охири ичакни ёки меъдани тешади. Меъда ёки ичакнинг шиллиқ пардаси яллиғланса унга мунтазам равишда тушаётган шира туфайли яра ҳосил бўлади.

Одатда меъда яраси 0,5 см.дан 1 см.гача ва ундан ҳам катта, 12 бармоқли ичакдаги яра 0,7 см ва 1,5-2,0 см. дан катта бўлади. Шунингдек, меъда шиллиқ қаватининг юза яраси – 0,5 см. гача, чуқур жойлашган яраси эса 0,5 см. дан ошади.

Яра касаллиги – овқат ҳазм қилиш тизими гастродуоденал қисмининг сурункали касаллиги ҳисобланиб, меъда ва ўн икки бармоқли ичакда ҳосил бўлган яралар билан характерланади.

Оғриқ – меъда ва ўн икки бармоқли ичак яраси касаллигининг асосий белгисидир. Меъда яралари билан боғлиқ оғриқ овқатлангандан сўнг 30-60 дақиқа ўтгач пайдо бўлади. Бундай оғриқлар уч хил бўлади: кечки, очликда пайдо бўладиган ва тунги оғриқлар. Оғриқлар тўмтоқ, симилловчи, ўювчи ёки тўлғоқсимон бўлиши мумкин. Асосан оғриқ овқат тановвул қилгандан сўнг, антацид дорилар қабул қилганидан кейин ёки қайт қилгандан сўнг тўхтайди.

Яна ўқинг:  Соғлом ва баркамол авлод – ҳаётимизнинг ҳал қилувчи кучи

Ривожланган мамлакатларда аҳолининг 6-10 фоизи яра касаллиги билан оғрийди. Статистик маълумотларга кўра, эркакларда аёлларга нисбатан яра касаллиги кўпроқ учрайди. Ёшларда кўпроқ ўн икки бармоқли ичак яраси касаллиги, ўрта ёшли беморларда эса меъданинг яра касаллиги кўпроқ кузатилади. Шаҳар аҳолиси қишлоқ аҳолисига нисбатан кўпроқ касалланади. Бунга тушликни вақтида емаслик ёки умуман кундузлари овқатланмаслик, қолаверса, бир мартада икки-уч ҳисса овқатни бирданига ейиш, стресс (руҳий зўриқиш)лар ва шу кабилар сабаб бўлади. Яра касаллигининг ривожланишида ирсий мойиллик ҳам муҳим аҳамиятга эга. Унинг келиб чиқишида қуйидаги сабабларни кўрсатиш мумкин:

– НР (хелико бактерия) инфекциясининг таъсири. Ўн икки бармоқли ичак яра касаллигининг ривожланиши юз фоиз шу вируснинг организмга тушишига боғлиқ.

– кучли ёки доимий руҳий зўриқишлар;

– алиментар (овқат билан боғлиқ) омил;

– спиртли ичимликлар ва кофени кўп истеъмол қилиш, чекиш. (Кофе ичиш зарурияти туғилганида, албатта сут билан ичиш зарур). Чекувчи инсонларда бошқаларга нисбатан яра касаллиги икки баробар кўп учраши аниқланган;

– Дориларнинг ножўя таъсири (аспирин, индометацин, резерпин кабилар);

– Яра касаллигининг ривожланишига омил бўлувчи баъзи сурункали касалликлар: сурункали обструктив бронхит, бронхиал астма, ўпка эмфиземаси, жигар циррози, меъда ости бези хасталиклари.

Хасталикнинг клиник белгилари:

Оғриқ баъзан тўш остидан юрак соҳасига ёки курак соҳасига ўтади, беморнинг жиғилдони қайнайди, у кекиради, еган овқатининг таркибига кўра кўнгли айнийди ва баъзан қайт қилиш ҳоллари ҳам кузатилади. Бунда қонли ажралмалар ҳам учрайди.

Яралар ўн икки бармоқли ичакда ҳам пайдо бўлади. Бу хасталик кўпинча 40 ёшга етмаган эркакларда кузатилади. Оғриқ оч қоринга ва тунда кузатилади.

Агар бу касаллик даволанмаса бир неча йилдан сўнг меъда ярасига, ҳатто саратон касаллигига олиб келиши мумкин.

Меъда ва ўн икки бармоқли ичак яраларига тахмин қилинганида бемор қонининг умумий таҳлили, меъданинг секретор фаолияти, базал ва максимал кислота ишлаб чиқарилиши (кимёвий биопсия), хастанинг ахлати эса яширин қон кетишга текширилади ва албатта эндоскопик текширувдан ўтказилади. Бемор қон аралаш қайт қилиши, ахлатининг ранги қора­йиши ва қон йўқотиши оқибатида ҳолсизланиши кузатилади.

Бундай нохушликларнинг олдини олиш учун беморлар:

Яна ўқинг:  Брокколи – энг фойдали сабзавот

– парҳез таомларни истеъмол қилиши ва таомларда аччиқ зираворлардан асло фойдаланмасликлари шарт;

– шифокор тавсиясига кўра тегишли кимё­вий дорилар билан даволаниш зарур;

– фитотерапия асосида доривор гиёҳлар дамламаларини ичиш керак;

– минерал сувларни меъда шираси юқори бўлганида овқатдан 20 дақиқа аввал ичиш даркор.

Шунингдек, касаллик хуружи даврида руҳий ва жисмоний тинчлик, 7-10 кун давомида ярим ётоқ тартиби буюрилади.

Халқимиз қадимдан таомнинг иссиқ ва совуқ мижозга эга эканига аҳамият берган. Беморнинг овқатланиш тартибида ҳам ов­қат мижозини, ҳам беморнинг шахсий мижозини кўзда тутиш ижобий натижаларни беради. Айтайлик, бемор совуқ мижоз бўлса, унга доимий равишда совуқ мижоз таомлар буюриш ярамайди. Унинг организми совуқ мижоз бўла туриб, яна совуқ мижоз овқатни қабул қилмайди. Бунинг натижасида ҳам бемор қайт қилиши мумкин. Унга иссиқ мижоз овқат тайёрлаб бериш зарур. Масалан, миллий таомимиз – паловни олайлик. Бу таом ҳам қовурилади, ҳам қайнатилади, ҳам дaмланади. Натижада ундаги сабзи аввалда совуқлик ҳолатида бўлса, қовурилганидан кейин иссиқ мижоз бўлади. Биламизки, паловнинг турлари кўп. Шулар сирасига парҳез палов ҳам киради. Бундай паловнинг гуручи, албатта, 20 дақиқа ивитиб қўйилади. Ошнинг сабзиси эса мўл бўлиши керак. Албатта бундай палов масаллиқлари озроқ қовурилади. У кунгабоқар ёғида ёки имкон қадар доғ бўлган сарёғда тайёрланади. Асло пахта ёғидан фойдаланмаслик лозим. Акс ҳолда беморнинг жиғилдони қайнайди.

Меъда ва ўн икки бармоқли ичак яралари хуружи даврида албатта сутли бўтқалар, димлаб пиширилган мева ва сабзавотлар, димланган бошқа парҳез таомларни истеъмол қилиш зарур.

Меъда ёки 12 бармоқли ичакда яраси бор, қолаверса, меъда ости бези оғриган беморлар ўзлари билан доимо бирорта енгил ҳазм бўладиган егулик олиб юрганлари маъқул. Беморлар қуйидаги тавсияларга амал қилсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди:

– Нонуштага қадар ва уйқудан олдин тухум илитиб ютиш;

– ҳар икки-уч соатда пар­ҳезли егуликлардан истеъмол қилиш;

– музлатгичда асраш имкони бўлса, пишлоқли ёки яхна гўштли бутербродлар тайёрлаб қўйиш (лекин майонез, кетчуп, пиёз, помидор, қалампир, саримсоқпиёз солмаслик керак);

– бунинг имкони бўлмаса, конфет ёки бир-икки дона печенье еб, суюқлик ичиш;

Яна ўқинг:  Болалар шифокорлари учун

– бир пиёла ширин чой ичиш;

– бунинг ҳам имкони бўлмаса, меъда шираси қувватини камайтириш учун икки стакан (имкон бўлса илиқ қайнаган) сув ичиш;

– меъда шираси кислотаси юқори бўлганида, албатта, лаборатория текширувидан сўнг ва шифокор маслаҳати билан тюбаж қилиш керак. Юқорида келтирилган маслаҳатлар сизни ярим соат, бир соат давомида меъда оғриғи муаммосидан халос қилишга ёрдам беради.

Хулоса қилиб айтганда, тўш соҳаси, меъда, курак соҳаларида оғриқ пайдо бўлса, жиғилдон қайнаса, иштаҳа бўлмай, овқатдан кўнгил айнайверса, билингки, меъда ёки ўн икки бармоқ ичак соҳасида жиддий муаммо мавжуд. Сиз тез орада шифокор қабулига боришингиз зарур. Профилактика мақсадида вақти-вақти билан тиббий кўриклардан ўтиш хасталикка чалиниш ва касалликларни сурункали турга айланишининг олдини олади.

Шоҳиста АБДУРАҲИМОВА,

2-Республика тиббиёт коллежи ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: