Ўсмирлардаги ортиқча вазн

Муаммони бартараф этиш учун парҳез қилса бўладими?

Сўнгги пайтларда ўсмирлар ортиқча вазн муаммосидан тобора кўпроқ азият чекишмоқда. Бу эса бола соғлиғига жиддий таҳдид соладиган сурункали касалликдир. Хўш, қандай қилиб ривожланаётган организмга зарар етказмасдан, ортиқча вазнга қарши курашиш мумкин?

Афсуски, кейинги вақтларда ўсмирлар спорт билан шуғулланиш ва ҳаракатли ўйинларни ўйнаш ўрнига телевизор томоша қилиш, мобиль телефон ва компьютерга кўпроқ вақт ажратмоқда. Айтмоқчимизки, айрим ёшларда ортиқча калорияни йўқотиш учун жисмоний фаоллик етишмайди. Қолаверса, уларнинг кўпчилиги чипс, картошка фриси, гамбургер каби ёғ моддаси юқори бўлган маҳсулотларни истеъмол қиладилар. Бу эса ўз-ўзидан саломатликка салбий таъсир ўтказмай қолмайди. Ҳатто, кўплаб ота-оналар фарзандининг тўлишганлигини ўсиб келаётган организмнинг соғломлиги, деб ҳисоблайди. Аслида мактаб ўқувчиларининг овқатланиши меъёрида бўлмоғи лозим.

Болалар ва ўсмирлар жисмоний ривожланиш давомида муайян босқичлардан ўтади. Масалан, маълум босқичда улар одатдагидан кўпроқ овқат ейишлари мумкин. Агар фарзандингизни ортиқча таомланаётганини сезсангиз, унинг хулқ-атворини кузатинг. У маълум бир воқеа-ҳодисадан сўнг ортиқча овқат ея бошладими? Демак, бола егулик ёрдамида стресс (руҳий зўриқиш) ҳолатидан чиқишга ҳаракат қилаётган бўлиши мумкин. Шу боис, шифокор ёки психолог билан маслаҳатлашинг.

Семиришдан азият чекаётган ўсмирлар одатда кам ҳаракатланади ва ўзларига кўп ҳам ишонмайди. Аксарият ҳолларда улар эмоционал низоларга мойил бўлишади. Буларнинг барчаси марказий асаб тизими фаоллигига салбий таъсир кўрсатади. Бундай болаларда мушаклар, айниқса, қорин соҳасидаги мушакларда ривожланиши секинлашади. Бу эса ўз навбатида меъда-ичак тизими фаолиятининг бузилишига олиб келади. Тананинг пастки соҳалари ва бўғимлар (тос суяги билан сон суягини туташтирган бўғим, тиззалар, болдир билан товон суягини бириктирувчи бўғимлар)да ўзгаришлар содир бўлади. Негаки, ортиқча вазн таянч-ҳаракат тизимига қўшимча зўриқиш беради. Бундай ўсмирлар қон-томир тизими жисмоний юкламаларига заиф равишда мослашади. Шу боис, уларда гипертония ва юрак хасталикларига мойиллик кузатилади.

Соғлом овқатланиш, мунтазам жисмоний фаоллик ва истеъмол қилинаётган ва сарфланаётган калория меъёрини ушлаш соғлом вазнга эришиш ва уни сақлаб қолишнинг калитидир. Бу борада ота-оналарнинг ўрни беқиёс. Агар ортиқча вазн бирор бир касаллик билан боғлиқ бўлса, унда шифокор билан маслаҳатлашган маъқул.

Ўсмир озиш учун парҳез қилиши мумкинми? деган савол кўпчиликни ўйлантиради. Йўқ. Ўсмирлар соғлом ўсишлари учун етарли миқдорда калория ва озиқлантирувчи моддаларни истеъмол қилишлари лозим. Агар фарзандингизда ортиқча вазн билан боғлиқ муаммо борлигини сезсангиз, албатта, шифокор билан маслаҳатлашинг.

Яна ўқинг:  Бананли пирог

Ўсмир ёшидагилардаги ортиқча вазнни камайтириш учун ҳар кунлик мунтазам жисмоний фаоллик танадаги калорияларни эритиб, мушакларни мустаҳкамлайди. Машқлар кўркам кўринишга, кайфиятни кўтаришга ҳамда вазнни бир меъёрда сақлашга ёрдам беради. Сайр қилиш, футбол ўйнаш, велосипед учиш, сузиш ва рақсга тушиш каби машғулотлар кунлик жисмоний фаоллик даражасини оширади.

 

Васила ПЎЛАТОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: