Бугун ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингизми?

Илгари Тошкентдан Самарқандгача от-уловда дейлик, бир ҳафта йўл юришган. Ҳозир машинада уч соатда етиб борамиз. Лекин ўтмишдагилар билан солиштирсак, бизнинг ихтиёримизда бир ҳафта “бўш вақт” қолмайди. Аксинча, барибир кўп нарсага вақтимиз етмайди…

Техника тараққиёти туфайли имкониятларимиз кўп мартага ортди, аммо ялқовлигимиз ҳам шунча мартага кучайди. Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра Алишер Навоий замонида бир одамнинг мияси олтмиш йилда қабул қилиши мумкин бўлган ахборот ҳажмини бугунги аср одами тахминан бир ҳафтада қабул қилиши мумкин экан. Аммо бу ҳисоб билан ҳар ҳафтада шунча ҳажмдаги ахборотларни қабул қилаётган болаларнинг аксарияти 12 ёшидаёқ академик бўлиб кетишлари керак эди. Бироқ, нега шунча имкониятларга қарамай бизда яна Навоийлар йўқ?

Кўплаб муаммоларнинг ечими топилди, ҳаёт кечириш учун қулайликлар ортиб бораяпти. Шу билан бирга янги-янги муаммолар, мушкулотлар ҳам пайдо бўлмоқда…

Масалан, қуйидаги ҳолатларга ҳеч эътибор бердингизми?!

Мол-давлатимиз ортди, аммо ҳузур-ҳаловатимиз йўқолди. Қулайликлар ортди, аммо вақтимиз камайди. Дорилар кўпайди, касалликлар озаймади. Кеч ётиб, саҳарда чарчоқ билан уйғонамиз. Кам китоб ўқиймиз, кўп телевизор кўрамиз. Кўп гапирамиз-у, кам эътибор берамиз. Пул топишни ўргандик, сарфни эплолмадик. Ойга учиб қайтишни биламиз, лекин қўшнимиз ҳолидан хабар олиш учун икки қадам босмаймиз. Фазода нима бўлаётганини биламиз, лек ички кечинмаларимиздан бехабармиз. Режалар тузамиз, натижалар кўринмайди. Шошилишни ўргандик, сабрни эса ёддан чиқардик. Танишларимиз кўп, дўстларимиз кам. Ютуқларимиз кўп, қувончларимиз кам.

Бугун бундай саволлар, миллати ва динидан қатъи назар, жуда кўпчилик инсонларни ўйлантирмоқда. Мана, америкалик ҳажвий ёзувчи Жорж Гарлиннинг ҳажвий бўлмаган фикрлари:

Давримиз ғалати зиддиятларга бой: биноларимиз баланд, қадримиз паст, йўлларимиз кенг, сабримиз тор. Кўп сарфлаймиз, оз нарсага эга бўламиз. Кўп нарса сотиб оламиз, аммо қувончимиз оз. Уйлар катта, оилалар кичик, қулайликлар – кўп, вақт – кам. Маълумотимиз яхши, ақлимиз қосир. Мутахассисларимиз кўп, муаммолар ундан ҳам кўп…

Одам умрига йил қўшишни ўргандик, лекин йилларга ҳаёт бағишлашни билмаймиз. Атомни бўйсундирдик, лекин ўз худбинлигимизни бўйсундира олмадик.

Давримиз:

Кўп ейиш ва ёмон ҳазм қилиш, катта одамлар ва тор феъллар, оилавий даромад ва ажралишларнинг ўсиши, чиройли уйлар ва вайрона қалблар даври. Бир марталик таглик (памперс)лар, бир марталик ахлоқ, бир кечалик висол…

Яна ўқинг:  Қош қўяман деб, кўз чиқараётганлар

Ортиқча вазнлар, одамни эҳтиросга солувчи, тинчлантирувчи, ўлдирувчи… таблеткалар даври.

Яқинларингизни севинг! Чунки ҳеч ким Сиз билан абадий бирга бўлмайди. Бир-биримизга ғаниматмиз, ахир! Гўдакларни севинг! Сиздан ўтган илиқлик у билан бирга улғайсин! Севимли инсонларингизни иссиқ бағрингизга маҳкам босинг. Бу, Сиз беришингиз мумкин бўлган энг қимматли туҳфа ва у мутлақо текиндир.

Севиш ва самимий мулоқот учун вақт топинг. Чунки, умр фақатгина нафас олиш ва нафас чиқариш билан ўлчанмайди. Инсон умри завқ-шавқли дамлар билангина қадр-қиммат ва мазмун касб этади.

Бебаҳо ҳаётдан рози бўлиб яшанг!

 

Бахтиёр ҲАЙДАРОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: