Фарзанд – оила гултожи

 “Оила – муқаддас қўрғон. Бу буюк қўрғонга қувонч улашиб, илк саҳарда гўдак дунёга келди. У ҳаёт гултожи. Барча оила аъзоларининг бахти. Она бағрида кўз очиб, дунё юзини кўрган шу миттигина вужуд улғайиб, келажакда не-не эзгу ишларни амалга оширмайди, дейсиз.

Бугун юртимизда тиббиёт соҳасида улкан ислоҳотлар амалга оширилиб, юртимизнинг энг чекка ҳудудларидаги тиббиёт муассасалари ҳам сўнгги русумдаги замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланмоқда. Ана шундай масканлардан бири пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 3-туғруқ мажмуасидир.

31 ўринга мўлжалланган ушбу муассаса бу йил жорий таъмирдан чиқарилди. Мажмуа бош шифокори, олий тоифали акушер-гинеколог Наргиза Алимова қўли енгил шифокор, ўз соҳасининг моҳир билимдони.

1992 йилда тиббиёт соҳасида олий маълумотга эга бўлган Наргиза опа Тошкент тиббиёт институти (ҳозирги Тошкент тиббиёт академияси)нинг Акушерлик ва гинекология кафедрасида интернатурани муваффақиятли ўтайди. Устозларидан соҳанинг нозик сир-асрорларини пухта ўрганган шифокор Сергели туманидаги 1-туғруқ мажмуасида дастлабки иш фаолиятини бошлайди. Тиниб-тинчимаслиги, изланувчанлиги, ширин сўзлиги боис, тез орада эл назарига тушади. Бунда оилавий муҳитнинг ҳам катта таъсири бор, албатта. Чунки Ваҳоб ака ва Зарифа опанинг яна икки фарзанди – Тошкентдаги 1-Сил касалликлари шифохонаси бош шифокори Содиқжон ака ҳамда Республика Пульманология ва фтизиатрия илмий – амалий тиббиёт маркази умумий бўлим бошлиғи Солиҳжонларнинг оила даврасида тиббиёт соҳасига оид қизғин суҳбати Наргиза опанинг билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлар эди.

– Шифокор бўлиш учун инсон ўз касбини чин дилдан севиши, ширин сўз бўлиш талаб этилади. Туғруқ жараёнида бехатар оналик тамойилларига амал қилган ҳолда тўғри ташхис қўйиш биринчи галдаги вазифамиз. Бу борада тумандаги бир қатор оилавий поликлиникалар билан ҳамкорликда иш олиб бораяпмиз. Туғруқ комплексимизда “Ёш оналар мактаби” ташкил этилган бўлиб, бу ерда ўтказилаётган суҳбатлардан тингловчилар мамнун бўлмоқда, – дейди Н. Алимова.

– Синглимдаги хасталикни ўз вақтида аниқлаган шифокорлар унга тўғри ташхис қўйиб, даволашди. Натижада Камолиддин жияним соғ-саломат туғилди. Мазкур мажмуанинг қўли енгил шифокорларидан барча оила аъзоларимиз миннатдор, – дейди Гулсара Иброҳимова.

Ҳа, Наргиза опа айтганидек, она бўлиш осон эмас. Бир қўлида гўдагини, бир қўлида дунёни тебратаётган она сиймоси қанчалар муқаддас. Ана шу муқаддасликни эъзозлаб, она ва бола саломатлиги йўлида сидқидилдан меҳнат қилаётган туғруқ мажмуаси жамоасининг эзгу ишларига улкан зафарлар тилаймиз.

Яна ўқинг:  Хушовоз Сарвиноз

 

Жамила ҲАЙДАРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: