Ўзбек халқ болалар ўйинлари
Халқ даҳоси яратган болалар ўйинлари асрлар давомида навқирон наслни чиниқтириш ва тарбиялаш вазифасини ўтаб келмоқда. Уларда халқнинг анъанавий турмуш тарзида синалган, ўзбекона миллий руҳ билан йўғрилган жисмоний-тарбиявий ва маънавий ахлоқий қарашлар ўз аксини топиб, болаларнинг ижодкорлик салоҳиятлари намоён бўлади.
Зеро, бола “…ўйнаб завқ олади, ўйнаб курашга тушади, ўйнаб мағлубият аламини тортади, ўйнаб ғолиблик нашидасини суради, ўйнаб ўрганади, ўйнаб кашф этиш ва ижод қилиш илмини ўзлаштиради, ўйнаб куйлайди, ўйнаб ҳамдардлик ва ҳамкорлик туйғусини туяди, ўйнаб бирлашади ва бирлашмоқ манфаатдорлигини ҳис қилади, ҳатто ўйнаб жудо бўлади, ёлғизланади ва яккалик изтиробини тортади…”. Ўйнаб ҳаракат қилади, фикрлайди. Ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлади. Ҳа, халқ ўйинлари – болалар учун ҳаёт мактаби. Улар сабаб ҳаётга тайёр бўлади, иродали, ўз йўлини топадиган шахс бўлиб етишади. Лекин…
Бугунги кунда кўпчилик фарзандларимиз телефонда ёки турли интернет кафеларда шавқатсизлик жо бўлган ўйинларни ўйнаш билан машғул бўлиб, дийдаси қотиб кетмаяптими? Тинимсиз экранга тикилиб ўтириб кўзи толиши, асаби чарчаши ортидан инжиқлашиб, атрофи ва атрофидагиларга бефарқ бўлиб қолмаяптими? Ҳаракатсизлик эса ҳам жисмонан, ҳам маънан зарар етказиб қўймаяптими? Саволлар кўп. Жавоб эса…
Ана шу ерда эса асрлар оша етиб келган халқ ўйинлари бизга ёрдамга келади. Фарзандларимиз онгига бунинг аҳамиятини сингдирсак, шундай ўйинлар билан улғайтирсак Ватанга муҳаббат, меҳр-оқибат, ота-онага ҳурмат, дўстга садоқат, ростгўйлик, фидойилик, омонатни кўз қорчиғидек сақлаш каби бир қатор тушунчалар қалбидан мустаҳкам ўрин олиши шубҳасиз. Шу мақсадда газетада алоҳида рукн ташкил этиб болалар ўйинлари, уларни ўйнаш қоидалари ҳақида бериб боришни жоиз топдик. Ўйлаймизки, бу азиз муштарийларимизга манзур бўлади, албатта.
ҚУВЛАШМАЧОҚ
Ўйинда асосан тўрт-бешта бола қатнашади. Олдин чек ташланади, нечта бола бўлса, шунча рақамлар алоҳида қоғозларга ёзилган бўлади. Энг кейинги рақам кимга тушса, ўша қувлайди, қолганлари эса қочади. Қочаётганда ҳар бир бола тутқич бермасликка интилиб, қувонғичга қараб шовқин солган ҳолда шундай дейди:
Балиқчи, балиқчи,
Бизни тутиб кўринг-чи!
Ёки:
Лака-лак, лак-лака-лак,
Шамолда учди капалак.
Қочишинг, ҳо қочишинг!
Сан тут бўлмасдан ҳалак.
Шу тахлитда қувонғич мазах қилинади.
Қувлаган кимни тутса – навбатдаги ўйинда ўша бола бошқаларни қувлайди. Ўйин шу тахлитда давом этади. Ўйинда ўйновчилардан чаққонлик талаб қилинади.
КЎЗ БОЙЛАГИЧ
Бу ўйинда ўтирган боланинг орқасидан сездирмай келиб, унинг иккала кўзи шап етиб қўл кафтлари билан ёпиб олинади. Сўнгра улар ўратасида шундай савол-жавоб бўлади.
– Бувижон, нимангиз йитди?
– Ўймоғим билан игнам йитди.
– Буми?
– Йўқ!
– Буми?
– Йўқ!
– Ман олувдим.
Шу сўзни айта туриб қўлини кўздан олади.
КИМ БИРИНЧИ ТОПАДИ?
Бу ўйинда қанча бола бўлса ҳам ўйнайверади. Бир бола бирон нарсанинг биринчи ҳарфи билан охирги ҳарфини айтади. Масалан, “дарахт”ни “д-т” деб кетади. Қолган болалар нима эканлигини топиши керак. Биринчи бўлиб сўзни топган бола ғолиб чиқади ва у ўйинни давом эттириш навбатини олади.
“ЭШАК” МИНГАШ
Ўйинда икки ёки ундан ортиқ ўғил бола қатнашади. Санама айтилиб, охирида қолган бола “эшак” бўлади. Ўйин туташ томларда ўйналади. “Эшак” баландроқ томнинг бўғотини ушлаб туради. Бошқа ўйинчилар бирин-кетин келиб унга устма-уст мингашаверадилар. Шунда ким мина олмай йиқилса ўша “эшак” бўлиб навбатда туради.
Ўйин шу зайлда болалар чарчагунча давом этади. “Эшак” мингаш, асосан, баҳорда ўйналади.
ДАВОМ ЭТТИР…
Бу ўйин, асосан, мактаб ўқувчилари томонидан ўйналади. Ўйинда ўн-ўн бешта бола қатнашади. Улар ўртага чиқиб давра бўлиб турадилар. Даврадаги болалардан бири ўйинни бошлайди. У бирор қоида ёки мақолнинг ярмини айтиб, ёнидаги болага: “Давом эттир”, – дейди. Борди-ю, у бола ўша қоида ёки мақолнинг давомини айтолмаса – ўйиндан чиқади, давом эттира олса, у ҳам бирор бир қоида ёки мақолни айтиб, ўйинни давом эттириши мумкин. Энг охирида ҳамма шартларни бажарган бола ғолиб бўлади.
ЎТИР – ТУР!
Бу ўйин буйруқни тескари бажариш асосида қурилган. Санама орқали ўйинбоши аниқлангач, у барчага:
– Ўтир! – деб буюради. Шунда ҳамма сакраб ўрнидан туриши керак. “Тур” деган буйруқ берилганда эса ҳамма ўтириб олиши лозим. Кимда-ким шу буйруқлар талабини айнан ижро этса, ўйиндан чиқарилади. Ўйин то охирги бола қолгунча давом этади ва ғолиб ҳам шу охирида қолган бола ҳисобланади. Ўйинда етти-саккизта бола қатнашади. У болаларни сезгирлик ва хушёрликка ўргатади.
Охунжон САФАРОВ