А гепатит – эмлаш дарддан асрайди
А вирусли гепатит касаллиги ҳозирда жаҳонда кенг тарқалган хасталик саналади. Дунёда ҳар йили 1,5 миллион инсон бу дардга чалинади. Жами вирусли гепатитлар орасида унинг салмоғи кўп тош босади ҳамда дунёнинг турли мамлакатларида бу хасталик кўрсаткичи вақти-вақти билан ўзгариб туради.
Европа ва АҚШ давлатларида А вирусли гепатит 10-30 фоизни ташкил этади. Ривожланиб келаётган Осиё, Африка, Лотин Америкаси каби мамлакатларда эса бу кўрсаткич 70-80 фоизни ташкил этади.
Сўнгги йилларда республикамизда жами вирусли гепатитларнинг орасида ушбу хасталик 95 фоизни ташкил этмоқда. Унга ҳар 3-4 йилда даврий кўтарилиш хос бўлиб, бу кўрсаткич асосан ушбу касалликка қарши иммунитетга эга бўлмаган беморларга юқади. Ичак касаллиги ҳисобланадиган А вирусли гепатити асосан бемордан соғлом болага маиший-мулоқот йўли орқали,шу жумладан, ифлосланган қўллар орқали юқади. Мактабгача таълим ёшидаги ҳамда мактабга борадиган ёшдаги болалар бу хасталикка бошқаларга нисбатан кўпроқ чалинади. Бугунги кунда унинг бу турини болалар ўртасида тарқалишининг олдини олишнинг энг самарали ва ягона чора-тадбирларидан бири — профилактик эмлаш ҳисобланади. Эмлаш ишлари сўнгги йилларда дунёнинг кўпгина мамлакатларида, жумладан, Исроил, Греция, Италия, Қозоғистон ва шу каби мамлакатларда ўтказилмоқда.
Ҳозирда ушбу дарддан ҳимояланиш учун юқори самарага эга вакциналар ишлаб чиқилган. Бу вакциналар юқори иммуноген таъсирга эга бўлиб, касалликни 94-100 фоиз ривожланишининг олдини олади.
Мутахассисларнинг кузатишларига кўра вирусли гепатитнинг А турига қарши эмлаш амалиёти шундан далолат берадики, нафақат эмланганлар касалликдан ҳимояланади, балки вакцинация сабабли ушбу ҳудудларда вируснинг айланиши ҳам камаяди.
2014 йилдан бошлаб мамлакатимизда вирусли гепатитнинг А турига қарши эмлаш ишлари олиб борилмоқда ва аҳолининг ўз маблағлари ҳисобидан вакцинация ўтказилади. Республикамизда 3,5 йил ичида ўртача ярим миллион одам ушбу хасталикка қарши эмланган. Ўтказилаётган ушбу эмлаш ишлари касалланиш кўрсаткичларига ижобий таъсир этади. Ушбу дарднинг навбатдаги даврий кўтарилиши 2016 йилда қайд этилди. Хасталикнинг 2013 йилдаги кўрсатгичига қиёслаганда касаллик нисбатан 20 фоизга пасайган эди.
Эмлаш ишлари фақат лицензияга эга бўлган марказларда ўтказилиши ва эмлашдан аввал, ҳар бир бола шифокор кўригидан ўтказилиши зарур. Барча вакциналар сертификатга эга, ташиш ва сақлаш шароитларига қаътий риоя этиш зарур. Бу ўз навбатида мамлакатимизда иссиқ иқлим шароитида ўта муҳим ахамиятга эгадир.
Людмила КУДАШЕВА,
ДСЭНМ эпидемиология бўлими мудири