“Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасига ўзгартиш киритилади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 3 — моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси жойлаштирилди.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 25 апрелда қабул қилинган “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги
415-I-сонли Қонунининг 3-модда матни қуйидаги таҳрирда баён этилиши мумкин:
“Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
дори воситалари — касалликлар профилактикаси, уларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш, шунингдек одам организмининг ҳолати ва функцияларини ўзгартириш учун тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори моддалари (субстанциялар) ва ёрдамчи моддалар асосида олинган воситалар, дори моддалари (субстанциялар), дори препаратлари, доривор ўсимлик препаратлари ҳамда доривор ўсимлик хом ашёси;
дори моддалари (субстанциялар) — фармакологик, иммунологик ёки метаболик фаолликка эга бўлган ёхуд ташхис қўйиш мақсади учун фойдаланиладиган, дори воситасини ишлаб чиқариш ёки тайёрлашда қўлланиладиган, дори воситасининг фаол ингредиенти ҳисобланган, тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган, келиб чиқиши табиий ёки синтетик бўлган моддалар;
дори препаратлари — дозаланган, идишга жойланган-ўралган, қўлланилиш учун тайёр дори воситалари;
доривор ўсимлик препаратлари – бир ёки бир неча доривор ўсимлик хом ашёсидан ишлаб чиқарилган ёки тайёрланган, истеъмол идишига жойланган-ўралган дори воситалари;
доривор ўсимлик хом ашёси — дори воситаларини ишлаб чиқариш ва тайёрлаш учун фойдаланиладиган, таркибида биологик фаол моддалар бўлган ўсимликлар ёки уларнинг қисмлари;
рецепт — шифокорнинг фармацевтик маълумотга эга бўлган мутахассисга дори препаратини тайёрлаш ва (ёки) бериш ҳамда унинг қўлланилиш усули тўғрисидаги ёзма кўрсатмаси;
сифатсиз дори воситаси ва тиббий буюм — яроқсиз ҳолга келган ва (ёки) яроқлилик муддати ўтган дори воситаси ва тиббий буюм;
тиббий буюмлар — касалликлар профилактикаси, уларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш учун, шунингдек одам организмининг ҳолати ва функцияларини ўзгартириш учун тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган, қўлланилиши натижасида одам организмига фармакологик, иммунологик ёки метаболик таъсир кўрсатмайдиган буюмлар;
тиббий техника — касалликлар профилактикаси, уларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш учун, шунингдек одам организмининг ҳолати ва функцияларини аниқлаш ҳамда ўзгартириш учун тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган, қўлланилиши натижасида одам организмига фармакологик, иммунологик ёки метаболик таъсир кўрсатмайдиган аппаратлар, ускуналар, приборлар, асбоблар, қурилмалар ва мажмуалар;
фармакологик воситалар — муайян дори шаклига, клиник олди тадқиқотларда аниқланган фармакологик фаолликка ва хавфсизликка эга бўлган, клиник тадқиқот объектлари бўлган модда ёки моддалар аралашмаси;
фармацевтика фаолияти — дори воситалари ва тиббий буюмлар яратиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини, шунингдек уларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, уларнинг сифатини назорат қилиш ҳамда уларни реализация қилишни қамраб оладиган фаолият;
Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхалари — интеллектуал мулк тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган ҳолда муомалага киритилган дори воситалари;
қалбакилаштирилган дори воситаси ва тиббий буюм — таркиби ёки хусусияти тўғрисида ёхуд ишлаб чиқарувчиси ҳақида ёлғон ахборот илова қилинган дори воситаси ва тиббий буюм.”
2-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштиради;
давлат бошқарув органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминлайди;
ушбу Қонуннинг ижро этилишини, ижрочиларга етказилишини ҳамда унинг моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлайди.