Геморрагик васкулитнинг давоси парҳезми?
Геморрагик васкулит, Шенлейн-Генох пурпураси, капилляротоксикоз – бу касалликнинг турлича номланиши бўлиб, хасталикнинг асосида майда қон томирлар деворининг яллиғланиши ва унинг аллергик шикастланиши сабабли тромб (қон лахтаси-тиқилма)лар ҳосил бўлиши ётади. Натижада қилтомирларда қон айланиши бузилиб, қон қуюқлашиб қолади. Геморрагик васкулит касаллигида қон элементларида ўзгариш бўлмайди.
Бу касаллик турли хил сабаблар натижасида келиб чиқиши мумкин. Улар қуйидагилардир, яъни одамнинг иммунитети тушиб кетиши сабабли тез-тез грипп ва ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция)ларга чалиниши ёки юқумли касалликлар билан оғриб туриши, шунингдек, совуққотиш, дори ва озиқ-овқат маҳсулотларидан пайдо бўлган аллергия, гижжа ва бошқа паразит микроорганизмларнинг пайдо бўлиши ҳисобланади, яна эмлашдан кейинги вакциналар, бактериялар яъни, стафилококк, стрептокк ва вируслар ҳам.
Унинг қандай турлари бор?
Геморрагик васкулитнинг тўрт тури мавжуд, яъни бирданига бошланадиган тури, ўткир тури (бир ҳафта, ойлаб чўзилиши ҳам мумкин), узоқ давом этадиган тури (йиллаб давом этиши мумкин), яна вақти-вақти билан кузатиладиган тури.
Хасталикда қуйидаги белгилар намоён бўлади:
Беморнинг баданида майда нуқтасимон тошмалар тошади. Тери остида қон қуйилиши мумкин. Тошмалар ўрни қичишади ва қизаради. Шунингдек, улар шишиши ҳам мумкин. Тананинг бошқа қисмларига тошмалар ҳам тарқалади. Касаллик сурункали кечадиган бўлса, тошмаларнинг қоқ ўртасида пўстлоқли қават ҳосил бўлади. Кейинчалик бу тошмалар ўрнида турли-туман доғлар пайдо бўлади ва узоқ вақт терида сақланиб қолади, қўл ва оёқ бўғимлари зирқираб оғрийди. Аксарият ҳолатларда қорин соҳасида оғриқ пайдо бўлади. Оғриқ хуружсимон кўринишда бўлиб, баъзан доимий, баъзан тўхтаб яна бошланади. Дардманд одамда беҳузурлик, қайт қилиш ҳолатлари кузатилади. Мазкур ҳолатда бемор тиббий ёрдамга муҳтож бўлади.
Ушбу касаллик таъсирида буйраклар зарарланса, пешоб ҳам қон ва оқсил аралаш бўлади. Мазкур ҳолат васкулитнинг илк белгиси бўлиши мумкин. Аммо, кўп ҳолларда буйракдаги ўзгаришлар терида майда қизил тошмалар тошгандан кейин намоён бўлади. Беморларда иситма кўтарилаши ва тана ҳарорати 38-39 С гача ошиши ёки тана ҳарорати меъёрда бўлиши ҳам мумкин.
Бемор қандай даволанади?
Агар хаста одамда мазкур белгилар кузатилса, у зудлик билан тиббий кўрикдан ўтиши керак бўлади. Дарднинг зўрайишининг олдини олиш мақсадида бемор тинч ҳолатда ётиши керак. Қолган муолажалар текширувлардан сўнг шифокор томонидан тайинланади.
Касалликни даволашда асосан қон томирлар деворининг яллиғланишини камайтириш, тромблар ҳосил бўлишининг олдини олиш керак. Шу мақсадда асосан гепарин, фраксипарин каби дори воситалари ишлатилади. Бундан ташқари қон айланишини яхшилаш мақсадида трентал, агапурин, гемодез, реополиглюкин қўлланилади. Қон томирлар деворининг яллиғланиши натижасида ҳосил бўладиган иммунокомплексларни олиб ташлаш мақсадида плазмаферез, яъни бемор қонининг зардобини маълум миқдорда олиб ташлаш ҳам яхши натижа беради.
Бу хасталикда парҳезнинг қандай аҳамияти бор?
Бемор учун парҳез муҳим. Аммо ушбу тавсия мутлоқ даволаш чораси эмас. Чунки парҳез билан бир қаторда тиббий муолажалар ҳам ўтказилиши керак.
Беморга аччиқ чой, қаҳва, какоа каби ичимликлар, цитрус мевалар (лимон, мандарин, грейпфрут, апельсин) ҳамда қизил тусли баъзи мевалар (қулупнай, олча, гилос) шунингдек, мева-сабзавотли шарбатлар, компотлар, ёғли таомларни истеъмол қилиш вақтинча тавсия қилинмайди.
Ушбу парҳезга 6 ой давомида амал қилиш зарур. Эмлашлардан ҳам 6 ой давомида бемор бола тиббий кўрсатмага кўра озод қилинади.
Касалликнинг бутунлай йўқолмаслигига, қайта қўзғалишига беморларнинг ўзлари кўпинча сабабчи бўлишади. Бунда парҳезни қасддан бузиб қўйиш ёки унга ва кун тартибига амал қилмаслик ҳолатлари сабаб бўлади. Бу дард билан оғриган одам парҳез сақлаши, жуда совуқ ва иссиқ ҳавода кўп юрмаслиги керак. Агарда беморлар шифокор тавсиясига риоя қилсалар хасталикдан бутунлай халос бўладилар.
Азиза МАҲМУДОВА,
Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти директор ўринбосари,
тиббиёт фанлари доктори