Давлат хизматлари агентлиги: эришилган ютуқлар ва истиқболдаги режалар

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган янги тузилма – Давлат хизматлари агентлиги ва унинг республикамиз бўйлаб жойлашган 201 та Давлат хизматлари марказлари коррупциянинг олдини олишга, халқни давлат идораларидан рози бўлишига хизмат қилмоқда.

Давлат хизматлари марказлари томонидан аҳолига қай турдаги хизматлар кўрсатилади?

Кундалик ҳаётда барча инсонлар рўбарў келадиган фарзандларнинг дунёга келиши, болаларни МТМга жойлаштириш, такрорий гувоҳномалар бериш, манзил-маълумот ахборотларни тақдим этиш, хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширишга рухсатнома олиш, меҳнат органларида фуқароларни ишсиз сифатида рўйхатга олиш, турар жой ва нотурар жой тоифасидаги кўчмас мулк объектлари бўйича кадастр хизматини кўрсатиш, электр энергияси, табиий газ, сувни ҳисобга олиш (ҳисоблагич) ускунасини ўрнатиш, ечиш, қиёслашга ариза бериш, пенсия ва нафақалар миқдори тўғрисида маълумотнома бериш каби бир неча турдаги хизматлар эндиликда Давлат хизматлари маркази томонидан амалга оширилади. Бу эса нафақат сарф-харажатларни, балки инсон учун қимматли бўлган вақтнинг тежалишига имкон яратади.

Ҳалилилло ТЎРАХЎЖАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директори:

Ўтган 2017 йил давомида агентликнинг ҳудудлардаги марказлари орқали аҳолига жами 120 минг хизмат кўрсатилган бўлса, 2018 йилнинг апрель-июнь ойларини ўзида 1 миллион 35 минг хизмат тақдим этилди. Яна бир жиҳат шуки, ўтган йилда марказларимиз орқали 32 та хизмат турлари ташкил этган бўлсак, ҳозирда улар 100 тага етказилди. Яъни, ушбу хизмат турлари яна уч бараварга ошди. Президентимиз ташаббуси билан республикамизнинг ҳар бир ҳудудида жойлашган Халқ қабулхоналари ҳузурида фаолият юритаётган 1 тадан жами 14 та Давлат хизматлари марказларида эксприментал тарзда халқимиз талаби юқори бўлган қўшимча хизматлар жорий этилди. Бу эса халқнинг оғирини янада енгил қилиш, сансоларликка йўл қўймаслик, мавжуд муаммони бир неча идорага бормасдан, бир жойнинг ўзида ҳал этиш имконини бермоқда. Халқимиз эса бундан мамнун. Эксприментал тарзда жорий этишдан асосий мақсад – талаб юқори бўлган хизматларни аниқлаш, керак бўлса, улардан фойдаланиш тартибини соддалаштириш, келгусида бу хизматларни республикамизнинг барча туман (шаҳар) марказларида жорий этишдан иборат.

2019 йилдан республикамиздаги барча ОТМларга Давлат хизматлари марказлари орқали ҳужжатлар қабул қилинади

Бу йил абитуриентларнинг ҳужжатларини Давлат хизматлари марказида қабул қилиш эксприментал тарзда Тошкент давлат юридик университетидан бошланди. Берилган маълумотларга кўра топширилган 7 мингдан ортиқ абитуриентларнинг ҳужжатлари билан боғлиқ бирорта ҳам муаммо юзага келмаган. Бу хизматлардан фойдаланиш натижасида эса инсонларнинг маблағи, вақти тежалишига сабаб бўлди.

Нуъмон МУҲАММАДИЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директор ўринбосари:

Ўтган йилда агентликнинг ҳудудий марказларига 1 кунлик аҳоли оқими ўртача 20-40 нафар кишини ташкил этган бўлса, тақдим этилаётган хизмат турларининг ортиши сабабли жорий йилда бу кўрсаткич 350-600 нафарга етди. Давлат хизматлари марказларининг моддий-техник базасини яхшилаш, чекка ва тоғли ҳудудлардаги аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раҳбарияти ва вилоят ҳокимликлари ташаббуси билан ҳар бир туман, шаҳар Давлат хизматлари марказларига биттадан – жами 190 дона “Дамас” автомобили ажратилди. Шу билан бирга, Туркиянинг “ТИKА” ташкилоти билан музокаралар олиб борилиб, жами 20 махсус жиҳозланган “ИСУЗУ” русумли автобуслар грант маблағлари асосида харид қилинди. Ушбу транспорт воситалари ёрдамида олис ҳудудлардаги аҳоли учун “Мобиль давлат хизматлари”, яъни сайёр давлат хизматларини кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилди.

Лекин афсуски, яратилаётган қулайликларни аҳолига тақдим этилишига тўсиқ яратаётган идоралар ҳам йўқ эмас. Аҳолига хизмат кўрсатиш жараёнини таҳлил қилишда Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2018 йилнинг 6 ойи давомида 9 мингдан ортиқ қонун бузилишлари аниқланган.

Яна ўқинг:  Юксак ишонч марраларга элтади

Қонун бузулишларининг 5 мингдан ортиғи ҳокимлик органларига, 776 таси муҳандислик коммуникация тармоқларига улаш, 538 таси қурилиш ва 47 таси кадастр идоралари ҳиссасига тўғри келади. Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 4 мингга яқин таъсир чоралари қўлланилиб, 183 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган, 30 нафари вазифасидан озод этилган бўлса, 155 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.

 

Хуршида ТОЛИПОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: