Ватанимизнинг бош майдони

Президентимиз Ислом Каримовнинг фармонига биноан бундан 22 йил муқаддам – 1991 йил 5 сентябрда мамлакатимиз пойтахтининг бош майдонига Мустақиллик майдони номи берилган

Она юртимиз – мустақил Ўзбекистон ота-боболаримизнинг муборак хоклари ётган табаррук замин, ҳамиша севиб-ардоқлаб, тупроғини кўзимизга тўтиё қилиб яшайдиган муқаддас саждагоҳимиздир. Унинг ҳар қаричи биз учун азиз ва мукаррам. Айниқса, азим пойтахтимиздаги Мустақиллик майдони эл-юртимиз ҳаётида чуқур мазмун-моҳият, улкан аҳамият касб этади. Чунки, мазкур улуғвор маскан аждодларимиз асрлар давомида орзиқиб кутган, бизга бугунги бахтиёр авлодларга насиб этган энг улуғ, энг азиз неъмат бўлмиш мустақиллигимиз рамзидир. Ушбу файзли гўша озод ва обод Ватанимиз, ўз тақдирини қўлига олиб, келажаги буюк давлат барпо этиш йўлида юксак марраларни забт этаётган азму шижоатли халқимиз қалбидаги эзгу ва беғубор орзулар ифодасидир. Бу муаззам майдон юрт­дошларимиз, биринчи навбатда, навқирон авлодимизга мамлакатимиз мустақиллиги қандай буюк ва бебаҳо неъмат, уни кўз қорачиғидек асраш, бугунги тинч ва фаровон ҳаётни ҳимоя қилиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз эканини англатиб турадиган муқаддас даргоҳдир.

Истиқлол йилларида Президентимиз Ислом Каримовнинг ғояси, ташаббуси ва раҳнамолигида Мустақиллик майдонида улкан қурилиш ва ободончилик ишлари амалга оширилиб, у яхлит меъморий ансамбль, ноёб мажмуа кўринишини олди.

Бир пайтлар бетон билан қопланган майдон бугунги кунда ҳамиша яшнаб, барқ уриб турадиган кўкаламзорлари, етти иқлимдан келтирилган анвойи гулу буталари, манзарали дарахтлари билан кўзни қувонтиради. Кундузлари қуёш нурида, тунлари эса нурафшон чироқлар шуъласида жилоланиб, мавж уриб турадиган фавворалар майдон ҳавосини мўътадил сақлайди. Бу ерга келган ҳар бир инсон ажиб бир файзу тароватни, гўзаллик ва улуғворликни юракдан ҳис этади.

Мустақиллик майдонига муаззам Эзгулик аркаси орқали кириб борилади. Арка тепасидаги парвозга шайланаётган турналар хал­қимизнинг ўз буюк орзу-мақсадларини рўёбга чиқариш йўлидаги юксак интилишлари, қатъияти ва иродаси, оқ лайлаклар эса тинч ва осуда ҳаётимиз, фаровонлик ва қут-барака тимсолларидир. Арканинг баланд ва мустаҳкам устунлари мамлакатимиз ривожи учун пойдевор бўлаётган бақувват таянч асослар ифодасидир. Бу остонадан ўтадиган ҳар бир инсон муқаддас даргоҳга қадам қўяётганини ҳис қилади.

Президентимиз Ислом Каримов 2005 йил 28 декабрда Мустақиллик майдонида янги барпо этилган монумент пойига илк бор гулчамбар қўйди. Майдонда мустақиллигимизнинг дастлабки йилида қад ростлаган Мустақиллик монументи олдида фарзандини бағрига босиб, унга ишонч билан термулиб турган Бахтиёр она ҳайкали бунёд этилди. Бундан мақсад – халқимизнинг орзу-интилишларини теран ифода этиш, ёшларимизнинг маънавий оламини эзгу ғоялар асосида шакллантириш ва камол топтиришдан иборатдир.

Яна ўқинг:  Табиатнинг ўзи табиб

Юртбошимиз таклифига биноан мазкур мажмуага Мустақиллик ва эзгулик монументи, деб ном берилди. Монумент ўз меъморий ечими, ғоявий-бадиий мазмуни билан Ўзбекистон танлаган йўл – Мустақиллик йўлининг таъсирчан ифодасига, асрий қадриятларимизнинг яққол намоёнига айланди.

Дарҳақиқат, мустақиллик ва эзгулик ўзаро уйғун тушунчалардир. Ер курраси тасвирида алоҳида ажралиб турган мамлакатимиз харитаси бу дунёда Ўзбекистон деган мустақил давлат яккаю ягона экани, юртимиз халқаро ҳамжамиятда ўз муносиб ўрнига, юксак обрў-эътиборга эга эканини билдиради.

Бахтиёр она – она Ватан рамзи. Бу буюк тушунчанинг айнан она сиймоси орқали ифода этилиши, мамлакатимиз бош майдонида Бахтиёр она ҳайкалининг барпо этилиши юртимизда онага, аёл зотига ҳурмат-эҳтиром нақадар юксак даражага кўтарилганидан яққол далолатдир.

Бугунги кунда умумхалқ байрамлари ва тантанали маросимлар арафасида, мамлакатимиз спортчилари нуфузли халқаро мусобақалар олдидан ёки юртимизда йирик халқаро кўрик-танлов ва мусобақаларни ўтказиш арафасида ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйиши қутлуғ анъанага айланди. Ўзбекис­тонга ташриф буюрадиган хорижий мамлакатларнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари, нуфузли делегациялар ва бошқа юксак мартабали меҳмонлар ушбу обида пойига гул қўйиб, мустақил Ватанимизга ҳурмат бажо келтиради.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Вазирлар Маҳкамаси бинолари, Хотира хиёбони, «Туркистон» саройи, маҳобатли маъмурий бино, Маърифат маркази мажмуаси, «Пойтахт» бизнес маркази, Тасвирий санъат галереяси, Ёшлар ижод саройи каби замонавий комплекслар Мустақиллик майдонининг умумий манзарасини тўлдириб, унинг ҳуснига ҳусн қўшиб турибди.

Мустақиллик майдонидан зиёратчилар қадами узилмайди. Улар орасида мактаб ўқувчилари, талабалар, нуроний отахону онахонлар, хорижлик сайёҳлар, турли касбу кор ва соҳадаги одамларни учратиш мумкин.

– Мустақиллик майдонининг таровати, бу ердаги иншоотларнинг улуғворлиги кўнглимга фахр ва чексиз ҳаяжон бахш этди, – дейди наманганлик фахрий ўқитувчи, II даражали «Соғлом авлод учун» ордени соҳибаси Муқад­дам Манбатова. – Бундай обод ва кўркам масканлар ёшларимизни истиқлолимизнинг аҳа­миятини янада теран англашга, уларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликка жавобан Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга қодир, комил фарзандлар бўлиб етишишга ундайди.

Орадан йиллар ўтади, неча-неча авлодлар алмашади, лекин миллий ғуруримиз тимсоли бўлган Мустақиллик майдони ўзининг бетакрор қиёфаси, ҳаётбахш фалсафаси билан халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти, ёруғ келажак сари катта умид ва ишонч билан интилиши ҳамда унинг қандай буюк ишларга қодир эканининг амалий ифодаси сифатида барчамизни бағрига чорлаб, шу буюк Ватанга садоқат билан хизмат қилишга даъват этаверади.

Яна ўқинг:  “Билимлар куни” – марралар сари

Олим ТЎРАҚУЛОВ,

ЎзА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: