“Bатанпарвар” ташкилоти: юрт ҳимоясига замин

Ватан тараққиёти, юрт истиқболи, энг аввало, осмонимиз мусаффолиги, ҳур заминимизнинг тинчлигу осойишталигига боғлиқ. Ана шу тинчлик сабаб тунларимиз осуда, тонгларимиз мунаввар. Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Тошкент шаҳар кенгаши тасарруфида туманларда жойлашган 11 та «Ватанпарвар» ташкилоти нодавлат таълим муассасалари, Тошкент бирлашган техника мактаби ва «Миллий авиация спорт клуби» мавжуд.

Мазкур ташкилот ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, республика миқёсида спорт тадбирларини ўтказиш ва халқаро мусобақаларда қатнашиш, бошланғич ташкилотлар ва спорт техника клубларида ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаш шакли бўлган спортнинг техник ва амалий турларининг оммавийлигини таъминлаш, ҳарбий амалий аҳамиятга эга бўлган оммавий техник касб ходимларини тайёрлаш каби вазифаларни амалга оширади.

Бизни очиқ чеҳра билан қаршилаган Мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Тошкент шаҳар кенгаши раисининг маънавият ташкилий-оммавий ишлар ва ҳарбий ватанпарварлик тарғиботи бўйича ўринбосари Саидакром Ганиев айни вақтда ташкилотда олиб борилаётган ишлар хусусида қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Ёшларни жисмонан соғлом, маънан баркамол бўлиб ҳарбий хизматни бошлаши учун ташкилотимизда барча шароитлар яратилган. Тошкент бирлашган техника мактабида, туман мудофаа бошқармаси бўлимларида тест ҳамда жисмоний тайёргарлик синовларидан муваффақиятли ўтган ёшлар истаган касблари бўйича бепул ўқиш имкониятига эга. Беш ойлик муддат давомида ёшлар ўзлари танлаган касб кўникмаларини эгаллаб, мутахассисликлари бўйича қуролли кучларимиз сафларида хизмат бурчини ўташ учун йўл олади. Замонавий автомобиллар ҳамда моддий-техник базага эга муассаса ҳар йили халқ хўжалиги ва ҳарбий хизмат учун малакали мутахассислар тайёрлайди. Тажрибали ўқитувчи ва амалий бошқарув усталари кундузги ва кечки ўқиш жараёнини режа асосида олиб боради.

Тошкент бирлашган техника мактабида тренажёр зали, кутубхона, интернет тармоғига уланган машғулот хоналари мавжуд. Бу ерда ёшларни юртимиз тарихи билан яқиндан таништириш, улар қалбида она Ватанга муҳаббат, улуғ аждодларимизга садоқат туйғуларини улуғлаш мақсадида ташкил этилган “Шон-шуҳрат” музейи фаолият кўрсатмоқда. Замонавий кўргазмали қуроллар билан жиҳозланган синф хоналари, амалий машғулот хоналари чақирилувчилар ихтиёрида. Шу боис ҳам ўқув жараёни машғулотлари бўлғуси ҳарбийлар томонидан яхши ўзлаштирилмоқда. Таълим даргоҳида ҳайдовчилик билан бир қаторда, бошланғич ҳарбий таълим, жисмоний тарбия машғулотлари, маънавият соатлари ҳам ўтилади.

Яна ўқинг:  Ҳунар наф келтирар – ИЛМ ШАРАФ-ШОН

Дарҳақиқат, «Ватанпарвар» ташкилоти Тошкент бирлашган техника мактабидаги ойлик курсларда таҳсил олган оммавий-техник касб ходимлари «В», «ВС», «С» ҳамда «Е» тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлишади. Умумий майдони 9 гектарни ташкил этадиган автодром автомобилларни хавфсиз бошқариш асослари фанининг амалий машғулотлари учун хизмат қилади.

Бу ерда авторалли, автокросс, автопойга, картинг, автокўпкураш ва мотокросс каби спортнинг техник турлари бўйича ўтказилаётган машғулотлар ёшларнинг амалий кўникмаларини оширмоқда. Ушбу спорт турлари бўйича мамлакат миқёсида ўтказилаётган мусобақалар янги номларни кашф этмоқда.

Таълим муассасаси спортчилари картинг ва автокросс спорт турлари бўйича мамлакатимизда ўтказиладиган мусобақаларда етакчи ўринни эгаллайди. Жамол Мирқосимов картинг, Ратислав Беляков автокросс спорт тури бўйича республика чемпиони деган номга сазовор бўлган. Биргина бу эмас, «Ватанпарвар» ташкилоти Тошкент бирлашган техника мактаби томонидан тумандаги вояга етмаган ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун дзю-до спорт тури бўйича ташкил этилган машғулотларда 30 дан ортиқ мактаб ўқувчилари жисмонан чиниқмоқда. Ташкилот миқёсида ўтказилаётган спорт мусобақалари ёшларнинг катта мусобақаларга тайёрланиши олдидан маҳоратини янада оширади.

Юртимиз осойишталигини таъминлаш, Қуролли кучларимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлашга бел боғлаган бўлғуси ҳарбийлар Тошкент бирлашган техника мактаби сабоқлари асосида билим ва кўникмаларини мустаҳкамламоқда.

Жамила ЭРДОНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: