Адабий ва абадий дўстлик

Пойтахтимизда ташкил этилган “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция миллий адабиётимиз ривожи, унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборининг янада юксалишини таъминлаш, дунё халқлари билан адабий алоқаларни мустаҳкамлашдек мақсадларни кўзлаши билан диққатга сазовор бўлди.

Мазкур анжуманга юртимиз ва жаҳоннинг 25 давлатидан адиб ва шоирлар, мутаржимлар, адабиётшунос олимлар, мунаққидлар, ёш ижодкорлар таклиф этилди.

Улуғбек ЕСДАВЛАТ,

Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси:

Марказий Осиё халқларининг минг йиллик достонлари ва боқий анъаналари бор. Бугун минтақа бўйлаб адабий алоқалар ривожланиш босқичига кўтарилган. Юртингизда ўтаётган конференция қардош халқлар адабиёти ва халқ оғзаки ижоди намуналарини турли минтақалардан келган олимлар ва ижодкорлар билан кенг муҳокама қилиш имконини бермоқда. Қозоғистонда ўзбек адабиётини ўрганувчилар кўпчиликни ташкил этади. Дарсликларда Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур ва бошқа мутафаккирлар ижоди ўрганилмоқда. Халқларимизнинг адабий ҳамкорлиги бизни янада яқинлаштиради. Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Абай ижодий меросини муносиб баҳолаб, юртингизда уни янада чуқурроқ ўрганишни тарғиб қилиш бўйича қарор чиқаргани бизни беҳад мамнун қилди.

Иштирокчилар Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига туташ майдондаги ҳазрат Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйди. Мазкур университетда Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқаро конференция иштирокчиларига йўллаган табригини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Н. Йўлдошев ўқиб эшиттирди.

Абдулҳаким Шаърий ЖУЗЖОНИЙ, олим (Швейцария):

– Ўзбек тили қадим ва буюк тилдир. Бу тил луғат бойлиги, грамматик ва лексикологик жиҳатдан бемалол халқаро тил мақомига даъвогарлик қила олади. Чунки ўзбек тилининг илдизи жуда кўҳна даврларга бориб тақалади. Аҳмад Югнакий, Маҳмуд Қошғарий, Юсуф хос Ҳожиб каби қомусий алломаларнинг тил тарихи, қоидалари ҳақидаги асарлари ўзбек тилининг нақадар бой тил эканини кўрсатиб турибди. Ҳазрат Навоийнинг шоҳ асарлари, Заҳириддин Бобурнинг “Бобурнома”си, Машраб, Муқимий, Огаҳий ғазаллари битилган бу тил чин маънода жаҳон тиллари билан баҳслаша олади.

Анжуманда миллий адабиётимизни равнақ топтириш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатлар акс эттирилган видеоролик намойиш этилди. Иштирокчилар томонидан шўъбаларга бўлинган ҳолда ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини хорижда ўрганиш ва тарғиб этиш, уларни бошқа тилларга таржима қилиш, бадиий таржима соҳасида мутахассислар тайёрлашдаги халқаро илғор тажрибалар, халқаро ижодий алоқаларни кучайтиришнинг долзарб масалалари атрофлича муҳокама этилди.

Яна ўқинг:  СОҒЛОМ БОЛА – ЖАМИЯТ КЎРКИ, МАМЛАКАТ ТАЯНЧИ

Халқаро конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Абдуҳакимов иштирок этди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: