Қалб ҳамдамим ўзингсан, болам…

Қайсики ота-онадан “бахт сиз учун нима?” деб сўрангиз, шубҳасиз, “фарзандимнинг соғ-саломат бўлиши” дея жавоб беради. Дарҳақиқат, инсон бахти, хотиржамлиги, унинг қора кўзлари, жондан азиз дилбандларининг саломатлиги билан боғлиқ. Уларнинг хаста бўлиши эса ота-она қалбини буткул вайрон қилади…

Элёрбек ва Нигорахон оиласида дунёга келган янги меҳмон яқинлари қалбига чексиз қувонч олиб кирди. Қиздан сўнг дунё юзини кўрган дуркун болакайга яқинларининг қалб ҳамдами, дилни ёрутувчи чироғи бўлсин, дея Дилёрбек деб исм қўйишди. Афсуски, бир оз вақт ўтгач, Дилёрбек туғма юрак хасталиги билан туғилгани маълум бўлди.

Хаста фарзандининг шифо топишини истаб, ота-онанинг югурмаган жойи, кирмаган эшиги қолмади. Дилёрбек Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси даволанаётган кунларнинг бирида Нигорахон шифокорлардан “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳақида эшитиб қолади. Бу хабарни зудлик билан фарзандининг отаси Элёр акага етказади. Шундан сўнг ота-онанинг қалбида умид учқунлари порлайди.

Корея Республикасининг Сежонг клиникасидан ташриф буюрган шифокорлар юртимиздаги бемор болаларни текширувдан ўтказганида улар орасида Дилёрбек ҳам бор эди. Болакай тўлиқ текширувлардан ўтгач, унга Жанубий Кореяда операция қилиш учун йўлланма берилади.

 

– Кореяга фарзандим билан биргаликда мени ҳам олиб кетишди. Ўғлим жарроҳлик амалиётига кириб кетгач, гўё юрагим тўхтаб қолгандек бўлди. Операциянинг муваффақиятли ўтгани ҳақидаги хушхабарни эшитган онимни ҳеч қачон унутмасам керак. Ишонсангиз, ўша пайт қайта дунёга келгандек бўлдим. Шу ўринда ўғлимнинг саломатлигини тиклашда бизга беминнат ёрдам кўрсатган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг барча фидойи ва жонкуяр ходимларига, хусусан, шифокорларга ўзимнинг чуқур миннатдорлигимни билдираман, – дейди Дилёрбекнинг онаси Нигора Каримбоева.

 

Бойликнинг боши – соғлиқ, дейди доно халқимиз. Шундай экан доимо саломатлигимизга эътиборли бўлайлик.

 

Х. ҲУСЕНОВА

Яна ўқинг:  Фарзандини ҳимоячим, қўрғоним деб эркалар

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: