Мароқли ҳордиқ
Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида жойлашган 255-умумтаълим мактаби қошидаги “Ниҳол” ёзги спорт-соғломлаштириш оромгоҳида 120 нафардан ортиқ бола бўш вақтини мароқли ўтказмоқда. Бу ерда улар турли фан тўгараклари ва спорт машғулотларида шуғулланиб, билим ва кўникмаларини оширмоқда.
Жумладан, “Математикани ўрганамиз” ва , “Ранглар жилоси” тўгаракларида ўқувчиларга ҳисоб амалларининг сир-асрорлари, расм чизиш қоидалари чуқур ўргатилмоқда. “Моҳир қўллар” тўгарагида эса қизларнинг бир-биридан чиройли тиккан кашта, дўппи, уй-рўзғор учун мўлжалланган либосларини кўриб, кўзингиз қувнайди.
– Бу ерда ёшларнинг дам олиши учун барча шароит мавжуд, – дейди мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Нуржаҳон Холова. – Оромгоҳимизнинг ҳар бир куни тизимли шаклда ишлаб чиқилган тадбирлар билан уйғун ўтади. Тўгаракларда фаол қатнашаётган болалар турли совғалар, китоблар билан рағбатлантирилади. Асосийси, ёзги таътил давомида уларнинг бўш вақти самарали ўтмоқда.
Шунингдек, бу ерда ўқувчиларни жисмонан чиниқтириш мақсадида футбол, шахмат-шашка ва стол тенниси каби спорт тўгараклари фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Болалар саломатлиги эса шифокорларнинг доимий назоратида.
Зебо МУРОДОВА