Таассуротларга бой таътил
Юртимизда давом этаётган ёз фаслининг ҳар бир куни болажонлар учун тассуротларга бой ўтмоқда. Сўлим ва баҳаво гўшаларда сайр қилиш, турли тадбир ва кўнгилочар ўйинлар ташкил этиш, саёҳатлар уюштириш ҳамда спорт мусобақалари ўтказиб туриш уларнинг хотираларида узоқ вақт сақланиб қолади.
Бу йил Жиззах шаҳридаги бир қатор мактаблар қошидаги соғломлаштириш ва кундузги оромгоҳлар фаолияти ҳам намунали ташкил этилди. Айниқса, шаҳарнинг Бунисо Тожибоева раҳбарлигидаги “Камалак ғунчалари” болалар соғломлаштириш оромгоҳида дам олувчиларнинг ҳар бир куни сермазмун ўтмоқда. Оромгоҳда ҳордиқ чиқараётган 100 нафардан ортиқ болажоннинг шўх-шодон қийқириғи ва ўйин-кулгулари бир лаҳза ҳам тинмайди.
Оромгоҳ Сангзор дарёси соҳилида жойлашган бўлиб, бу ердаги сўлим манзаралар, анвойи гуллар, анҳордан шилдираб оқаётган зилол сув барчанинг дилига ором ва ҳаловат бахш этади.
– Бу оромгоҳда биринчи марта бўлишим, – дейди Насиба Назарова. – Ўртоқларимдан таърифини эшитиб, шу ерда дам олишни кўнглимга тугиб кўйгандим. Ташкил этилаётган турли тадбирлар ва кўнгилочар ўйинлар, мазмунли саёҳатлар, қизиқарли спорт мусобақаларини кўп йиллар эслаб юрсам керак.
– Болажонларнинг кайфияти жуда яхши, – дея суҳбатимизга қўшилди етакчи Юлдуз Абдуллаева. – Чеҳрасида қувонч балқиб турган келажагимиз эгаларига бўлган бу каби юксак эътибор намунасини фақат бизнинг диёримизда кўриш мумкин.
Бу ерда соғлом турмиш тарзининг асосий омили бўлган спорт мусобақалари ўтказилаётганлигига кўпчиликка ўзгача завқ улашмоқда. Бунда тажрибали тарбиячилардан Муҳайё Нишонова, Лобар Эгамова, спорт йўриқчиси Азиз Алиев ва рақс тўгараги раҳбари Фотима Абдухолиқоваларнинг ҳиссаси беқиёс.
– Болаларнинг мароқли дам олишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган, – дейди вилоят касаба уюшмаси ташкилотлари бирлашмаси кенгаши етакчи мутахассиси Тўлабой Тўйчиев. – Мавсум бошидан тайёргарлик ишларини Халқ таълими вазирлигининг “Болалар ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида маънавий-маърифий концепцияни амалга татбиқ этиш тўгрисида”ги қарори асосида ташкил этдик.
Бу йил ёз мавсумида вилоятимизда 12 та стационар ва 58 та кундузги оромгоҳ 13 525 нафар боланинг кўнгилли ҳордиқ чиқаришига кўмаклашмоқда.
Кам таъминланган оилаларнинг 75 нафар фарзанди, боқувчисиз қолган болалар “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳисобидан соғломлаштирилмоқда. “Жиззах аккумулятор заводи” акциядорлик жамияти томонидан 100 нафар эҳтиёжманд оила фарзандига бепул йўлланмалар берилган.
Абдулла САИДОВ,
Жиззах вилояти