Ўзбекистонда миграция таъсиридан болаларни асраш бўйича лойиҳа ишга туширилди
Бугунги кунда 2 миллиондан зиёд ватандошимиз бошқа давлатларда меҳнат мигранти ҳисобланади. Уларнинг ортида оиласи, кимларгадир ишониб топшириб кетилган фарзандлари бор, албатта. Ота-онаси узоқда меҳнат қилаётган болаларнинг таълим олиши, соғлиги ва умуман ҳаёт тарзи – Ўзбекистонда иш бошлаган янги лойиҳа доирасида атрофлича таҳлил қилинади.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, ЮНИСЕФ, Европа иттифоқи кўмагида миграция таъсиридан болаларни ҳимоялаш бўйича лойиҳа тақдимотида бу ҳақда батафсил маълумот берилди. У Жанубий-шарқий, Жанубий Осиё ҳамда Марказий Осиё минтақаларидаги саккизта мамлакатда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам амалга оширилади.
Европа Иттифоқи, Юнисефнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси делегацияси вакиллари иштирокида ўтган анжуманни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева очиб берди.
2020 йилнинг охиригача мамлакатимизнинг тўртта ҳудудида – Бухоро, Фарғона, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида мазкур лойиҳа бўйича тадбирлар олиб борилади. Миграция таъсир кўрсатган оилалар ҳамда болаларга васийлик ва ҳомийлик органлари, Хотин-қизлар қўмитаси, оилавий марказлар ва ноҳукумат ташкилотлари, шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бўлинмалари томонидан вилоят ва туман даражасида ёрдам кўрсатилади.
Лойиҳа асосан мигрантларнинг оилаларини ижтимоий ҳимоя қилиш, васийлик ва ҳомийлик органлари, давлат ва нотижорат ташкилотларининг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштиришга йўналтирилган. Бунинг учун республикамизнинг тўртта вилояти танлаб олинди. Яъни, айни пайтда мигрантлар сони нисбатан юқори бўлган Бухоро, Фарғона, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида 2020 йилнинг декабрига қадар босқичма босқич амалга оширилади.
Танзила НОРБОЕВА,
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари,
Хотин-қизлар қўмитаси раиси:
– Ўзбекистоннинг миграция билан боғлиқ халқаро лойиҳасида иштироки – мамлакатимизда болалар тақдирига кўрсатилаётган ғамхўрликнинг бир намунаси. Унинг доирасида соҳанинг малакали мутахассисларини тайёрлаш, миллий қонунчилигимизга янги нормаларини жорий этиш, “Миграция тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда. Лойиҳа уч йил давомида амалга оширилади. Бу орада ота-онаси чет элда меҳнат қилаётган болалар билан ишлашнинг институционал механизмларини яратиш назарда тутиляпти. Биз эса лойиҳадан сўнг ҳам унинг доирасида йўлга қўйилган ишлар юқори сифат ва салоҳият билан давом эттирилиши тарафдоримиз. Чунки миграция масаласи бир ёки икки кунда ҳал бўладиган иш эмас. Миграция таъсиридан болаларни ҳимоялаш масаласида Ўзбекистон ҳар доим фаол ва ҳамкорликда иш олиб боришга тайёр.
Саша ГРАУМАНН,
ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари:
– ЮНИСЕФ ҳисоботига кўра, дунёнинг бошқа минтақаларига нисбатан миграция таъсир кўрсатган болаларнинг катта улуши Осиёга тўғри келади. Болалар томонидан содир этилган жиноятлар ва қоидабузарликлар таҳлил қилинганда ҳам айнан ота-онаси уйда бўлмаган, бобо-бувиси ёки бирор қариндошининг қарамоғида бўлган ўғил-қизлар кўпчиликни ташкил этиши аниқланган. Демак, бу муаммо устида биргаликда ишлаш – давр тақозоси. Ўйлайманки, унинг ҳаётга самарали татбиқ этилишида ҳар бир иштирокчи маъсулят билан ёндошади.
Эдуард СТИПРАЙС,
Европа иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги делегацияси раҳбари:
– Миграция – фақат марказий Осиёнинг муаммоси эмас. Бутун дунё миқёсида йилдан-йилга мигрантлар сони ортиб бормоқда. 2000 йилда жаҳон бўйича 108 миллион мигрант қайд этилган бўлса, 2017 йилда бу кўсаткич 258 миллионни ташкил қилди. Муаммонинг долзарблигини инобатга олган ҳолда, Европа иттифоқи мазкур ҳудудий лойиҳани қўллаб-қувватлашга қарор қилди. Унинг доирасида нафақат четга кетаётган мигрантларнинг оиласи, балки муҳожирлар бориб ишлаётган шароитлар ҳам ўрганилади. Бунинг учун Россия ва Қозоғистонда мавжуд ҳолат юзасидан таҳлилий фаолият олиб борилади.
Лойиҳа доирасида мавзуга оид тадқиқотлар ўтказиш, мигрантларнинг фарзандлари дуч келаётган муаммоларни тизимли таҳлил қилиш кўзда тутиляпти. Бундай оилаларга ўз вақтида ва керакли ёрдамни ташкил этиш юзасидан зарур механизмларни ишлаб чиқиш мақсад қилинган.
Х. ҲУСЕНОВА