Пул бермаслик тежамкорликни ўргатмайди

Болага пул бериш керакми? Лозим бўлса неча ёшдан ва қанча миқдорда? Агар керак бўлмаса, нимага? Пул болани бузадими ёки пулсизлик? Бундай саволлар ҳар қандай ота-онани ўйлантириши табиий.

Агар фарзанд тинч-тотув, рисоладагидек оилада тарбияланса, оила аъзолари бир-бирларига меҳр-муҳаббат билан муносабатда бўлсалар, болага пул бериш, унинг пулга муносабатини шакллантириш борасида турли тажрибалар қилиб кўрса бўлади. Аммо оилада муҳит носоғлом бўлса, пул бола учун ҳар қандай ҳолатда ҳам (яъни берсангиз ҳам, бермасангиз ҳам) муаммога айланади. Демак, энг аввало, оиладаги муҳитни яхшиланг.

 

Болага пул бериш керакми деган саволга “ҳа” ёки “йўқ” дегувчилар

“Йўқ” дегувчилар:

Бола пулни тўғри сарфлашни билмайди, ота-она унга нима керак бўлса ўзи олиб бериши лозим; Ёшликдан пулга ўрганса, келажакда хасис ва таъмагир бўлиб қолади; Доим пул бериб турмасангиз, инжиқлик қиладиган бўлиб қолади, ўзи ишлаб топмагани учун пулнинг қадрига етмайди.

“Ҳа” дегувчилар:

Атрофдагиларда пул бор-у, фақат унда йўқ, Бундай пайтда бола ўзини ноқис сеза бошлайди; Пул берсангиз, уни мустақил ишлатишни, режалашни, тежашни ўрганади. Бермасангиз, ўжар, қайсар бўлиб боради, ўша пулни ўғирлаб олиши мумкин.

Шу сабабли қатъий бир гапни айтишга шошилманг. Болалар ҳам, катталар ҳам турлича бўлади. Шунинг учун вазиятга қараб иш тутиш керак.

 

Неча ёшдан пул берса бўлади?

Икки қараш бор: ё бола пул санашни билгандан бошлаб, ёки мактабга чиққач. Кўпинча бу иккиси бир вақтга тўғри келиб қолади. Бола пул санаш ва ишлатишга тайёрлигини билиш учун уни дўконга жўнатиб туринг. Кўринг-чи, айтган нарсангизга берган пулингиз етмаслигини сезармикан, қайтим олишни унутмасмикан?! Шуларнинг ўзидан болангиз ҳаётида пул қанчалик ўрин эгаллаганини билиб олсангиз бўлади.

 

Дастлаб қанчадан бериш мумкин?

Боланинг ёши, эҳтиёжлари ва албатта, имкониятларингиздан келиб чиқиб берасиз. Ҳеч қачон фалончи мактабга шунча олиб келяпти, менга ҳам беринг деган гапларга кўнманг. Боланинг реал эҳтиёжларини билинг ва шунга лойиқ пул беринг. Борди-ю ҳар куни пул бера олмасангиз, буни болага тушунтиринг. Мутахассислар бир масалада якдил: болага хоҳ ҳафтада, хоҳ ойда бир бўлсин, пул бериб туриш керак. Бўлмаса, у ўзи пул ишлаб топганда сарфлашни билмайди.

Яна ўқинг:  Футболчи-шифокорларимиз жаҳон чемпионатида иштирок этадилар

 

Тўғри сарфлашни қандай ўргатамиз?

Болалар кўпинча пулни бирданига сарфлаб қўйишади. Пулга енгил муносабатнинг нималарга олиб келишини билдиринг. Бошида харажатларни режалаштиришни ўзингиз ўргатиб боринг, маблағни майда қисмларга бўлиб, вақти-вақти билан бериб туринг. Бола ортиқча сарф-харажатга йўл қўймай, режалаб ишлатаётганига амин бўлинг. Бордию тўғри сарфлашни эплолмаса, демак, ҳали у мустақил харидларга тайёр эмас. Кейинчалик вақт, имкон берасиз ва кутасиз. Фақат харажатларни доимий назорат қилиб боришни унутманг.

 

Асел АЛНАЗАРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: