Ота касбин эъзозлаган – элда азиз

Бугун юртимизнинг қай бир гўшасига борманг, улкан қурилиш ва бунёдкорлик ишлари устидан чиқасиз. Бундай ижобий ўзгаришларни кўриб, кўзингиз қувнайди, дилингиз яйрайди. Беихтиёр, Яратганга шукроналар айтасиз.

Қорақалпоғистонлик Собир ака Ногматов ҳам ана шундай эзгу ва хайрли ишларга ҳисса қўшиб келаётган юртдошларимиздан.

Қаҳрамонимизнинг отаси Идрис Ногматов ўз вақтида юртимизда ном чиқарган моҳир қурувчилардан бўлган. Онаси Бибигул опа Собиқ Иттифоқ даврида колхозда чигит экиш, ғўза чопиқ қилиш, яганалаш, хуллас, йиғим-терим тугагунга қадар тиним билмасди. Собир ака оилада тўнғич фарзанд бўлгани боис, доим онасига ёрдам берар, унинг оғирини енгиллатишга тиришарди.

Идрис ака ва Бибигул опа турмуш қурганидан сўнг узоқ йиллар фарзанд кўра олишмади. Шундай бўлсада, улар қувончли кунлар келишини сабр билан кутишди. Ниҳоят ўн икки йил деганда тўнғич ўғил туғилди. Ана шундан кейин бу бахтли ошиёнда яна олти фарзанд дунёга келди ва уларнинг оиласи Тўрткўл туманидаги энг бахтли оилалардан бирига айланди.

Собир ака улғайиб, ота касбини танлади. Мактабни аъло баҳоларга тугатгач, Тошкент давлат политехника университетининг қурилиш факультетига ўқишга кирди. Бу қувончли воқеа Ногматовлар хонадонида чинакам байрамга айланди. Ўшанда талаба бўлиб, уйига қайтган ўғлини отаси Идрис ака ёнига чорлаб, бу касбнинг машаққати ва ўзига яраша завқли томонлари ҳақида сўзлаб, унга фақат ҳалол ризқ топиши кераклигини уқтирди. Шунингдек, бу соҳанинг ниҳоятда нозик эканлиги, қурувчининг биргина эътиборсизлиги туфайли талай кўнгилсизликлар келиб чиқиши мумкинлигини тушунтирди.

Собир ака ана шу ўгитларга амал қилиб, талабалик даврида астойдил ўқиб, изланди. Тезда устозлари ва тенгдошлари ҳурматини қозонди. Олийгоҳни тамомлаганидан сўнг меҳнат фаолиятини Тўрткўл туманидаги 28-механизациялашган кўчма бригадада иш устаси сифатида бошлади. Отаси Идрис ака каби кўплаб муҳим иншоотлар қурилишида иштирок этди. Тиришқоқлиги ва ишга масъулияти билан ҳамкасблар эътиборига тушди. Кўп ўтмай, уни “Жанбассувқурилиш” трестига бош муҳандис лавозимига ўтказишди.

Собир ака бугунга қадар Жамолиддин Сайбуллаев, Тўхтабой Сиддиқов, Достон Қурбаков каби устозлари кўмагида ўз тажрибасини бойитиб келмоқда. Изланишлари сабаб, у бир неча бор туман кенгашига, 1999 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига депутат этиб сайланди.

Яна ўқинг:  Нурота – нурли манзиллар макони

Идрис отанинг кейинги ўғли Қобилбой ҳам ота касбини танлади. У ҳам бугун республикадаги улкан бунёдкорлик ишларида фаол иштирок этиб келмоқда. Қизлари Ойсултон, Ойимхон, Гулхан опалар ўқитувчи, Наргиза ва Сапаргуллар эса тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишяпти.

 

– Бугун юртимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари қишлоқларимиз қиёфасига ўзгача кўрк бахш этиб, аҳоли турмуш-тарзини юқори поғонага кўтармоқда. Қувонарлиси, бу каби ижобий ўзгаришлар одамлар кайфиятига ижобий таъсир этиб, уларнинг эртанги кунга бўлган ишончи ортмоқда, – дейди Собир Ногметов.

 

Қорақалпоқ заминини кезаркансиз, Собир ака раҳбарлигида бунёд этилган иншоотларга ҳар қадамда дуч келасиз. Нукус темир йўлининг “Мискин”, “Бургутли”, “Думбули”, “Тахиатош”, “Қораўзак”, “Каскатов”, “Беруний” бекатлари, намунавий уй-жойлар, Нукус шаҳри, Тўрткўл, Қўнғирот ва Тахиатош туманларидаги замонавий муҳташам мактаб, коллеж ва шифохоналар ва яна шу каби ўнлаб бино ва иншоотлар шулар жумласидан.

Қаҳрамонимиз ўтган йилдан буён Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раисининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари вазифасида ишлаб келмоқда. У турмуш ўртоғи Ражабгул Назарова билан тақдир йўлини боғлаганига 36 йил бўлди. Ўзларининг бахтли умр йўллари давомида икки ўғил, беш қизни оқ ювиб, оқ тараб, эл орасига қўшди. Фарзандларнинг барчаси билимли, гўзал хулқли бўлиб камолга етишди. Ҳозирда уларнинг 15 нафар набираси бор. Собиржон ака бўш вақт бўлди, дегунча турмуш ўртоғи билан набираларини истироҳат боғлари ва бошқа дам олиш масканларига олиб боради. Ахир оила бағрида тинч ва хотиржам яшашдан ҳам ортиқроқ бахт борми, дунёда!?

 

Ойгул РАЗЗОҚОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: