Устознинг номи улуғ, маоши-чи?

Яқинда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида “Халқ таълими тизимидаги педагог ходимларнинг ижтимоий мавқеини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳаси эълон қилинди. Фидойи касб эгаларини заҳматли меҳнатига яраша рағбатлантириш, ўқитувчилик касбининг обрў ва нуфузини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилгани билан аҳамиятли саналган ушбу қарор лойиҳаси кенг жамоатчилик, хусусан, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Фикр билдирганлардан бири ушбу масалага Озод Шарафиддиновнинг ажойиб иқтибоси билан жавоб қайтарди: “Одам меҳнатига яраша маош олмаса, маошига яраша меҳнат қила бошлайди”. Қисқа ва лўнда тарзда баён этилган ушбу сўз кишини чуқур ўйга толдиради. Чиндан ҳам ойлик маошларнинг оширилиши, инсон меҳнатига яраша ҳақ тўланиши фойдали иш коэффицентига ўзининг ижобий таъсирини ўтказмай қолмайди. Чунки яхши маош олаётган ходим ўз соҳаси бўйича изланишга, ўқиб-ўрганишга интилади. Биргина мисол, Япония Бош вазиридан мамлакатнинг етук давлатлар қаторида тараққий этиш сабаби сўралганида, у биз ўқитувчиларга вазирнинг маошини, императорнинг ҳурматини бердик, деб жавоб берган экан.

Ҳужжатда бугунги кунда халқ таълими муассасалари педагог кадрларининг ижтимоий ҳимоясини янада ошириш борасидаги ислоҳотларни тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар белгилаб берилган.

Қарор лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банк, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг:

  • энг яхши фан ўқитувчиларини чет эллардаги етакчи таълим муассасаларига малака ошириш учун қисқа муддатли стажировкаларга юбориш;
  • расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган дам олиш кунларида ва таътил даврларида таълим муассасаларининг педагогларига ўз ўқувчилари билан саёҳатлар уюштиришига қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлаш мақсадида Касаба уюшмаси маблағлари ҳисобидан юртимизнинг тарихий-маданий марказлари ва ноёб табиат гўшаларига саёҳатларини ташкил этиш;
  • таълим муассасалари педагог кадрларини давлат мукофотларига тавсия этиш салмоғини кўпайтириш, шунингдек, тармоқ мукофотлари сонини ошириш;
  • таълим муассасалари педагог кадрларининг маънавий дунёсини, иш фаолиятини, улар оиласидаги баҳамжиҳатлик муҳитини, рўзғорларидаги саранжом-саришталикни оммавий ахборот воситалари орқали аҳолига намуна қилиб кўрсатиш мақсадида туркум кўрсатув ва мақолалар сонини кўпайтириш;
  • халқ депутатлари вилоят ва туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлигига ва фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ҳамда сайлаш асосида жамоат ташкилотларига тайинланадиган раҳбарлик лавозимларига тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқаролар фикрини инобатга олган ҳолда, номзодларни илғор ва ташаббускор педагог кадрлар таркибидан кўрсатишни кенг жорий қилиш;
  • таълим муассасалари педагог кадрларининг соғлиқларини профилактика қилишни яхшилаш борасида уларни соғлиқни сақлаш органлари томонидан бир йилда бир маротаба кенг қамровли бепул тиббий кўрикдан ўтказиш;
  • таълим муассасаси ва халқ таълими бошқарув органларида 5 йилдан ортиқ фаолият олиб бораётган, ўз касбий маҳоратини намоён қилаётган, таълим сифатига муносиб ҳисса қўшаётган педагоглар учун арзон уй-жойлар қурилиши дастури доирасида уй-жой сотиб олишлари учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилиши мумкин.
Яна ўқинг:  Креатив фикрлаш – бу...

 

Муножат Довулова, пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 282-умумтаълим мактаби директори:

– Амалга оширилиши кўзда тутилган бу каби ислоҳотлар, шубҳасиз, биз ўқитувчиларни янада ғайрат билан меҳнат қилишга ундайди. Оиласи хотиржам, моддий ва маънавий қўллаб-қувватланган инсон борки, ўз куч-қувватини танлаган соҳасига, касб-у-корига бағишлайди.

 

Намоз Рўзиқулов, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг “Таълим муасссасалари фаолиятини ташкил этиш” бош бошқармаси бошлиғи:

– Халқ таълими муассасаси ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тизимига етарли даражада эътибор қаратилмагани ушбу тизимга юқори малакали мутахассислар ва педагог ходимларни жалб этиш имконини бермаяпти. Педагог кадрларнинг ижтимоий ҳимоясини ошириш борасидаги ислоҳотларни тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилаётган бир нечта тизимли муаммолардан яна бири умумий ўрта таълим муассасаларида ортиқча қоғозбозликка йўл қўйилаётганидир.

 

2018 йил 1 сентябрдан бошлаб:

а) умумий ўрта таълим муассасаларининг юқори синф ўқитувчиларининг ойлик иш ҳақлари 24 фоизга, бошланғич синф ўқитувчиларининг ойлик иш ҳақлари эса 10 фоизга оширилиши мумкин;

б) таълим муассасаларининг ўқув-тарбия жараёнига шахсий ҳисса қўшаётган, ўз касбига содиқлик ва ташаббускорлик, юқори касб даражасини намоён этаётган, ўқувчилари ҳудудий, республика ва халқаро миқёсдаги турли фан олимпиадаларида совринли ўринларни қўлга киритган педагог кадрларга энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баробаридан 20 баробаригача миқдорида бир марталик моддий рағбатлантириш тартиби жорий этилиши мумкин;

в) умумий ўрта таълим мактаблари ўқитувчиларининг педагогик юкламаси бекор қилинади, улардан ортиқча ҳисоботлар ва қўшимча маълумотларни талаб қилиш амалиёти қатъиян тақиқланади;

г) умумий ўрта таълим муассасалари ўқитувчилари томонидан олий ва биринчи малака тоифасини олиш учун топшириладиган тест синовлари учун тўланадиган тўлов миқдорини икки баробарга камайтирилади;

д) умумтаълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармаси маблағларини шаффофлик, ошкоралик ва адолатлилик принциплари асосида сарфлаш имконини берувчи янги тартиб ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилади.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Мактабгача таълим вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда:

  • ҳар томонлама мукаммал билим ва салоҳиятга, юксак инсоний фазилатларга эга бўлган педагог кадрларни тайёрлаш учун педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларига қабул жараёнида абитуриентлар учун тест синовлари билан бирга битта фан блоки ўрнига ижодий имтиҳон киритиладиган таълим йўналишларини белгилайди;
Яна ўқинг:  “Бошқарув кадрлари тайёрлашнинг бутунлай янги тизими яратилади”

 

Таълим муассасаларининг педагог кадрларга бўлган эҳтиёжларини чуқур таҳлил қилган ҳолда педагогика соҳасидаги таълим йўналишларига давлат гранти асосида қабул квоталарини кўпайтириш юзасидан асослантирилган таклифлар киритади.

Юрт келажаги, Ватан равнақи, шубҳасиз, бугун келажак авлодга ҳарф танитаётган устоз-мураббийлар ва уларнинг самарали фаолиятига боғлиқ. Таълим соҳаси ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватламай туриб, юрт тараққиётига ҳисса қўшадиган етук кадрларга умид боғлаш амримаҳол. Зеро, бу кечиктириб бўлмас ислоҳот эканлигини бугунги даврнинг ўзи кўрсатмоқда.

 

Хуршида ҲУСЕНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: