Янги баҳолаш тизими: халқаро таълим жараёнига интеграциялашувни таъминлайди

Мактабда олинган билим инсоннинг келгуси ҳаёт йўлини белгилайди. Кўпчилик уни баҳо билан ўлчайди. Аммо баҳо билимни белгиловчи аниқ мезон эмас. У ўқувчиларни фаолликка ундовчи, рағбатлантирувчи восита, холос.

Ҳар бир ўқитувчининг ўз иш услуби, баҳолаш методи бор. Қайсидир ўқитувчи учун баҳо бу – рағбат ёки ўқувчини 45 дақиқа ушлаб туриш воситаси. Шунданми, бир синфдан иккинчи синфга ўтган боланинг баҳосида кескин ўзгариш яққол намоён бўлади. Яна, педагоглар орасида баҳони нисбатан юқорироқ қўювчи ёки ўқувчининг билим даражаси талабга жавоб берса-да, “5” ни тежайдиганлари бор. Бу усулларнинг қайси бири тўғрилиги эса доимий баҳс талаб мавзу.

Ўқувчиларнинг билим ва малакасини умумий равишда таҳлил қилиш мамлакатдаги таълим сифати даражасини белгилайди. Шу мақсадда ўқув йили давомида ҳар бир таълим муассасасида ички ва ташқи мониторинг ўтказиб борилади. Унинг натижасига кўра, энг намунали мактаблар кетма-кетлиги, ўқитувчилар салоҳияти ва ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражаси аниқланади. Бу жараён таълим тараққиётини белгиловчи муҳим мезон бўлгани учун Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари билимини баҳолаш бўйича халқаро дастурларни амалиётга жорий этиш мақсадида илк қадамлар ташланди. Яъни, ўқувчилар билимини халқаро талабларга етказиш, унга мослигини ўрганиб бориш мақсадида PISA (Programme for International Student Assesment), TIMSS (Trends in Mathematics and Science Study) каби баҳолаш дастурларини кенг қўллаш режалаштирилмоқда.

Маълумот ўрнида

PISA – 15 ёшли ўқувчиларнинг саводхонлиги ва компетенциясини баҳоловчи халқаро дастур бўлиб, Халқаро Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожлантириш ташкилоти томонидан 3 йилда бир марта ўтказилади. Унда ўқувчиларнинг билим сифати ўқиш, математика ва табиий фанлар бўйича мониторинг қилинади ва 1000 баллик тизимда баҳоланади.

TIMSS – мактабда математика ва табиий фанларни ўқитиш сифатининг халқаро мониторинги бўлиб, Таълим ютуқларини баҳолаш халқаро ассоциацияси (IEA) томонидан ташкил этилади. Ушбу тадқиқот турли давлатлардаги 4–ва 8-синф ўқувчиларининг математика ва табиий фанлар бўйича эгаллаган билим даражаси ва сифатини солиштириш ҳамда миллий таълим тизимидаги фарқларни аниқлашга ёрдам беради. Ушбу маълумотлар белгиланган фанларни ўзлаштириш ҳолатини кўрсатишда асос бўлади.

Ушбу тадқиқот тўрт йилда бир марта дунёнинг кўплаб илмий-тадқиқот марказлари ва ташкилотлари, хусусан, АҚШнинг Таълим соҳасидаги тест хизматлари (ETS-Educational Testing Services), Канаданинг статистик маркази (Statistic Canada), Таълим ютуқларини баҳолаш халқаро ассоциацияси (IEA)нинг вакиллари иштирокида ўтказилади. Шунингдек, турли давлат мутахассисларидан иборат маслаҳат қўмиталари ташкил этилади.

Яна ўқинг:  Ilm va hunar yo`li

 

Халқаро мониторинг сари илк қадам

Мамлакатимизда ҳам TIMSS халқаро мониторинг тадқиқотига босқичма-босқич қадам қўйилмоқда. Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказилаётган ташқи мониторинг жараёнида ушбу халқаро баҳолаш материалларидан қисман фойдаланиш орқали ўқувчилар халқаро талаб даражасига ўргатиб борилмоқда.

Жорий йилнинг май ойида Халқ таълими вазирлиги ва ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Ўқувчиларнинг муваффақиятли ўзлаштиришига салбий таъсир этувчи омилларни аниқлаш” мавзусида тадқиқот ўтказилди. Унда республика бўйича танлаб олинган 255 та мактабда таҳсил олаётган 4-синф ўқувчиларининг математика, ўқиш ва табиатшунослик фанидан билими тажриба тариқасида синовдан ўтказилди. Мониторинг учун TIMSS тадқиқоти материаллари мазмуни, талабидан келиб чиқиб, тест саволлари тайёрланди. Тест синови материаллари ЮНИСЕФ ташкилоти билан ҳамкорликда умумлаштирилиб, таҳлил қилинмоқда. Шунингдек, вазирлик ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда PISA талаби асосида умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларини такомиллаштириш устида ҳам ишламоқда.

Юқоридаги вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши мамлакатимиз таълим тизимининг халқаро таълим жараёнига интеграциялашувини таъминлайди. Соҳадаги бўшлиқларни аниқлашга, янги вазифаларни белгилаб олишга хизмат қилади. Энг муҳими, ўқувчилар билимини адолатли ва шаффоф баҳолашга эришамиз.

 

Абдураҳим НОСИРОВ,

Халқ таълими вазирлигининг умумий ўрта таълим муассасаларида

ўқув-методик жараёнларни ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: