БОБОСИНИНГ чемпион болалари

Уларнинг кўзларига эътибор берганмисиз? Ундаги учқун ва ўзига бўлган ишонч келажакда шахмат афсонаси бўлишини айтиб тургандек гўё. Гап ким ҳақида кетаётганини тушунган бўлсангиз керак. Шубҳасиз, олти ёшидаёқ жаҳон чемпиони бўлиб, бутун дунёга ўзининг ўзбек ўғлони эканини болаларча ширин тили орқали ғурур билан баралла таъкидлаган ака-ука Жавоҳир ва Исломбек Синдаровлар ҳақида.

Гўдаклигидан хотираси жуда кучли бўлган Жавоҳирнинг энг севимли машғулоти буваси билан шахмат ўйнаш эди. 4 ёшидан ўсмирлар ўртасида икки карра жаҳон чемпиони Сирожиддин Зайниддиновнинг шахмат мактабида машғулотларга қатнашиб, Сабоҳат Зайниддиновадан шахмат сирларини ўргана бошлади. Машғулотларда тер тўккан Жавоҳир тез орада ўзини кўрсатди. 2011 йили Тошкент шаҳар биринчилиги ғолиби бўлиб, илк ғалабасини қўлга киритди. 2012 йил Ҳиндистонда бўлиб ўтган мактаб ўқувчилари ўртасидаги қитъа чемпионатида муваффақиятли иштирок этиб, тезкор шахмат бўйича Осиё чемпиони, классик шахмат бўйича кумуш медални қўлга киритди.

Шу йилги Ўзбекистон чемпионатида 10 ёшгача ўғил болалар ўртасидаги мусобақада иштирок этиб, Ўзбекистон чемпиони бўлди.

Грециянинг Кавала шаҳрида ўтказилган мактаб ўқувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионатида 9 ёшгача ўғил болалар гуруҳида шахматнинг ҳар иккала тури бўйича иккита олтин медални қўлга киритди ва икки карра жаҳон чемпиони деган юксак унвон соҳибига айланди.

Акасига эргашиб, шахмат мактабига қатнаб юрган Исломбек ҳам улкан ютуқлари билан барчанинг эътиборига сазовор бўлди. 2012 йили Ҳиндистонда ўтган қитъа биринчилигида 5 ёшгача шахматчилар ўртасида кумуш медални қўлга киритди. “Ақл гимнастикаси”нинг мураккаб сир-асрорларини жуда тез ва пухта ўрганаётган бу зеҳнли болакайнинг ўйин услуби кўплаб мутахассис-у мухлисларнинг диққат-эътиборини тортмоқда. Унинг тез ва тўғри қарор қабул қила олиши, ҳужумкор ўйин услуби Эронда ўтган Осиё чемпионатида ғолиб чиқишида муҳим аҳамият касб этди. Мазкур чемпионат доирасида рапид ва блиц турнирлари ҳамда классик шахмат бўйича учта олтин медални қўлга киритган ягона спортчи бўлди. 6 ёшли ўзбек ўғлони маҳоратига дунё тан берди.

2014 йил Исломбек учун янада омадли келди. Грециянинг Кавала шаҳрида мактаб ўқувчилари ўртасида бўлиб ўтган шахматнинг тезкор ва блиц турлари бўйича жаҳон чемпионатида 7 ёшгача бўлган тенгқурлари орасида тенгсиз эканлигини исботлаб, бир йўла икки олтин медални қўлга киритди ва икки карра жаҳон чемпиони бўлди. Жорий йилнинг 20-29 июнь кунлари Тошкент шаҳри мезбонлик қилган 6 ёшдан 12 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида шахмат бўйича Осиё чемпионатининг блиц мусобақаларида ғолиб бўлиб, тўртинчи марта Осиё чемпионлигини қўлга киритди.

Яна ўқинг:  Касбга муҳаббат саодатга элтади

Халқимизда “Олманинг тагига олма тушади”, деган нақл бор. Синдаровлар оиласининг энг катта аъзоси, яъни чемпионларнинг бобоси Комил ака Синдаров юридик фанлари доктори. Вақти жуда тиғиз бўлишига қарамай, Комил ака доимо набираларининг тарбияси ва шахмат машғулотларига алоҳида эътибор қаратади.

– Неварам Жавоҳир 2 ёшида компьютерга қизиқиб қолди, – дейди биз билан суҳбатда Комил ака Синдаров. – Кичкинагина гўдакнинг турли хил мураккаб ўйинларни маҳорат билан олиб бориши унинг ўткир зеҳнидан дарак берарди. Боладаги хотиранинг кучлилигини кўриб, уни шахмат тўгарагига беришга қарор қилдим. Бир куни уни спорт дўконига олиб чиқиб, яхши шахмат доскаси олиб бердим. Сипоҳларни тизиб, қандай юриши лозимлигини ўргатдим. Бир-икки кунда ўйинни ўрганиб олди. Қарасам, қизиқиши ҳам ёмон эмас. Кейин уни етаклаб, устози Сабоҳат Зайниддинованинг олдига олдиб бордим… Шундай қилиб, кечагина компьютерсиз туролмайдиган Жавоҳир тўрт ярим ёшида шахмат билан жиддий шуғуллана бошлади. Энди унинг вақти чегараланган эди. Ундан атиги бир ёш кичик бўлган неварам Исломбек ҳам акасидан кўриб, шахматга қизиқа бошлади. Мен билан ўйнаш учун ишдан келишимни эшикда пойлаб ўтирарди…

2013 йил невараларим учун омадли йил бўлди. Январь ойида Жавоҳир 7 ёшида ўн ёшгача болалар ўртасида Ўзбекистон чемпиони бўлди ва жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди. Июнь ойида Эроннинг Мозондарон вилояти Сари шаҳрида 6-18 ёшли ёшлар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Исломбек ўзига хос рекорд ўрнатди. У 6 ёшгача бўлган болалар ўртасида шахматнинг рапид, классик, блиц турлари бўйича 21 та партиядан 20 тасида ғолиб бўлиб, бир йўла 3 та олтин медални қўлга киритди. 20 дан ортиқ давлатлар иштирок этган нуфузли мусобақада юртимиз байроғини уч карра баланд кўтарди. Жавоҳир эса 8 ёшгача болалар гуруҳида иштирок этиб, классикда тўртинчи, блицда эса иккинчи ўринга сазовор бўлди.

– 2014 йил болажонларим учун янада омадли келди. Улар Грециянинг Кавала шаҳрида ўтказилган шахмат бўйича мактаб ўқувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионатида энг юқори натижани қўлга киритиб, ўзбек болаларининг қандай салоҳиятга эга эканлигини исботлашди. Исломбек 7 ёшгача бўлган болалар ўртасида шахматнинг блиц ва рапид йўналишида олтин медалларни қўлга киритиб, икки карра жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлди. Ҳудди шундай 9 ёшгача ўғил болалар мусобақасида мағлубиятсиз дона сурган Жавоҳир ҳам барча рақибларини доғда қолдириб, икки карра жаҳон чемпиони бўлди, – дейди уларнинг бобоси Комил ака Синдаров.

Яна ўқинг:  Мукофот муборак, Мурод ака!

– Баъзида ўйлаб қоламан, авваллари бундай шароит, шундай эътибор фақат орзуларимизда бўларди. Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан бошлаб юртимизда ўзимизни, ўзлигимизни кўрсатишга имконият эшиклари очилди. Шу сабабдан набираларимга доимо бир гапни такрорлайман: Мустақиллик шарофати билан бугун ёшларимиз дунё кезишмоқда. Истиқлол туфайли дунёга ўзбек деган ном баралла таралмоқда. Шу сабаб унинг қадрига етишимиз, Ватанимизнинг ҳар қарич ерини асраб-авайлашимиз, унинг номини кўкларга кўтаришимиз, бизга яратган имкониятлари учун лойиқ фарзанд бўлишимиз шарт, – дея сўзини якунлади К.Синдаров.

Ўзбекистон – истеъдодлар макони. Ана шу истеъдодларни юзага чиқариш учун эса имкониятларимиз бисёр. Биздан талаб қилинадигани эса фақатгина ҳаракат ва ана шу эътиборга лойиқ бўлиш. Меҳнат инсонни улуғлайди. Шу сабабдан меҳнаткаш ўзбек ўғлонлари бутун дунёда улуғ бўлишларига ишончимиз комил. Зеро, биз буюк юрт фарзандларимиз.

Фарҳод ТОЛИПОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: