Тилими танга сиҳат

Ёзнинг жазирамасида истеъмол қилинган муздек тарвуз чанқоқни қондиради. Унинг таркибида кўп миқдорда клечатка мавжуд.

Бу дағал толали модда эса меъда-ичак тизими фаолиятига ижобий таъсир этади. Шунингдек, ичаклар ҳаракати(перистальтикаси)ни яхшилайди. Тарвуз қабзиятнинг олдини олади. Бу полиз маҳсулоти таркибида темир моддаси, фоли кислотаси, В гуруҳи витаминлари, С витамини(аскорбин кислотаси), фруктоза, магний, ишқорлар мавжуд. Витамин ва минерал моддаларга бой тарвуз организмда моддалар алмашинувини яхшилайди.

Тарвуз гепатит(жигар хасталиги)да енгил ўт ҳайдовчи воситаси сифатида қўлланилади. Сийдик йўллари ва қовуқ яллиғланганда кучли пешоб ҳайдайди. Буйрак ва сийдик йўлларида тош, туз ва қум бўлса майдалайди. Камқонлик, метаболик артрит, подагра, семизликда ҳам тарвуз тановвул қилинса фойдадан холи бўлмайди. Кунда 150 грамм тарвуз истеъмол қилиш соғлом организмнинг кун бўйи магний моддасига бўлган талабини қондиради. Юрак қон-томир касалликлари ва гипертония (хафақон) хасталигида беморларнинг тарвуз танаввул қилишлари мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, тарвуз таркибида ишқорлар кўп бўлгани сабабли сийдик ажратиш тизими учун ҳам фойдали хусусиятга эга. Нефрит, пиелонефрит каби буйрак касалликлари ва цистит(қовуқ яллиғланиши)да касалликлар хуруж қилган даврда шифокорлар кўпроқ тарвуз истеъмол қилишни тавсия этишади.

Бир кунда 2 кг яхши етилиб пишган тарвузни истеъмол қилиш мумкин. Икки стакан тарвуз шарбатига бир чой қошиқ табиий, тоза асал аралаштириб ичиш ҳам кайфиятни кўтаради. Унинг пўчоғи ҳам пешоб ҳайдаш хусусиятига эга. Ёзда сояроқ жойда қуритиб олинган тарвуз пўчоғини қишда 1:10(1 литр сувга 100 грамм тарвуз пўчоғи)нисбатдаги сувда 5 дақиқа қайнатилади ва совутиб докадан сузиб олинади. Сўнгра бир кунда 3-4 маҳал овқатланиш олдидан ярим стакандан ичилади. Шунингдек, бу қайнатмани подагра ва ревматизм(бўғимлар яллиғланиши)да ҳам доривор восита сифатида тарвуз уруғларини эса гельминт(гижжаларни) йўқотишда ҳам қўллаш мумкин. Худди қовоқ уруғи каби тарвуз уруғлари ҳам организмни паразитлардан тозалайди. Яхшилаб қуритилган тарвуз уруғлари ҳавончада янчилади ва элакдан элаб олинади. Кейин қайнаб совутилган 1 литр сутга 100 грамм тарвуз уруғининг мағзи аралаштирилади. Бир кунда икки маҳал оч қоринга икки стакандан ушбу табиий доривор восита ичилади. Тарвуз таркибидаги фоли кислотаси организмда ёғлар алмашинувига ижобий таъсир этади. Худди қовун каби тарвузнинг 100 граммида 38 калория мавжуд. Шу сабабли у тановвул қилган кишини тўқ тутади ва семизликнинг олдини олади. Халқ табобатида косметология воситаси сифатида тарвуз этидан фойдаланиш мумкин. Унинг эти юз, қўл ва оёқлар терисини парвариш этишда кенг қўлланилади. Бунинг учун яхши етилиб пишган тарвуз эти чинни идишга солиб эзилади ва терига суртилади. Орадан 20-30 дақиқа ўтгач, бу табиий ниқоб илиқ сувда ювиб ташланади. Ҳафтада бир неча марта бундай ниқобдан фойдалансангиз терингиз озиқланади ҳамда таранг, силлиқ ва майин бўлиб ёшарганини ҳис этасиз.

Яна ўқинг:  Йод танқислиги жиддий муаммога сабаб бўлади

Тарвуз нафақат буйракларни кучли пешоб ҳайдаш йўли билан тозалайди, балки бутун организм­ни хилтлардан холи этади. Айниқса, жигарни заҳарли токсинлардан ювади. Кучли таъсир этувчи антибиотиклар билан даволанган беморлар ва узоқ давом этган операцияларда наркоз олган беморларнинг жигарини тозалашда ҳам тарвуз истеъмол қилишлари мақсадга мувофиқ.

Аммо қандли диабет, сурункали ичак хасталиги мавжуд беморлар, шунингдек, ҳомиладорликнинг охирги уч ойида танасида шиш пайдо бўлган бўлажак оналарга тарвуз истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Яна тарвуз танаввул этишдан 2-3 соат олдин аччиқ ва шўр маҳсулотлар емаслик зарур. Чунки, бу организмда ортиқча суюқлик тўпланишига сабаб бўлади. Ўз навбатида ушбу ҳолат юрак ва буйракларни зўриқиб ишлашга мажбур этади.

Тарвуз танлашда уни чертиб кўринг. Хом тарвуз бўғиқ товуш чиқаради ва оғир бўлади. Пишган тарвуздан жарангдор товуш чиқади. Ҳамда «дум» қисми бўшашганроқ бўлади. Пўчоғига тирноқ ботмайди.

Тарвуз пўчоғининг оқ қисмидан мураббо тайёрланади. Кичикроқ тарвузларни ёғоч бочкага тузласа бўлади.

Мағзида оқ ипсимон шакллар кўзга яққол ташланса ва таъми шўр ёки нордонроқ, чучмал бўлса ҳамда ҳажми ҳаддан ташқари катта бўлса, шунингдек тарвузнинг мағзи нотабиий қип-қизил бўлса, билингки бу селитрадан кўп тўйинган маҳсулот бўлади. Тарвуз ва қовундан заҳарланмаслик учун ДСЭНМ (Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази) лабораториясида текширувдан ўтган ва рухсат этилган маҳсулотларни сотиб олинг.

Гулчеҳра ШИРИНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: