Болаларда ясси товонлик
Ясси товон болаларнинг таянч-ҳаракат аъзоларида энг кўп учрайдиган касалликлардан бири бўлиб, унда товон таги узунасига ерга тегиб туради.
Нормал ҳолатда, аксинча, товон таги бироз букилувчи ҳолда бўлиши лозим.
Ушбу хасталикка ташхисни болалар 3-4 ёшга тўлганида қўйиш мумкин. Негаки, болада маълум вақтгача товон суяклари ҳали қотмаган, кўп тоғай тўқималардан иборат, мушак ва пайлар ҳали кучсиз, чўзилувчан бўлади. Бундан ташқари, товонлар текисга ўхшайди, сабаби, товон таги бўшлиғи ёғлик юмшоқ тўқималар билан тўлган бўлади.Таянч-ҳаракат аъзолар меъёрда ривожланганда болада 5-6 ёшида товон ўзининг асл ҳолатига келади. Лекин баъзида товоннинг ривожланиши ўзгариб, ясси товон касаллиги келиб чиқади.
Ясси товон пайдо бўлишида қуйидаги омиллар аҳамиятга эга:
– Ота ёки онада ясси товон касаллиги бўлса, бу болага ҳам ўтиши мумкин;
– Жуда текис ва пошнасиз, ёки жуда учли ёки жуда кенг оёқ кийим сабабли;
– Оёқларга ортиқча куч таъсирида, масалан, оғир юк кўтарганда, ёки тананинг ортиқча вазни, семизлик туфайли;
– Бўғимларнинг ўта букилувчанлиги, рахит касаллиги сабабли;
– Оёқларда болдир ва товон мушаклари шоллигида (полиомиелит касаллиги асорати, ёки ДЦП(болалар церебрал фалажлиги);
– Товон жароҳатланиши.
Баъзида ота-оналар бу касалликка унчалик ҳам эътибор беришмайди. Чунки ясси товоннинг эрта даврида унинг белгилари кузатилмайди. Лекин вақт ўтиб, бу касаллик «рессор» функцияни, шунингдек, товоннинг ўзига хос амортизация вазифасини бузади ва таянч фаолиятини сусайтиради. Юриш вақтида ҳамма куч, силкиниш болдир, чаноқ-сон бўғимига, бел умуртқалари поғонасига тушади ва бунинг оқибатида бўғим касаллиги(артрозлар), умуртқалар поғонаси қийшайиши – сколиоз касаллигини келтириб чиқариши мумкин Шунинг учун ясси товон касаллиги қанча тез аниқланса ва унинг даволаниши қанча барвақт ўтказилса, юқорида айтилган касалликларни бартараф қилса бўлади.
Ясси товон хасталигини даволашда ўзига хос даволаш услублари қўлланилади. Кўпроқ физиотерапевтик даволаш – парафин, ионофорез, дарсенваль, даволаш гимнастикаси, массаж (махсус уқалаш) бунда яхши натижа беради. Касаллик бошланиш вақтида энг фойдали муолажа уқалаш бўлиб, у мушакларнинг қотишига, қон айланишини нормал ҳолатга келтиришга, товон бўғимлари ва пайларига яхши таъсир ўтказади. Даволаш вақтида умуртқалар поғонасига ҳам аҳамият бериш зарур. Негаки, ясси товонда бу аъзо ҳам ўзгаради. Сколиозда «S»- симон қийшайиш пайдо бўлиб, шунда ҳам шифокор томонидан уқалаш, даволаш гимнастикаси, сувда сузиш каби муолажалар буюрилади.
Ясси товон аниқланган бола махсус оёқ кийим кийиши керак. Энг асосийси, танланган пойабзал бола оёғининг ўлчамига тўғри келиши зарур. Табиий матолардан тайёрланган, товони қаттиқ ва унча катта бўлмаган пошнаси бор пойабзал бемор болаларнинг товонига яхши таъсир этади. Бундан ташқари махсус патак-стелки буюрилади.
Ота-оналар шуни ёдда тутишлари керакки, ясси товон эрта аниқланмаса ва даволанмаса, товонннинг бузилишига ва таянч-ҳаракат аъзоларида турли хил касалликларни келтириб чиқариши мумкин.
Одил ЗОКИРОВ,
травматолог – ортопед