ШҲТ саммити арафасида халқаро форумлар ташкил этилди
Аёлни улуғлаш, унинг жамиятдаги ўрнини ҳар қачонгидан-да яхшилаш бутун инсоният чекидаги масъулият, десак муболаға бўлмайди. Ана шундай қадр-қимматга эга аёлларимиз бугун барча соҳаларда фаоллик кўрсатиб, юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётгани таҳсинга лойиқ.
Светлана ИНАМОВА,
«Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди Бошқаруви раиси
Аёллик вазифаси билан бир қаторда жамиятда ўз ўрнини топишга астойдил интиладиган хотин-қизлар эндиликда нафақат мамлакат, балки халқаро миқёсдаги ташкилотлар томонидан ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Бунинг ёрқин исботини Хитой Халқ Республикасида ўтказилган халқаро форум мисолида ҳам кўриш мумкин.
Жорий йилнинг 15-18 май кунлари Пекин шаҳрида “Аёллар кучининг бирлашиши, умумий тараққиёт сари ҳаракат” мавзуида ШҲТ Биринчи Аёллар форуми бўлиб ўтди. Тадбир ШҲТ Котибияти ҳамда Бутунхитой аёллар федерацияси томонидан ташкил этилди. Форум ишида ШҲТга аъзо давлатларнинг хотин-қизлар ташкилотлари, шунингдек, ШҲТ кузатувчи давлатлари делегациялари иштирок этди.
Мазкур форумнинг ўтказилишидан кўзланган асосий мақсад хотин-қизлар ташкилотларининг долзарб муаммоларни ҳал қилишдаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, ШҲТга аъзо давлатлар олдида турган вазифаларни бажаришда хотин-қизлар ташкилотлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда бу борада изчил ишларни амалга оширишдан иборат.
Юртимиз делегациясига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Нарбаева раҳбарлик қилди. Делегация таркибига Ўзбекистон Республикаси Сенати раиси ўринбосари Светлана Артикова, Мактабгача таълим вазири Агрепина Шин, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Бошқаруви раиси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори Дилором Тошмуҳаммедова киритилди.
Тадбир очилишида Ўзбекистон делегацияси раҳбари Танзила Нарбаева сўзга чиқиб, форум қатнашчиларига Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек, гендер тенглиги, ижтимоий ва оилавий муносабатлар соҳасидаги ютуқларни амалга оширишга қаратилган йирик сиёсий дастурнинг асосий қоидалари билан таништирди.
Бутунхитой Хотин-қизлар федерацияси раисининг ўринбосари ва котибияти аъзоси Ся Цзе модераторлигида ўтган конференияда Қирғизистон, Россия Федерацияси, Тожикистон, Белорусь, Эрон, Озарбайжондан ташриф буюрган бир қатор вакиллар ўз маърузалари билан иштирок этди. Унда юртимиз делегацияси сафида борган “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори Д. Тошмуҳаммедованинг ҳам маърузаси тингланди.
Шунингдек, форум иштирокчилари “Аёллар кучини бирлаштириш, ҳамкорликдаги тараққиётни рағбатлантириш”, “Аёллар ва инновацион ривожланиш”, “Аёллар ва гўзал дунё”, “Аёллар ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик” каби мавзуларда ўзаро тажриба алмашди.
Тадбир сўнггида ўзаро манфаатли битимлар имзоланиб, галдаги вазифалар белгилаб олинди.
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ўтган йиллардаги фаолияти давомида нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар қаторидан муносиб ўрин эгаллади.
Унинг давлатлараро муносабатлар тизимида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишдаги самарали фаолияти бутун дунё эътиборига тушди. Ана шундай халқаро миқёсдаги навбатдаги саммит олди форуми Хитой Халқ Республикасининг Пекин шаҳрида бўлиб ўтди.
Гуманитар соҳадаги алоқалар ва амалий ҳамкорликни рағбатлантириш мақсадида ташкиллаштирилган форум Хитойнинг “Дўстлик” жамияти ҳамда “Хитой дўстлик, тинчлик ва тараққиёт” фонди томонидан хорижий ва Марказий Осиё давлатлари иштирокида ўтказилиб, унда нодавлат ва нотижорат ташкилотлар ўртасида ҳар томонлама алоқаларни йўлга қўйиш, ўзаро манфаатли келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда Хитойнинг “Дўстлик” жамияти раиси ўринбосари Сун Цзину ҳамда Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон, Белорусь, Шри-Ланка ва бошқа давлатларнинг нодавлат-нотижорат ташкилотларидан вакиллар ўз мамлакатлари миқёсида соҳада олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтди. Эътиборлиси, юртимиздан борган вакиллар ҳам мамлакатимизда нодавлат-нотижорат ташкилотларини шакллантириш ҳамда ривожлантиришнинг мустаҳкам қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий асоси яратилганлиги, улар фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида қўшимча маблағлар ва ресурслар жалб қилиш имкониятлари, имтиёзлар хусусида хорижликларга атрофлича маълумот берди. Шунингдек, тадбир иштирокчилари “Хайрия ва касб-ҳунар таълими” мавзуида ШҲТнинг маданият, санъат, спорт, тиббий хизмат, ёшлар алмашинуви ва ўқитиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ўзаро тажриба алмашди.
Бундан ташқари мулоқотда 70 дан ортиқ дўстона ташкилот вакиллари, хайрия ташкилотлари, Хитойнинг дипломатик элчихоналари ва ОАВ ходимлари иштирок этди. Қувонарлиси, тадбирда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ШҲТга аъзо давлатлар билан ҳамкорлиги” мавзуида тақдимот намойиш этилиб, мавзу юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Мулоқот сўнггида мезбон ташкилотлар, Марказий Осиё мамлакатларининг дўстлик жамиятлари ва “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.
Нозимжон МЎМИНОВ,
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Бошқаруви раиси ўринбосари