Тозалик – барака калити

Эскилар бекорга “ўтирган жойингни озода тут” дейишмаган. Чунки саришта бўлмаган ердан фаришталар қочар экан.

Аммо ҳамма ҳам бунинг моҳиятини тушунмаган кўринади. Кўп қаватли уйлар ёнидан ўтар эканман, жуда ҳунук бир манзарага кўзим тушди. Гўё дарахтда гул эмас, пакетлар гуллагандек. Аслида, бу ҳол ҳали ҳолваси. Баъзи жойларда ахлатдан тоғ бунёд бўлганини кўриб хафа бўлиб кетасиз. Баъзи одамлар уйининг ёнида турган махсус контенергача чиқишга эринибми, бефаросатликданми ёки атайми, хуллас, ахлатни шартда деразадан улоқтиришади. Бу аҳвол нафақат шаҳар чиройини бузади, балки ўзидан чиқараётган ёмон ҳид ҳавони булғайди. Бошқаларга азият етказиш гуноҳ, дейилади шариатимизда. Бу ерда бошқалар билан бирга шу жойда истиқомат қилувчиларнинг ўзлари, айниқса, ёш болалар азият чекишади. Энг ёмони бундай ҳаводан ҳар куни нафас олиш ички аъзоларга ҳам ўз таъсирини кўрсатади, саломатлигимизга путур етказади.

Бугунги кунда ҳар бир маҳалла, кўп қаватли уйлар озодалигини сақлашда уларда яшовчи аҳоли, айниқса, ёшларнинг бу борадаги масъулиятини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маҳалла ҳудудлари, кўп қаватли уйлар атрофида қўшимча тарзда чиқинди ташлаш жойлари ташкил этилган. Чиқиндиларни дуч келган жойга ташлаб кетадиган, санитария-эпидемиологик қоидаларига риоя қилмайдиган шахсларга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 53-моддасига биноан энг кам иш ҳақининг бир баробари миқдорида жарима солинади.

Президентнинг 2017 йил 21 апрелдаги фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси қайтата шкил этилиб, унинг зиммасига экологик ҳолатни яхшилаш, маиший чиқиндиларни йиғиш, сақлаш, ташиш, утилизатсия қилиш ва қайта ишлаш борасида улкан вазифалар қўйилган эди. Жорий йилнинг 2 феврал куни бўлиб ўтган Ўзбекистонда экологик вазият таҳлили ва уни яхшилаш ишларга бағишланган мажлисда Андижон, Ангрен, Бухоро, Навоий, Фарғона, Олмалиқ, Бекобод, Чирчиқ, Тошкент ва Нукус шаҳарларида ҳавонинг ифлосланиш даражаси белгиланган санитария нормаларидан 2,7 баравар ортиқча эканлиги қайд этилди. Ушбу вазият туфайли Давлат Табиатни муҳофаза қилиш қўмитасир аҳбарларига, халқаро тажрибага асосан, Табиатни муҳофаза қилиш миллий дастури ишлаб чиқариш топширилди.

Ундан ташқари республикадаги чиқинди йиғиш тизими ҳам танқидий таҳлил қилинди. Хусусан шаҳардаги чиқиндихонларни намунавий лойиҳа асосида оптималлаштириш, қишлоқ аҳолисини ҳам санитар-тозалаш хизматлари билан қамраб олиш борасида 5 йиллик дастур ишлаб чиқариш вазифаси қўйилди.

Яна ўқинг:  Бемор болалар соғломлаштирилди

Яқинда эса Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Унга кўра, 2019 йилнинг 1 январидан эътиборан полимер пакетлар билан боғлиқ тартиб жорий этилади. Халқаро тажрибадан келиб чиқиб, целлофан пакетларини 40 микронгача ишлаб чиқариш ва импорт қилиш тақиқланди. Бундан ташқари, целлофан пакетларни бепул бериш, ўз қийматидан арзон нархда сотиш ҳам ман қилиняпти.

Давлат экология қўмитасига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан бирга хориж тажрибаси ва жамоатчилик муҳокамасини ҳисобга олиб, 2020 йилнинг 1 январига қадар фойдаланиш хусусиятини йўқотганидан сўнг атроф-муҳитга зарар етказадиган, ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган товарлар гуруҳига экологик йиғимни жорий қилиш юзасидан асосланган таклифлар киритиш вазифаси топширилган.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимиз, хусусан, пойтахтимиз ободлигига ҳисса қўшиш – барчамизнинг бурчимиз. Бунинг самарасида юртимиз тобора обод ва кўркам бўлиб бораверади. Бинобарин, табиий мусаффолик инсоннинг саломатлигини мустаҳкамлаб, умрига умр қўшади. Ахир саломатлик энг катта бойлик. Шундай экан соғлигимизга бееътибор бўлмайлик.

 

Моҳларойим ЭРГАШЕВА,

ЎзДЖТУ 2-инглиз факултети талабаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: