Тез толиқиш юрак хасталигидан дарак

Унга кучли қувонч ҳам, ўта ғамгинлик ҳам зарардир

 

 Инсон юраги азал-азалдан ҳис-ҳаяжон ва туйғулар кўзгуси – қалб, кўнгил дея ифода этилган. Албатта, бу бежизга эмас. Одам қувончли онларини ҳам қайғули дамларини ҳам юраги билан ҳис этади.

Биз биргина сўз билан ифодалайдиган севинч ҳис-туйғуси ҳам қанчадан-қанча биокимёвий ўзгаришлар билан кечса-да, уни айнан юрагимизнинг тез уриши билан ҳис этамиз. Ҳозирда аксарият хасталикларнинг асосий омили сифатида айнан асаб тизимидаги салбий ўзгаришларни алоҳида таъкидлашни жоиз деб билдик. Сир эмаски, жадал суръатлар билан ривожланиб бораётган замон талаблари билан ҳамнафас бўлиш инсонларда ўзига яраша руҳий зўриқиш, жисмоний чарчоқ каби ҳолатларни келтириб чиқариши табиийдир. Биз қуйида руҳий ҳолатнинг юрак-қон томир тизимига салбий таъсири, шунингдек, беморларнинг руҳиятидаги ўзгаришлар ҳақида қисқача баён этамиз.

Юрак-қон томир тизими касалликларини келтириб чиқарувчи асосий омиллар сирасига наслдан-наслга ўтувчи хасталиклар, кун тартибига риоя этмаслик, ёғ, ун, қандолат маҳсулотларидан меъёрий парҳез қилмаслик, камҳаракатлик, умуман олганда соғлом турмуш тарзига риоя этмаслик, деб айтиш мумкин.

Ҳозирги кунга келиб эса юрак-қон томир тизими касалликларининг кенг тарқалиши, унга чалиниш ва ўлим кўрсаткичига сезиларли таъсир этишини исботловчи тадқиқотлар натижасида олинган хавфли омилларни қайд этамиз:

Яъни, сурункали ижтимоий-психологик босим – руҳий зўриқиш (стресс), кучли психологик зарба, инсон ҳаётидаги кўнгилсиз-воқеа ҳодисалар ҳамда нохуш ҳолатлар, одамнинг психологик ўзига хосликлари (унинг руҳий ҳолати, мижози, феъл-атвор хусусиятлари, ҳимоя механизмлари), ўзида мавжуд касалликка берилиб кетиш каби салбий ҳолатлар.

Ижтимоий-психологик омиллар юрак ишемик касалликлари этиопатогенезида (шаклланишида) муҳим босқич ҳисобланади. Бундай босим коронароспазмлар, қоннинг оқиш хусусиятидаги ўзгаришлар, атерогенез жараёнининг тезлашуви, юрак ритми бузилишига таъсир этади. Бу салбий омилларнинг сурункали таъсири эса инсон организми учун жуда катта босим ҳисобланади. Натижада мавжуд хасталикнинг ривожланиши ёки янги бир касалликларнинг келиб чиқишига олиб келади.

Ижтимоий-психологик омиллар ичида инсоннинг ҳаётидан қониқмаслик ва шахслараро муносабатлардаги зиддиятлар юрак ишемик касалликларига чалинишнинг салбий омиллари сифатида ажратилади. Биринчилардан бўлиб W. Osier стенокардия ва миокард инфаркти билан оғриган инсонларнинг феъл-атворидаги ўзига хосликларни ажратиб уларни кучли, ўзига ишонган, ишини сидқидилдан бажарувчи, ҳаракатчан, масъулиятли ва ташаббускор, тартиб-интизомга кучли риоя этишига эътибор қаратган. Шунингдек, улар ўзларига катта талаблар қўювчи инсонлар, деб билади олим. Бир қарашда бу каби ижобий хислатлар қай тариқа инсонни касалланишига олиб келади, деб ўйлашингиз мумкин. Аммо, бу каби кучли инсонлар маъсулиятни ўз бўйнига олган ҳолда муҳим ишларни бажараётган чоғида ўзига яраша зўриқишни ҳис этиши ва асосий оғирликни ўз бўйнига олиши уларнинг асаб тизимига катта оғирлик ҳисобланади. Яна масъулиятли ва ишчан инсонларда ишга берилиб кетиб ва жисмоний, руҳий соғлиқ ҳақида қайғуришни кейинга суриб юриш, касаллик сезиларли даражада зўрайиб кетмагунга қадар бу каби беморларнинг шифокорга бормасликлари кузатилади. Шунингдек, эмоционал етилмаган инсонлардаги, беқарор, хавотирга берилувчанлик ҳамда шубҳа-гумонлар ҳам дардни юзага келтирувчи етакчи салбий омиллар сирасига киради. 64,5 фоиз хаста одамларда барча воқеаларни юракка яқин олувчи, руҳий стресга бутун вужуди билан жавоб қайтарувчи хусусият мавжудлиги аниқланган.

Яна ўқинг:  Savol bering, javob beramiz (2013-31)

Орттирилган юрак хасталикларига чалинган беморларда турли хил руҳий ўзгаришлар бўлиши мумкин. Бунда шахснинг феъл-атворидаги ўзига хос жиҳатларидан қуйидаги хусусиятлар ажратилади:

Касалликка берилиб кетиш, ўтмиш ҳақида кўп ўйлаш, ўз соғлиғи юзасидан маъсулиятни бошқаларга юклаб қўйиш, психологик портрет чизгиларига эса ҳис-ҳаяжонга тез берилиш, жиззакилик, ён беришдан қочиш, қарамлик, ижтимоий алоқаларнинг камлиги, хавотир ва руҳий таранглик киритилган. Ижтимоий-психологик мосланувчанлик имкониятлари баҳоланганда орттирилган юрак хасталигига чалинган беморларда асосан оилавий ҳаётдаги зиддиятларга йўналтирилган бўлса, юрак ишемик касалликлари билан оғриган беморлар учун жамият билан боғлиқ ижтимоий муҳит муҳимроқ ўрин тутиши аниқланган.

Ишхона ёки оиладаги кундалик асаббузарликлар, руҳий зўриқиш ҳолатларининг асаб тизимига салбий таъсири ўзига яраша жисмоний соғлигимизга ҳам кучли таъсир этади. Шунинг учун ҳар қандай вазиятда ҳам соғлигимизни, руҳий мувозанатимизни асрай билишимиз зарур. Шу қатори атрофимиздаги инсонларга, яқинларимизга ҳам эътиборли, меҳру мурувватли бўлиш ўринлидир.

Юрак-қон томир тизими касалликларининг инсон руҳий ҳолатига таъсири ҳақида сўз юритилганда аксарият беморларда соғлигидаги мавжуд ҳолатдан кучли хавотир олиш, қаттиқ қўрқув ҳисси, умидсизликка тушиш каби салбий ҳолатлар сезилса, баъзилар мавжуд хасталикни инкор этишга уринишади. Бундай вазиятда хавотирларни четга суриб, касалликни шифокор кўмагида даволаш ҳамда дардга енгилмай ҳар бир бемор ўзини қўлга олиши муҳимдир.

Бемор шифокорга ишониб ва умид қилиб унинг тавсияларига қатъий амал қилса, албатта, тезда оёққа туриб кетади. Айниқса, хаста одам учун қалб хотиржамлиги муҳимдир. Бу борада унга психолог ёрдами зарур. Чунки бу мутахассис ҳар бир касал одамнинг темпераменти (мижози)дан келиб чиқиб, унга индивидуал ёндашади. Шунингдек, беморнинг яқинлари ҳам шифокор ва руҳшунос билан ҳамкорликда хаста одамга руҳан далда беришлари даркор. Шундагина дори-дармонлар ва муолажалар унга ижобий таъсир этади.

 

Нилуфар УСМОНОВА,

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт

маркази кардиоцеребрал патология бўлими мудири,

Нозима САЛИМОВА,

катта илмий ходим,

Назокат ҲАСАНОВА,

психиолог ёрдамчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: