Аллергия фақат мавсумий касаллик эмас

Тўрт фаслда ҳам учрайдиган аллергия хусусида биз қандай маълумотга эгамиз? Унинг сабаблари ва олдини олиш чора-тадбирлари ҳамда оқибатлари ҳақида Республика фтизиатрия ва пульмонология ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт маркази кичик илмий ходими Наталья Гафнер бизга қуйидагиларни сўзлаб берди:

Ушбу хасталик организмнинг бирорта моддага нисбатан сезгирлигининг ошиб кетишига айтилади. Бундай маҳсулотлар сирасига кимёвий ингридиентлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, жун, чанг, микроблар, моғор замбуруғлари киради. Ҳозирги кунда инсон организми ичида пайдо бўлувчи моддалар ҳам аниқланган. Уларга эндоаллергенлар ёки аутоаллергенлар деб ном берилган. Айнан шу аллергенлар табиий бўлади ҳамда тўқималарнинг ўзгармас оқсиллари ҳисобланиб, иммунитет учун жавоб берувчи тизимдан алоҳида бўлиб қолган. Шунингдек, яна орттирилган, яъни термик, нур, кимёвий ҳамда бактериал, вирус каби бошқа салбий омиллар таъсирида ўз хусусиятини ўзгартирган оқсиллар ҳисобланади. Мисол учун, гломерулонефрит, ревматизм (бод), артрит (бўғимлар яллиғланиши), гипотериоз (бўқоқ касаллиги)да аллергик реакциялар кузатилади. Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, аллергияни аср хасталиги ҳам деб аташ мумкин. Чунки ер шарининг 85 фоиз аҳолиси турли аллергик касалликлардан азият чекади. Аллергия – бу терига тегиб кетган ёки организмга тушган аллергенларга нисбатан одам танасининг тўсатдан, ўзига хос реакция бериши ҳисобланади. Кўп ҳолатларда бу хасталикни даволашдан кўра аллергенни аниқлаб, уни бартараф этиш ўта муҳим саналади. Сабаби профилактик чора-тадбирлар тўлиқ самара бериши учун касалликни келтириб чиқарган сабабларнинг туб моҳиятини англаш зарур. Шунингдек, организмнинг аллергенга нисбатан қандай реакция бераётгани ҳамда ушбу дарднинг клиник белгиларига аҳамият бериш натижасида шифокор беморга ўз вақтида ва тўғри тиббий ёрдам кўрсатиши мумкин.

Бу касаллик индивидуал, яъни ҳар бир хаста одамда ўзига хос ҳолатда кечади. Кимдадир баҳорда турли дов-дарахтлар ҳамда ўсимликлар гуллаган даврда гулчангга нисбатан аллергия қўзғалса, яна кимдадир уй ёки қоғоз чангига нисбатан унинг организмида сезгирлик ошиб кетади. Яна бировларда эса ҳайвонларнинг жуни сабабли дард ривожланади. Умуман олганда ушбу хасталик бронхиал астма (зиққинафас), дерматит (тери яллиғланиши) ҳамда “эшакеми” (қичима) касаллиги асосида юзага келади. Шунингдек, айрим инфекцион (юқумли) хасталиклар ҳам аллергия билан кечади. Ушбу ҳолатда аллергияни юқумли дея аташ жоиздир. Айрим ҳолатларда айнан бир аллергенлар турфа беморларга ҳар хил вақтда турлича таъсир этади.

Сўнгги ўн йилликда аллергия билан хасталаниш анча кўпайди. Бундай ҳолатни эса аллерголог олимлар турлича илмий фаразлар билан талқин қилишмоқда.

Яъни, гигиенанинг таъсири хусусидаги фараз. Бу фаразга кўра ҳаддан зиёд гигиенага амал қилиш натижасида организмнинг турли антигенлар билан ўзаро таъсири камаяди ва иммун тизими заиф ривожланади. Айниқса, бу ёш болаларда кузатилар экан. Ер юзи аҳолисининг кимёвий ишлаб чиқарилган сунъий озиқ-овқат маҳсулотларига ўта ружу қўйиши сабабли ҳам аллергик касалликлар авж олмоқда. Натижада бу дард сабабли беморларнинг эндокрин ва асаб тизими жиддий шикастланади ва унинг фаолияти издан чиқади.

Яна ўқинг:  Омонмисиз, Одам Ато ўғиллари?

 

Хасталик белгилари ва унинг оқибати

Ҳозирда аллергик касалликларнинг тури кўп. Шунингдек, унинг клиник белгилари ҳам турли-тумандир. Ушбу хасталик белгиларини осонгина бошқа дард билан адаштириш мумкин. Фақатгина тажрибали мутахассис шифокоргина беморга тўғри ташхис қўйиши мумкин. Мисол учун, респиратор аллергия аллергеннинг организмга юқори нафас йўллари орқали тушиши сабабли ривожланади. Бундай аллергенлар сирасига турли газлар, чанглар ҳамда жуда майда чанг заррачалари киради. Ушбу аллергенлар аэроаллергенлар дея аталади. Юқори нафас йўллари аллергиясини шундай хасталиклар сирасига киритиш мумкин. Аллергиянинг бу тури қуйидаги клиник белгилар билан намоён бўлади.

Яъни, аксириш, буруннинг қичиши, тумов (ёки бурундан сув келиши), айрим ҳолатларда беморда кучли йўтал кузатилади. Шунингдек, хаста кишининг ўпкасида хириллаш каби товушни эшитиш мумкин. Айрим ҳолатларда касал одам бўғилиб қолади. Бундай клиник белгиларга қараб беморда бронхиал астма ёки аллергик ринит ривожланмоқда, деб тахмин қилиш мумкин.

Дерматозда терида турли тошмалар кузатилади ва аллерген таъсирида шишади ҳамда унда сувли тошмалар пайдо бўлади. Натижада тери қизариб, қичишади. Бемор тошмаларнинг қичишига чидай олмай уларни кучли қашлаши ёки тирнаши мумкин. Оқибатда тирналган тери соҳасига инфекция тушиб, ярага айланади. Турли аллергенлар (озиқ-овқат маҳсулотлари), аэроаллергенлар, косметика ва маиший кимёвий воситалар, шунингдек, дори-дармон препаратлари ҳам дерматоз ривожланишига сабаб бўлади. Шунингдек, ушбу аллергик хасталик юқорида таъкидланган клиник белгилардан ташқари терининг қуруқлашиб, қипиқланиб ва эпидермиснинг кўчиши ҳамда темиратки каби тошмаларнинг пайдо бўлиши билан ҳам кузатилади.

Аллергик конъюктивитда беморнинг кўзлари шикастланади. Хасталикнинг бу турида касал одамнинг милклари қизариб, кўз соққалари кучли ачишиб, ундан кўп ёш оқади. Энтеропатияда эса хаста кишида истеъмол қилган озиқ-овқат маҳсулотлари ёки дори воситалари сабабли, унинг меъда-ичак тизими фаолияти бузилади. Аллергиянинг бу турида беморнинг кўнгли айниб, у қусади ҳамда ичи кетади ёки дардманд одамда қабзият кузатилади. Касал кишининг лаблари ва тили шишади (Квинке шиши), ичаклари санчиб оғрийди. Айниқса, аллергик хасталикларнинг энг оғир тури анафлактик шок ҳисобланади. Бу ҳолатда аллергик реакция беморда бир неча лаҳзалардан то беш соатгача давом этиши мумкин. Заҳарли ҳашарот чақиши (ари, қорақурт ёки шу каби жонзотлар) ёки дори – дармон воситаларини истеъмол қилганда аллергик реакция сабабли хастанинг аҳволи тўсатдан оғирлашади.

Яна ўқинг:  Аждодларимиз жасорати ва қаҳрамонлиги хотирамизда мангу қолажак

 

Анафлактик шокнинг қуйидаги белгилари мавжуд:

Касал одамнинг бирдан нафас олиши оғирлашиб, у ҳансирай бошлайди. Гўёки ҳаво етишмаётгандай бўғилиб қолади. Беморнинг аъзои – бадани тутқаноқ тутгандай титрайди. У ҳушини йўқотади. Танасига тошма тошади. Беихтиёр хаста киши пешобини тутаолмай қолади. Ихтиёрсиз ичи келиши мумкин ҳамда касал одам қусади. Агар юқорида таъкидланган белгиларни бирор кишида кузатсангиз зудлик билан шифокорга мурожаат қилинг ёки “Тез тиббий ёрдам”ни чақиринг.

Акс ҳолда беморнинг ҳаёти хавф остида қолади ва у вафот этади. Аллергиянинг грипп ва ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция)ларга ўхшаш клиник белгили турида беморнинг тана ҳарорати ошмайда ҳамда унинг бурнидан келадиган суюқлик шаффоф рангда бўлиб, сувга ўхшайди. Аксириш эса тинимсиз ва тез-тез кузатилади. Ушбу хасталик аллерген сабабли узоқ чўзилади. Грипп ва ЎРВИ касаллигига чалинган бемор эса унга нисбатан тез тузалади.

 

Касалликнинг сабаблари

Нотўғри овқатланиш ва носоғлом турмуш тарзи аллергик хасталиклар сабабчисидир. Айниқса, сунъий бўёқли турли кимёвий қўшимчалар солинган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш ва шундай рангдаги газли яхна ичимликларни ичиш, кучли руҳий зўриқиш ёки қаттиқ ҳис-ҳаяжонга берилиш ҳамда бирор нарсадан тўсатдан сесканиб қўрқиш ҳам аллергия ривожланишига сабаб бўлади. Шунингдек, ушбу дардга наслий мойиллик ҳам мавжуд. Яна донор плазмаси ёки вакцинадаги ёт оқсилнинг организмга тушиши ҳамда чанг (кўча, уй ҳамда қоғоз, гул чанги), замбуруғ споралари, моғор, турли дори воситалари (пенициллин), озиқ-овқат маҳсулотлари (тухум, сут, буғдой, соя, денгиз маҳсулотлари, ёнғоқ, қизил рангли мева-сабзавотлар, дуккаклилар (мош, ловия, нўхат)ни истеъмол қилиш, бўғимоёқлилар (тахтакана, бурга, бит) ва бошқа ҳашаротларнинг чақиши, турли жонзотларнинг жуни, қушларнинг пати ҳамда уларнинг озуқаси, суварак, қандалаларнинг ажралмалари, латекс, кимёвий тозаловчи воситалар, кир ювиш ҳамда уй-рўзғор буюмларини тозалаш кукунлари ҳам иммун тизими заиф инсонларда хасталикни келтириб чиқаради.

 

Гулчеҳра ШИРИНОВА ёзиб олди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: