Истиқлол фаввораси
Чинорлари осмон билан тенглашади, қаерига борманг соя-ю салқинликдан баҳру дилингиз очилади.
Навқирон йигирма икки ёшни қарши олган истиқлол берган қулайликлару, шароитларни гапириб чарчамайсан. Шинам, тоза тезюрар автобуслар, ўзимизнинг енгил автомашиналар, қаерга десангиз олиб бориб қўяман деб турган микроавтобуслар – бу каби имкониятлардан қувонмай бўлмайди. Тошкенти Азим. Бекорга уни шундай деб аташмайди. Азим – кучли, қудратли, дегани. Тошкент ҳақиқатдан ҳам улуғ ва қудратли.
Миллионлаб жонни бағрига сиғдирган у, неча-неча залворли пўртаналарни бошидан кечирган. Худди янги тушган келинчак мисоли гул-гул очилиб бораётган шаҳримиз ҳар куни янги бир қиёфа касб этади. Унинг меҳри, бағри доимгидек иссиқ. Ўша оташ бизни доим у томонга чорлаб туради.
Миллионлаб юлдуз мисоли жилва қилаётган чироқ нурлари кузатуви остида севимли масканга йўл оламан. Унда оби ҳаёт билан ёруғлик, эзгуликнинг эгизак вакиллари ажойиб рақс ижро этишади. Қандай мусиқа янграмасин, улар ҳамнафас, ҳамдам бўлиб, берилиб рақсга тушишади. Осмон эса қувончдан шундай ажиб рангга кирадики, дунёнинг ҳеч қаерида бунчалик анвойи ранглар уйғунлигини топмасам керак, деб ўйлайсиз. Уфқдаги алвонранг оч мовийга, оч мовий эса тўқ мовийга у бинафшарангга уланиб кетган. Кеч тушган бўлса-да, бу раққоса фавворанинг биллур нурлари осмоннида уйқудан уйғотишга муваффақ бўлган. Осмонга отилаётган зар мисоли, яна қайтиб ерга тўкилаётган сув томчилари, қиқирлаб кулаётган гўдак беғуборлигини эслатади. Беихтиёр, шу сув томчилари орасига кириб олиб, улар билан бас дегунча рақс тушгинг, шу орқали барча чарчоқлардан халос бўлгинг келади. Сув билан теппа-тенг ўйинга тушаётган минг хил рангда ёниб ўчаётган чироқ нурлари ҳаётнинг янада ранг-баранг, гўзаллигини, тинчликнинг худди фарзанддек, худди онадек, хуллас дунёда нимаики муқаддас нарсалар бўлса, шулар каби азиз ва мукаррамлигини таъкидлаётгандек.
Мана қўл ушлашиб олган келин-куёвлар. Бирваракайига учта. Гўё фавворанинг ҳам уларга ҳаваси келгандек бир муддат тўхтаб турди-да, сўнгра оғзидан нур тўкиб, шўх рақсга туша кетди. Тинчлик бор юртда тўйлар кўп. Тўй кўп бўлса, миллатнинг давомчилари ҳам кўпаяди.
Манави болакай нуқул фавворага қараб жилмаяди. Уни жонли деб ўйлаяпти, шекилли. Қўлчаларини узатиб, ранго-ранг томчиларни, заррин нурларни тутмоқчи бўлади. Ажаб эмас, шу фаввора сабаб у йиллар ўтиб янгидан-янги нурли юлдузу сайёраларни кашф қилса… Тўғриси, мен ҳам негадир шу фавворани, жони бор деб ўйлайвераман. Унинг рақсини томоша қилгани юзлаб одамлар йиғилганидан хурсанддек туюлади. Яна шуниси ҳам борки, томошага келганлар орасида оддий деҳқон ҳам, япон диёридан келган доим кулиб турувчи қўғирчоқни эслатадиган сайёҳ ҳам, митти чақалоқ ҳам, ҳаётнинг камолот пиллапоясида турган ёш ўсмир ҳам, хуллас турли хил одам бор. Аммо фаввора одам ажратмайди. Ҳаммани кулиб, жилмайиб қарши олади. Хурсандлигидан минг хил муқом ва минг хил жилва билан рақсга тушаверади, тушаверади… Ҳеч чарчамайди, тинимсиз табассум улашади. У шундай ажойиб, у шундай бетакрор. У Ўзбекистон каби, ўзбек халқи каби бағрикенг..
Ҳа, нима энди битта оддий фавворада дейишлари мумкин. Сувда хотира борлиги дунё олимлари томонидан илмий исботлаб берилганига анча бўлди. Демакки, фавворани жонли дейиш мумкин. Демак, унинг хурсанд бўлиши, одамларни кўриб, завққа тўлиши тайин…
Мустақиллик… Бу ажиб фавворанинг пойдевори. Унинг бунёдкори. Менга қолса, бу фавворанинг номини истиқлол фаввораси дея катта зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўярдим.
Истиқлолдир дояси,
Яхшиларнинг ғояси.
Ҳаёт рақсига чорлар,
Истиқлол фаввораси.
Масканларнинг сараси.
Саида ИБОДИНОВА