Эзгу амаллар айёми

Истиқлол йиллари халқимиз учун чинакам маънавий тикланиш ва юксалиш давридир. Мустақиллик туфайли бебаҳо меросимиз, дину диёнатимиз, қадимий урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланди, мамлакатимизда виждон эркинлиги таъминланмоқда.

Президентимиз Ислом ­Каримовнинг шу йил 7 августда қабул қилинган «Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги қарори бунинг яна бир ҳаётий ифодасидир. Зеро, Рамазон ҳайити – эзгу амаллар айёми. Уни ўзаро меҳр-оқибат, бағрикенглик ва саховат руҳида кутиб олиш ва нишонлашда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат ташкилотлари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Республика «Маҳалла» хайрия жамоат фондидан олинган маълумотларга кўра, мамлакатимиздаги барча маҳаллаларда Рамазон ойининг халқимиз маънавий ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини тушунтириш, ўсиб келаётган ёш авлодни истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилган кўплаб тарғибот тадбири ўтказилиб, муқаддас қадамжолар, тарихий обидалар, қабристонлар ободонлаштирилган. Кам таъминланган оилалар вакиллари, боқувчисини йўқотган ва якка-ёлғиз фуқароларга моддий ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, Меҳрибонлик, Мурувват ва Саховат уйларига ҳомийлик кўмаги кўрсатилди.

Термиз шаҳри Учқун маҳалласида истиқомат қилувчи 80 ёшли Очил бобо Равшановнинг айтишича, улуғ айём кунларида табаррук ёшли отахон ва онахонларни зиёрат қилиб, дуосини олиш ёшларимиз ўртасида яхши анъанага айланган. Байрам муносабати билан маҳалла аҳли бобо яшаётган уйни таъмирлаш ва томини ёпишга яқиндан кўмак берди. Бундан отахоннинг кўнгли тоғдек кўтарилди.

Бу йил ҳам Рамазон ҳайити халқимизнинг энг улуғ, энг азиз айёми – Мустақиллик байрами арафасида нишонланмоқда. Байрамлар муносабати билан мамлакатимизнинг барча ҳудудида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, Самарқанд вилоятининг шаҳар ва қишлоқларида кўча ва ариқлар, муқаддас қадамжолар, қабристонлар ва уларнинг атрофи тартибга келтирилмоқда. Ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотганлар, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда.

– Вилоятимиздаги барча фуқаролар йиғинларида байрам олдидан ободонлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти бўлими раиси Шавкат Жониқулов. – Барча қишлоқ ва маҳаллаларда ҳашар уюштирилиб, қабристон ва зиёратгоҳлар яна бир бор тартибга келтирилмоқда. Хусусан, Пайариқ туманидаги Хўжа Исмоил номли маҳалладаги Имом Бухорий мажмуаси ва унинг атрофида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Яна ўқинг:  Ҳар кун, ҳар дам шукрона...

Ҳайит кунларида вилоятда истиқомат қилаётган кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, якка-ёлғиз кексалар, ногиронлар ҳолидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва байрам совғалари улашилади.

Ҳайит арафасида Тошкент шаҳрида ҳам хиёбонлар, майдонлар, кўча ва ҳовлиларни саранжом-саришта қилиш, ариқ ва зовурларни тозалаш, дарахтларга шакл бериш ишлари бажарилмоқда. Хусусан, Олмазор туманидаги «Мус­тақиллик» маҳалла фуқаролар йиғинида байрамга уюшқоқлик билан тайёргарлик кўрилмоқда.

– Бугун тўрт минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилувчи маҳалламизда байрамни тинч ва осойишта ўтишини таъминлаш, огоҳликни оширишга бағишланган тадбир ўтказдик, – дейди мазкур маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шуҳрат Пўлатов. – Шу кунларда ёши улуғ, ёлғиз кишилар, беморлар ҳолидан хабар олиниб, уларга дори-дармон ва тиббиёт воситалари, совғалар топширилмоқда. Барча кўча, майдон ва ҳовлилар саранжом-саришта қилинди. Олтита болалар майдончаси қурилиб, ҳудуддаги болалар боғчаси ва олтмишга яқин турар-жойнинг йўлаклари таъмирланди.

– Меҳр-оқибатли маҳалладошларим нафақат улуғ айём кунларида, балки доимо ҳолимдан хабар олиб туришади, – дейди Сир­ғали тумани Бобур номли маҳаллада яшовчи ёлғиз онахон Татьяна Гарилова. – Қўшни болалар «Таня буви», дея чақириб келишса, кўнглим кўтарилиб кетади. Шундай меҳр-эътибор боис ёлғизликни сезмай, шукрона билан умр кечиряпман.

Ҳа, тинч, тўкин ва фаровон элга байрамлар ярашади, татийди. Хал­қимиз Рамазон ҳайитини эзгу амаллар ва кўтаринки руҳ билан кутиб олаётгани ҳам юртимизнинг тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги, дастурхонимиз тўкинлигидандир. Нуроний отахон ва онахонлар дуога қўл очиб, бугунги саодатли кунларимизга, тинч, осойишта ва фаровон ҳаётимизга шукроналар айтиб, хонадонларга файз-барака тиламоқда. Юртдошларимиз ўз оиласи, маҳалласи, эл-юрти равнақи учун сидқидилдан хизмат қилаётгани бундай улуғ кунларнинг янада зиёда бўлишига – халқимизнинг эзгу амаллари янада бардавом бўлишига умид ва ишонч бағишлайди.

Сайёра ШОЕВА,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: