Барвақт қўйилган ташхис кўкрак саратонининг олдини олишда жуда муҳим

Ҳозирги даврда ўсма касалликлари бутун дунё бўйича глобал муаммо бўлиб ҳисобланмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра кўкрак бези саратони ўсма касалликлари ичида энг кўп учрайдиган хасталик бўлиб, хотин-қизларда ўлим ҳолати юз беришига сабаб бўлмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича ушбу дарднинг эрта босқичларида уни аниқлаш беморнинг соғайишига замин яратади.

Барвақт ташхис қўйиш хастанинг касалликдан бутунлай соғайиб кетиш эҳтимолини 94 фоизга оширади. Бунинг учун хотин-қизлар ўзларида кузатилаётган ҳар қандай ўзгаришларга беэътибор бўлмасликлари лозим. Маълумки, 40 фоиз ўсма касалликларининг олдини олишда зарарли одатлар (яъни, кашандалик)дан воз кечиш, тўғри ва соғлом овқатланиш, фаол бўлиш ҳамда саратон касалликларини келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш зарур.

Кўкрак бези саратони касаллигида сут безининг нормал без ҳужайралари ўсма хужайраларига айланади. Хасталик юзага келишида бир қанча хавф омиллари фарқланади:

— Ирсий омил, яъни касалланган аёлнинг онаси, холаси ва опаларида ушбу дарднинг мавжудлиги, ички гормонал омил – эстроген гормонининг (11 ёшгача бўлган даврда эрта ҳайз кўриш), ҳайзнинг кеч тўхташи (55 ёшдан сўнг), биринчи туғишнинг кечикиши, аёлнинг туғмаслиги ёки туғишдан кейин болани кўкрак сути билан эмизмаслик, чекиш (кашандалик), гиёҳвандлик, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш, кўкрак безининг шикастланишлари.

Бу касалликдан ҳимояланишнинг энг яхши усули унга эрта ташхис қўйишдир. Ҳар ойда беморнинг ўзи кўкрак безини текшириб кўриши ва мутахассис кўригидан ўтиши лозим. Ўз-ўзини текшириш ойда 1 марта ҳайз циклини 1 чи кунида ва 5-12 кунида ўтказилади.

 

Бунда қуйидаги хасталик белгиларига эътибор бериш керак:

Кўкрак бези учининг шаклига диққат қаратиш муҳим. Агар у ичкарига кириб кетган бўлиб, кичрайган бўлса, бу ҳолат ўсма касаллиги эҳтимоли борлигини билдиради.

Сут безининг шакли сақланганлиги, унда нотекисликлар йўқлигига эътибор бериш шарт. Чунки шу тарзда текширилиб кўрилганда аниқлик юзага келиши мумкин.

Унинг қаттиқлашиб қолган жойлари бор – йўқлигини текшириш лозим.

Қўлтиқ ости лимфа тугунларининг ҳажмига эътибор бериш ҳам муҳим. Уларнинг катталашуви – ўсма касалликларидаги асосий белгиларидан бири ҳисобланади.

Ушбу аъзо терисининг рангини кузатиш ҳам зарур ҳисобланади.

Кўкрак безида оғриқ кузатилиши, ҳайз цикли давомида нохуш ўзгариш сезилиши юқоридагилардан ташқари яна бошқа клиник белгилар ҳам аҳамиятга эга.

  1. Тошойна олдида туриб, бемор қўлларини пастга туширган ҳолда кўкрак бези шакли ва кўкрак учи териси кўринишини кўздан кечириши керак. Сўнгра қўллар бошнинг орқасига узатилади. Бунда кўкрак безлари шакли ва ҳажми ўзгариши, тортилиши, тери рангининг ўзгариши кузатилади.
  2. Ўнг қўл бошнинг орқасига қўйилади ва ўнг кўкрак бези пайпаслаб кўрилади. Одатдагидан бошқача ўзгаришларга эътибор берилади. Худди шундай кўздан кечириш чап кўкрак безида ҳам такрорланади.
  3. Бош ва кўрсатгич бармоқлар ёрдамида кўкрак учи босиб кўрилади. Унда қандайдир ажралма бор ёки йўқлиги текширилади.
  4. Ётган ҳолатдаги текширувда курак соҳаси тагига ёстиқ қўйилади. Ўнг қўл бош остига қўйилади ва ўнг кўкрак бези пайпаслаб кўрилади.
  5. Ўнг ва чап қўлтиқ ости соҳасини қўлнинг айлана харакати билан пайпаслаб кўриш даркор.
Яна ўқинг:  Кесарча кесиш амалиёти илк бор қачон ва қаерда ўтказилган?

 

Бундан ташқари ҳар бир аёл ўз вақтида мутахассис кўригидан ўтиши лозим. Уларга қуйидагилар киради.

  1. 40 ёшдан ошган аёллар йилда 1 марта маммолог-мутахассис кўригидан ўтиши шарт.
  2. 20 ёшдан ошган барча хотин-қизлар 2 йилда 1 марта кўкрак бези УТТ-ультратовуш текширувидан ўтиши муҳим аҳамиятга эга. Бу текширув ҳайз циклининг 5 – 12 кунлари ўтказилади.
  3. Маммография – кўкрак бези рентгенографияси ҳам амалга оширилади.

 

Касаллик хавфини камайтириш учун фойдали тавсиялар:

Тиббий текширувлардан мунтазам равишда ўтиб туриш зарур. Жисмоний машқларни бажариш керак. Тана вазнини меъёрда ушлашга ҳаракат қилиш соғайиб кетишга замин яратади. Зарарли одатлар, яъни чекишдан воз кечиш зарур. Чунки чекиш ўсма касалликлари келиб чиқишига туртки бўлади. Оналар ўз фарзандларини кўкрак сути билан боқиши муҳим. Таомномани турли-туман маҳсулотлар билан бойитиш даркор. Мева ва сабзавотларни кўпроқ истеъмол қилиш керак. Ёғли, қовурилган овқатларни камроқ тановул этиш лозим. Спиртли ичимликлар истеъмол қилмаслик шарт. Ёз мавсумида тик тушадиган қуёш нурларидан сақланиш, яъни танани қуёш нурларидан ҳимоялаш воситаларидан фойдаланиш зарур. Кимёвий моддалар билан ишлашда эҳтиёт чораларига эътибор бериш муҳим.

 

Ҳурматли хотин-қизлар, ўзингиз ҳақингизда ҳозирданоқ қайғуринг ва саломатлигингизни асрашга харакат қилинг.

 

Дилобар МИРРАҲИМОВА,

тиббиёт фанлари доктори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: