Оқ сочлар дарддан даракми?
Кўзгу қаршисида қолганимизда қадди-қоматимиз, юз-кўзимиздаги ўзгаришларни кўриб, уни қандай бартараф этса бўлади, деб ҳамиша бош қотирамиз.
Йиллар давомида пайдо бўлаётган юзимиздаги майда ажинлар, сочимизда оралаган оқ толалар киши таъбини хира қилиши тайин.
Аммо биз аёллар ёшимизга қарамасдан ҳамиша гўзал бўлишни истаймиз.Бевақт сочимизга тушган оқ толалар кишини ўз ҳусни борасида жиддий бош қотиришига мажбур этади. Олимларнинг таъкидлашича, 30-35 ёшдаги аёлларда оқ сочларнинг учраши нормал ҳолат экан.
Сочларга эрта оқ тушиши бир неча омилларга боғлиқ бўлиб, биринчидан бунга нотинч ва асабий ҳаёт сабаб бўлса, иккинчидан нотўғри овқатланиш, организмда бир гуруҳ витаминлар, кальций, мис моддасининг етишмаслиги сабаб бўлар экан. Бундан ташқари юрак-қон томир хасталиги, қалқонсимон без фаолиятининг бузилиши, турли инфекцион касалликлар шунингдек, камқонлик, моддалар алмашинувининг меъёрида эмаслиги ҳам соч оқаришига олиб келади.
Кўпгина қизлар соч турмагини асраш ниятида қиш ва ёз мавсумида бош кийимсиз юришади. Қиш кунларида бошни илиқ тутиш, ёз ойларида эса сочларни қуёшнинг иссиғидан асраб, енгил бош кийимида юриш мақсадга мувофиқ.
Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, кофе ва спиртли ичимликларнинг таркибида ҳам сочларни оқартирувчи модда мавжуд экан. Яна организмда бирор бир витаминнинг ортиб кетиши ёки етишмовчилиги ҳам сочларнинг ўз рангини йўқотишига сабаб бўлиши мумкин. Агар сочингизда оқ оралаган бўлса, уни кимёвий бўёқларда бўяшга, шунингдек, уни юлишга уринманг. Бу оқ сочларнинг янада ортишига сабаб бўлади.
Аммо бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мумкин. Бунинг учун тўғри овқатланиш зарур. Шу билан биргаликда сочингизни табиий бўёқлар (хина) билан бўяшингиз ва унга қарши халқона усулда курашиш ҳам мумкин. Масалан: кашнич, сельдрей, пастернак(ширин илдизли хушбўй ўт) кўкатининг 1-3 ош қошиқ миқдоридаги сувидан кунига бир марта фойдаланиш, шунингдек, соч илдизига олча, ўрик суви, қичитқи ўтдан тайёрланган дамламани суртиш фойдали ҳисобланади. Бу усуллардан фойдаланиш билан биргаликда йилига икки маротаба терапевт ҳузурига бориш тавсия этилади.