Шифокорлар малакасини ошириш учун янги марказ ташкил этилди
Тошкентда Инновацион масофавий ўқитиш ва мониторинг маркази ҳамда Бухоро вилоятида унинг шўъбаси очилди. АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (ЮСАИД) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази билан ҳамкорлигида амалга оширди.
ЮСАИД ўзининг Сил касаллигига қарши курашиш дастури орқали марказга видео-конференция, ахборот технологиялари ва офис ускуналарини тақдим этди. Бу Тошкент шаҳридаги Инновацион масофавий ўқитиш ва мониторинг марказидаги шифокорларга Бухоро вилоят сил касалликлари шифохонасидаги ҳамкасблари билан онлайн тиббий маслаҳатлар ўтказиш, сил касаллигига аниқ ва тез ташҳис қўйиш, даволаш мақсадида билим ва клиник тажриба алмашиш имконини беради. Шунингдек, Марказ минтақавий сил касалликлари муассасаларидаги тиббий ходимлар учун масофавий ўқитиш воситаси сифатида хизмат қилади.