Китоб ўқиган одам

Одамларни, айниқса, ёшларни ҳаётда тўғри йўл танлашларида фикри теран, дунё қараши кенг, қалби тоза инсонларнинг ҳиссаси катта. Бундай одамлар ҳар бир маҳаллада, ҳар бир илм масканида ёки меҳнат жамоасида топилади.

Улар ён-атрофидагиларга яхшилик ва эзгуликлар улашишни инсоний бурчи деб билади. Уларга ёндошган киши, албатта, ҳаётда тўғри йўлни излайди ва ўз олдига қўйган эзгу ниятига етишади. Кези келганда “Яхшиям, шу кишига дуч келганим. У киши мен учун устоз!” дея эътироф этишади.

Хўш, УСТОЗ мақомига эришиб, эл ичра обрў-эътибор қозонган кишининг бошқаларга йўл-йўриқ кўрсатиб, қимматли маслаҳатлар беришининг сабаби нимада? Уларнинг жамиятдаги ўрни, одамлар ўртасида обрўси, ўз фикр-мулоҳазалари билан ўзгалар қалбига йўл топишларининг боиси, кўп КИТОБ ЎҚИГАНликларидан, десак асло муболаға бўлмайди.

Болалик йилларимиз. Саксон ёшни қоралаган Саъдулла тоғамизни қалин муқовали китоб ўқиб турганларининг кўп бор гувоҳи бўлганмиз. Тўй-маъракаларда қишлоғимизнинг ҳамма ҳурмат қиладиган одамлари тоғамнинг гапларини охиригача тингларди. Бирор даврага кирсалар, ҳозиргина баҳс-мунозарага сабаб бўлиб турган савол тоғамнинг жўяли, ўринли жавоблари билан барҳам топарди. “Саъдулла бобо, ҳақ гапни айтди… Кўпни кўрган-да, ҳамма нарсани билади…”, – дейишса ич-ичимиздан севинардик. Ёшимиз улғайгач, билдикки, тоғам – Саъдулла Абдуллаев филолог бўлган экан. Туман газетасида бош муҳаррир, кейинчалик туман раҳбари бўлиб ишлаган. Автокорхонада раҳбарлик қилиб, нафақага чиққан. Қизиғи, у кишини яқиндан билганлар “Қўлларидан китоб тушмасди. Ишни эплолмаган ходимларни койиганда: Ҳе, ўқимаган!..” деб қўярди, дейишади. Эсимдан чиқмайди. Тоғам нафақага чиққач, туман марказидаги китоб дўконини юритди. Дўконга кирсак, дераза ёнидаги стулда ўтирган кўйи китоб мутолаасига берилган бўларди. Савдо ишини ўғиллари Сўнмас бажарарди.

Маҳалладош ўқувчилар ёки жиянлар билан гаплашганда: “Хўш, қайси ёзувчиларни китобларини ўқидинг. Бирорта шеър айтиб бер-чи…” дея саволга тутарди. У киши билан суҳбатлашиш учун албатта, КИТОБ ЎҚИГАН бўлиш зарур эди.

Бадиий асарга қизиқиш касб-кор ёки ёш танламайди. Олий маълумотли одамларга эътибор беринг, дейлик, ўқитувчи, шифокор, муҳандис, санъаткор… Лекин, уларнинг орасида бошқа ҳамкасбларидан ўзининг тафаккури, фикри теранлиги билан ажралиб турадиганлар бор. Дипломни қўлга олиб, ўз касбида ишлаб, тажриба орттирган, мутахассислиги орқасидан обрў-эътибор қозонган икки нафар кишига назар ташланг. Бири иккинчисидан фарқ қилади. Муомаласи, фикрлари билан одамларни ўзига жалб этгани бу – кўп КИТОБ ЎҚИГАН одам.

Яна ўқинг:  Бой берилган вақт

Аҳмад акам оиламизнинг тўнғичи. Узоқ йиллар ички ишлар соҳасида хизмат қилди. Китоб мутолаа қилиш жон-у дили. Шоирлар, адиблар ва адабиётшунослар ҳақида ёки бугунги адабий жараён хусусида унча-мунча филолог-олим билан бемалол баҳслаша олади.

 

Адабиёт муаллимлари дарсликдаги уч-тўртта ижодкордан бошқани билмайди. Ўқитувчининг ўқимаслиги ўқувчига салбий таъсир этади. Ёшлар КИТОБ ЎҚИГАН одамга эргашади-ку, ахир, – дейди.

 

Қишлоғимизда пахса деворнинг устаси бўлган Туроб бобо Рашидов бор эди. Ўзи оддий уста бўлса-да, мазмундор гурунглари билан бир уй одамни оғзига қаратарди. У кишини яқиндан танимаганлар “Ёшлигида адабиёт муаллими бўлганмикин?” деган хаёлга ҳам боришарди.

Ўзбек халқ достони воқеалари қишлоғимиз тоғ ён бағрида бўлиб ўтган. Анча йиллар олдин “Янги аср авлоди” нашриётида “Ёзи билан Зебо” достонини қайта нашр эттирдик. Бу китоб чоп этилганидан биринчилардан бўлиб қувонган ҳам уста Туроб бўлди.

“Болаларим ўқинглар, бизлар ўқиёлмадик. Ҳозир ўқишларинг, кўзлаган мақсадларингга эришиш учун ҳамма имконият бор. Ким бўлишларингдан қатъий назар КИТОБ ЎҚИГАН ютади, ҳа, вақтни беҳуда ўтказманглар!” – дерди ёшларга насиҳат қилиб.

Ўқувчилик давримизда мактабимиз залининг бурчагидаги каттакон хона кутубхона учун ажратилган эди. Жавонлардаги китобларнинг салобати ўқувчиларни ҳайратлантирарди. Мудира басавлат гавдали аёл Ойимжон опа Қурбонова ҳар тонг даста-даста газета ва журналларни қўлларида кўтарганча йўлакни тўлдириб юрарди. Кутубхона биз учун сирли макон эди. Эшик очилиши билан ёш китобхонлар сирли маконга интилишарди.

МутолаАга меҳри баланд бўлган ўқувчилар ёши катта бўлганда ҳам, турли касбда фаолият юритишидан қатъий назар бир умр китобларга ошно бўлишди. Зеро, мазмунан бой, қизиқарли, тарбиявий аҳамиятга эга бўлган бадиий юксак асарларнинг оҳанрабоси бор.

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Жуманазар Бекназарнинг номи адабиёт мухлисларига ҳам яхши таниш. Тиббиётга оид 250дан ортиқ илмий мақолалар, 50 га яқин илмий ихтиролар ҳамда рационализаторлик таклифлари муаллифи бўлган Жуманазар Бекназарнинг “Болангиз нега безовта?”, “Тош балоси”, “Гулдек нозик”, “Болаларга бағишланган умр”, “Она ва бола таянчи”, “Қамай достони”, “Ёниқ юрагим”, “Меҳр қуёши”, “Изтироблар комида”, “Манзилдан кейинги йўл”, “Йиллар силсиласи” номли китоблари чоп этилган.

Биринчи синфда яхши ўзлаштиролмаганим учун икки марта ўқиганман, – дейди у киши ўқувчилик йиллари ҳақида сўз юритганда, 2-синфга ўтолмаганимнинг аламиданми, диққат-эътиборим китобда эди. Бир куни “Алифбе” китобини варақлаётган пайтимда миямда қандайдир ғалати, чириллаган товуш пайдо бўлди-да, бош томондан бошланиб, орқа томон – энсадан чиқиб кетди. Шу заҳотиёқ, “Алифбе”ни шариллатиб ўқий бошладим. Кейин, газеталарни мутолаа қилишга тушдим. 6-синфда ўқиётганимда китобларга, адабиётга бўлган иштиёқим янада ортди. Бунинг сабаби, отамнинг бир китобни яшириб ўқиётганини билиб қолдим. Ишдан келади-да, китобни ўқиб, яна беркитиб қўяди. Секин, пойлаб бориб, китобни қаерга яширишларини билиб олдим. Китобни олиб, ўқишга тушдим. Бу Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи эди. Асарнинг асл моҳиятига унча тушунмаган, сўзларни кўпам англолмаган бўлишим мумкин. Аммо, гап нима ҳақда кетаётганини, асар қаҳрамонларининг руҳий изтироблари, роман воқеалари кўнглимга чуқур ўрнашиб қолди. Ва шу пайтдан бошлаб китобга, адабиётга беқиёс даражада меҳр қўйдим…

Яна ўқинг:  Ўзбекистон ва Буюк Британия ўзаро беллашади

“Китобларни ўқишни асло канда қилма. Чунки қанчалик билимли бўлсанг ҳаётда эгаллаган ўрнинг ҳам ўшанчалик мустаҳкам бўлади…” дерди отам, дея хотирлайди олим.

Инсоннинг маърифатли, маънавиятли, маданиятли бўлишида китобнинг роли бениҳоя катта. Бундай инсонлардан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди. Зиёли одам ўзининг билими, тажрибаси, амалий кўникмаларини бошқаларга ҳам ўргатишга ҳаракат қилиб, ўша ўрганган инсоннинг ўзидан бирон нарсани ўзлаштирганини кўрган пайтда унинг қувончи ичига сиғмай кетади. Мана шу шодлик, қувонч ҳислари фақат адабиётдан баҳраманд бўлган одамларда пайдо бўлиши мумкин…

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев китоб ва китобхонлик, маънавият хусусида қайта ва қайта таъкидлаяпти. Бу эса юртдошларимиз қалбига ғурур бағишлаб, одамларни китобга бўлган иштиёқини ошираяпти.

Қайси оилада китобхонликка эътибор қаратилган бўлса, ўша хонадонда камол топаётган фарзандлар СЎЗни, илмни қадрлайди. Комил инсон бўлишга интилади. Қанчадан-қанча зиёлилар, оддий касб эгалари, мансаб пиллапояларидаги ўзимиз таниган одамларни яхши биламиз. Уларнинг орасида танлаб, саралаб КИТОБ ЎҚИГАН ОДАМ ажралиб туриши бор гап. Нурли чеҳрали, хушмуомалали, одамларга фақат ва фақат яхшилик истовчи, эл-юрт корига ярайдиган, маънавияти юксак ОДАМ билингки, у албатта, КИТОБ ЎҚИГАН!

 

Абдулла АЙИЗОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: