Насабингизни биласизми?

ёхуд шажарани давом эттириш хусусида

 

Ҳеч эътибор берганмисиз, ота-боболарингиз яшаб ўтган гўшага борганингизда ўша ернинг ёши улуғлари ташқи қиёфангиз, гап-сўзингиз, қолаверса, ўзингизни тутишингизга қараб, кимларнинг авлоди эканингизни фаҳмлайди.

Узоқ йиллар яшаб, эл орасида обрў қозонган бобонгизни исмини айтиб, “Сен фалончининг невараси эмасмисан?” ёки “Қош-кўзингга қараганда сен фалончилардан бўлсанг керак?!” дейди. Буни қарангки, зийрак кексаларимиз бу борада сира адашмайди. Хуллас, насабни сақлаш, аждодларга муносиб бўлиш инсонга катта масъулият юклайди.

Бироқ, бугун ҳамма ҳам бу эзгу анъанага содиқ қолаётгани йўқ. Ҳатто, кўпчилик инсонлар шажарасини тўлиқ айтиб бера олмайди. Бунинг энг асосий сабаби ҳали авлодлар давомийлигида бобоси, отасининг исми фамилия бўлиб улгурмасдан, оталар ўз исмини фамилия сифатида фарзандларига бераётганидадир.

– Ҳар бир инсон учун туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома илк қонуний ҳужжат ҳисобланади, – дейди Тошкент шаҳар 1-сонли ФҲДЁ мудираси Мастуба Садретдинова. – Шунингдек, бола туғилган заҳоти рўйхатга олинади ва туғилган дақиқасидан бошлаб, исм билан аталиш, шунингдек, ўз ота-онасининг ғамхўрликларидан баҳраманд бўлишга ҳақли ҳисобланади. Фарзандга муносиб исм қўйиш ота-онанинг бурчи ҳисобланганидек, унга фамилия беришда ҳам миллий анъаналар ҳисобга олиниб, ота-онанинг келишувига биноан амалга оширилади. Кўпинча боланинг туғилганлигини қайд этишда унга ота ёки онанинг ёки боболаридан бирининг исми фамилия сифатида берилади.

Дарҳақиат, Оила кодексининг 69-моддасида “Болага исм ота-онанинг келишувига биноан, ота исми – отасининг исмига кўра берилади. Боланинг фамилияси ота-онанинг фамилиясига қараб белгиланади. Ота-она турли фамилияларда бўлганда ота-онанинг келишувига биноан болага отасининг ёки онасининг фамилияси берилади. Ота-онанинг хоҳишига кўра болага ота ёки она томонидан миллий анъаналарга кўра бобонинг исми бўйича фамилия берилиши мумкин”, дея ёзилган.

Ушбу моддада айниқса, бир жумла жуда аҳамиятли. Яъни, миллий анаъаналарга кўра болага бобонинг исми бўйича фамилия берилиши мумкин. Шундай экан унда нега ҳозирги авлод вакиллари ушбу удумга содиқ қолмаяпти. Ахир азалдан маълум бир ном остида насабнинг давомийлиги камида икки авлод давом этган. Шундан сўнг эса кейинги авлод вакили ўз исмини фамилия сифатида давом эттирган. Назаримда, бунда ўзига хос ҳикмат бордек. Чунки насабнинг давомийлигини таъминлаш ўша инсоннинг, энг аввало, улуғ ёшда бўлиши, ўз авлодларига муносиб аждод бўлиб етишганлиги билан белгиланган бўлса, не ажаб.

Яна ўқинг:  Китоб ўқиган одам

– Яқинда етти аждодимиз ким эканлигига қизиқиб қолдим, – дейди қашқадарёлик Мунира Ҳусанова. – Дадамнинг фамилияси Ҳусанов бўлганлиги учун бобомнинг исмлари Ҳусан бўлса керак, деб ўйладим. Бироқ янглишган эканман. Кейин билсам, бобом ҳам Ҳусанов фамилиясида бўлиб, уларнинг оталари Тожинор бува Ҳусан бобонинг ўғли экан. Боболаримнинг номлари авлодларига фамилия бўлиб ўтмаганлиги сабабли катта бобом – Тожинор буванинг исмларини билишим қийин кечди. Яқинда акам фарзандли бўлди. Буни қарангки, жиянимизга ота-боболаримизнинг номи қолиб, ўзининг исмини фамилия қилиб берди. Эндиликда дадам, сўнг, Диёр ва Тожинор буваларнинг исмлари авлодларимиз насабида давом этмаяпти. Бу эса табиийки, шажара занжирида узилишга олиб келади. Худди мендек кейинги авлод вакиллари ҳам боболаримиз исмларини билишда қийинчиликларга дуч келади. Бунга ўхшаш оилаларни кўплаб учратиш мумкин. Назаримда, бу ҳол ота-боболаримизга нисбатан ҳурматсизлик, деб ўйлайман.

– Ислом динида насабга ниҳоятда катта эътибор берилган, – дейди пойтахтимиздаги Кўкалдош ўрта-махсус билим юрти мударриси Жалолиддин Аҳмедов. – Тарихий китобларга аҳамият берсак, барча уламоларнинг аввал исми, сўнг, отасининг, ундан кейин боболарининг исми кетма-кетликда ёзилади. Бу кетма-кетлик камида етти аждодигача, балки ундан ҳам кўпроқ давом этиши мумкин. Насабни ўзгартириш динимизда жоиз эмас. Агар кимдир фарзандликка бола олмоқчи бўлса, ўша боланинг ҳақиқий отасини исми аниқ келтирилади. Шундан сўнг асраб олган инсоннинг исми келтирилиши шарт. Токи, ўша бола улғайганда, насабнинг ўзгартирилиши орқали жигарлари билан яқин алоқларни ўрнатишида чалкашликлар бўлмаслиги лозим. Бугун эса фарзандликка олинаётган болага насаб беришда унинг ҳақиқий насаби мавҳумлигича қолади. Бу эса келажакда кўп хатоликларни, чалкашликларни келтириб чиқариши мумкин. Шунингдек, бу ҳол инсоннинг ўз шажарасини билмаслигига ҳам олиб келади.

Дарҳақиқат, аждодларимиз номининг давом этиши ва уларга муносиб авлод бўлиш ҳар жиҳатдан ўзимизга боғлиқ. Шундай экан миллий қадриятларимизга содиқ бўлайлик!

 

Майна ҲАСАНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: