“Метан” шохобчаларидаги ноқулайлик қачон бартараф этилади?

Узоқ сафарга чиққан кунимиз одатдагидай автомобилларга газ қуйиш шахобчасида тўхтаб ўтдик.

Машинамиз манзилга келиб тўхтагач, кузатувчи ходим йўловчиларни махсус кутиш жойига ўтишларини тайинлади. Барчамиз уловдан тушиб, одамлар тўпланиб турган томонга юра бошладик. Лекин негадир олдимиздаги машинада йўловчилар узоқ туриб қолди. Кейин билсак, машинада оғир бемор бўлиб, унинг ўрнидан туриши мумкин эмас экан. Шофёр ҳар қанча уринса ҳам шохобча ходими машинада қолиш мумкин эмаслиги, имконини қилиб бўлса-да, уни пастга тушириш зарурлигини таъкидлади. Охир-оқибат беморнинг яқинлари уни кўтариб, йўловчилар кутиш жойига олиб борди. Манзил анча узоқ бўлганлиги, бунинг устига бемор аёл киши эканлиги учун у ўзини анча ноқулай ҳис этарди. Боз устига кутиш жойида бемор учун етарли шароит йўқлиги сабаб, унинг аҳволи оғирлашди…

Бу каби ҳолатларга узоқ йўлга чиққан инсонлар бир марта бўлса-да гувоҳ бўлганига асло шубҳамиз йўқ. Тўғри, хавфсизлик қоидаларини ҳисобга оладиган бўлсак, одамларнинг машина ичида қолиши ҳаёт учун хавфли ҳисобланади. Лекин, шу ўринда ҳақли савол туғилади. Юқоридаги каби ҳолатлар кузатилганда газ қуйиш шахобчалари раҳбарлари беморлар учун зарур шароитларни яратиб бериши керак эмасми? Хўш, бундай масканлар қайси талабларга жавоб бериши керагу, хавфсизлик чоралари нималардан иборат?

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ юртимизда кенг аҳоли қатлами фойдаланадиган иншоотлар ногирон ҳамда бемор инсонларнинг жисмоний ҳолати инобатга олинган ҳолда қурилишига катта аҳамият берилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг фавқулодда вазиятлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Дадахонов. – Бу бевосита автомобилларга газ қуйиш шохобчаларига ҳам тегишлидир. Шу боис, ҳозирда АГТКШларнинг қурилишида бунга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сал аввал қурилган бундай масканлар эгаларига эса фуқаро хавфсизлиги ҳамда муҳофазаси каби ҳолатлар инобатга олинган ҳолда фаолияти қайта кўриб чиқилиши ва йўловчиларга етарли шароитларни яратиш бўйича топшириқлар берилган.

Дарҳақиқат, янги газ қуйиш шохобчалари мижозларга сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда. Бироқ, ҳаммаси ҳақида ҳам бундай деб бўлмайди. Айримларида ҳатто, ёғингарчилик пайтида йўловчилар учун ёпиқ кутиш жойлари ташкил этилмаган. Шунингдек, санитария-гигиена ҳолати ҳам мутлақо талабга жавоб бермайди.

“Ўздавнефьтгазинспекция” ташкилотининг берган маълумотларига кўра “Давархитектқурилиш” ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмиталарининг масъул ходимлари билан биргаликда 2018 йил 1 март куни ҳолатига кўра республикада фаолият юритаётган 591 та АГТКШдан 116 тасида намунавий, 216 та шахобчада эса замонавий лойиҳа асосида санитария-гигиена тармоқлари қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Яна ўқинг:  Тошкент халқаро конференцияси минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади

Бу албатта, қувонарли ҳол. Бироқ, биз юқорида келтирган ҳолатлар бўйича ҳам тез орада самарали ишлар амалга оширилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

 

Майна ҲАСАНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: