Ғилминди иси

Шарқ оламининг бетимсол улуғ мутафаккирларидан бири Кайковус томонидан 1082 йилда яратилган “Қобуснома” асари чин маънодаги пандномадир. Ҳар сафар дилим дўстларимнинг меҳридан ёришса ё аксинча кимларнингдир “меҳрибонлиги” туфайли туман билан қопланса, ана шу ақл сандиғини варақлайман. Чунки бу китобда “Дўст тутмоқ зикрида” боби бор.

Онам раҳматли айтгувчи эди:

– Болам, дўстлар бўлади чойингга, ошингга, бойлигингга ошно. Уларни ажрата олсанг қоқилмайсан.

Менинг назаримда дўст сўзининг тоши ўйлаганимиздан кўра оғирроқ. Ҳаёт йўлларимизга назар ташлайлик. Қайси дўстларимизнинг ҳолидан у кутмаган пайтда хабар олдик? Қайси бирларининг соғлиғидан хавотирландик? Ёки бошларига иш тушганда “оёқларимизни қўлларимизга олиб” югурдик. Топилса молим, топилмаса жоним, деб қайси бир қадрдонимиз атрофида парвона бўлдик? Дўстларимиз корига ярай оляпмизми?…

Ҳаётимда шукрки, дўстлар орттирдим. Мен улардан, улар мендан ҳамиша хабардор. Бир-биримизнинг ҳаётимиз, ташвишларимиз, яхши кунларимиз эътибордан четда эмас.

Ана шундай руҳимга нур бағишлайдиган дўсту дугонамнинг исми Клара. Қорачадан келган, кўзлари порлаб турадиган, бирор нарсага лоқайд қарамайдиган, ўзи яшайдиган Жомбой туманидаги Аҳмаджон Қурбонов маҳалласининг “ўтидан кириб, кулидан чиқадиган” бу аёл билан бошимга иш тушганда танишганман. Бу воқеага оз эмас, кўп эмас ўн уч йил бўлди.

Ўшанда айни саратон пайти эди. Эрталабдан қуёш забтига олган. Вужуд олов солинган тандирдай қизиб, чатнайди. Меҳри опам билан Ойимгул синглим Тошкентга айлангани келишди. Кетар чоғларида мени ҳам қўярда қўймай олиб кетишди.

Ҳали тонг рўмоли кўтарилмай йўлга тушдик. У ёқ бу ёқдан гаплашиб, кулишиб, гоҳо раҳматли бўлиб кетган ота-онамизни, бевақт хазон бўлган Неъматилла акамни эслаб “Қайдасан Қашқадарё?” деб кетавердик.

Жиззахни ортда қолдирганимизда кўзимиз илинибди. Бир маҳал ниманингдир қарсиллагани, синглимнинг аччиқ фарёдидан уйғониб кетдим. Атрофни тумонат одам босган, кимлардир бақириб-чақирар, Меҳри опам жон ҳолатда “Тирикмисан?” деб елкаларимни силталар, “Вой, сенга нима бўлди?” деб синглимни қучоқлар эди. Хуллас, биз Жомбой тумани марказига туташ жойда автоҳалокатга учраган эдик. Машинамиз олдида яна бир машина кўндаланг бўлиб ағдарилган, одамлар унинг атрофида ҳам айланишар эди.

Шу пайт узун бўйли, қорачадан келган бир йигит машинамиз орқасидан юкларимизни олди:

Яна ўқинг:  IMKONIYATLARDAN MAMNUNMIZ

– Опа менинг машинамга чиқинглар, дўхтирга олиб бораман, – деди у.

На исмини, на насабини билмайдиганим ана шу йигит бизни Жомбой туман марказий шифохонасининг “Тез тиббий ёрдам” бўлимига олиб борди. Ойимгулни дарҳол жарроҳлик столига ётқизишди. Қўли гул, чеҳраси очиқ, ўз ишининг устаси бўлган шифокорлар операцияни муваффақиятли якунлашди.

Бегона элда қандай бўларкин, деб ўйлаб турганимизда чеҳралари нурга, сўзлари дурга тўла, биз аввал таниш бўлмаган турли касб эгалари, ўша пайтдаги туман раҳбарларидан тортиб оддий меҳнаткаш инсонларгача бизнинг ҳолимиздан хабар олишди.

Ана шундай кунларнинг бирида палатамиз эшиги оҳиста чертилди. Сўнг эшик очилиб остонада оч яшилтоб крепдешин кўйлаги, бошидаги оппоқ рўмоли ўзига ярашган, қорачадан келган, кўзлари порлаб турган аёл кириб келди.

– Ассалому алайкум. Қашқадарёлик опаларнинг бошига иш тушибди, деб эшитиб келавердим. Вой, айланай сизлардан, хафа бўлманглар, жонингиз омон қолибди, кўрмагандай бўлиб кетасизлар, – деб жавдирарди аёл ҳар биримиз билан эгилиб кўришаркан.

Палатани жувозмойига пиширилган ғилминди иси тутиб кетди. Аёлнинг порлаб турган кўзларига қараб меҳрибоним онам раҳматли эсимга тушди.

– Болам, жувозмойига ғилминди пиширдим. Иссиғида иккитагина еб олгин, – деб тансиқ таом тутган қўлида юрагини тутиб турган онамни эсладим.

Қаранг, Клара пишириб келган иссиққина, ёғликкина ғилминди ҳам оғзимизга ёқди. Эҳтимол, бу онамни йўқотиб гарангсиб юрган пайтимизга тўғри келганидандир, балки бу аёл ростдан ҳам пазандадир. Хуллас, уч опа-сингил худдики онамиз қайтиб келгандек севиндик.

Чеҳрасидан меҳр ёғилиб турадиган Клара эса кун ўтган сайин бизнинг қадрдонимизга айланиб борди. У уйидаги кутубхонасидан Стендаль, Дюма, Ҳейне асарларини кўтариб келар, бу дурдоналардаги қаҳрамонлар тўқнаш келган ҳолатлар ҳақида биз билан суҳбатлашарди.

Ана шундай суҳбатлар чоғида Кларанинг онаси, ўз даврининг моҳир пиллакаши Кифоя опа ҳақида билиб олдик. Отаси, Жомбой туманининг Саричашма қишлоғи зиёлиларининг қалдирғочларидан бири, халқ маорифи аълочиси Исмоил ота Комиловнинг маориф ривожи йўлидаги фидойиликлари, одамларга қилган яхшиликлари ҳақида камтарлик билан айтган сўзларини тингладик. Энди ўйлаб қоламан. Кларанинг етти ёт бегоналарга бу даражада эътиборли бўлиши, иши, оиласидан ортиниб ҳар куни гоҳо икки марталаб ҳолимиздан хабар олиши эзгуликнинг давом этиши эмасми?

Яна ўқинг:  Эзгу ишга камарбаста

Ана шунақа. Жонкуяр, жонимжон Клара Комилова билан танишганимда туғилган болакай бугун ўн учга тўлди. Ана шу йиллар давомида бир-биримизни йўқлаб турдик. Яхши кунларда бирга севиндик. Гоҳо ташвишли вазиятлар бўлганда бирга қайғурдик. Хуллас, ана ўша менинг юрагимга ҳар доим хотираси билан қўрқув бағишлаб турадиган автоҳалокат садоқатли дугонам Кларани топишимга туртки бўлди.

Кеча уйга ишдан кечроқ қайтдим. Ҳориб қайтдим. Иссиқдан сал бўғриқиб қайтдим. Эшикдан киришим билан уй телефоним жиринглади. Келиним Озода менга салом берди-ю чаққонлик билан гўшакни кўтарди ва жарангдор овозда:

– Ойижон, сизни Самарқанддан Клара опа сўраяпти, – деди.

Ҳориганларим, иссиқдан бўғриққанларим, ишхонадаги арзир-арзимас кўнгил хираликларим бирпасда тумандек тарқаб кетди. Кўз олдим ёришиб, гўё юрагимнинг туб-тубидан меҳр отлиқ булоқ отилиб чиқа бошлади. Яшасин дўстлар, яшасин яхши одамлар! Мақола ёзиб Жомбой томонларда ана шундай қалби пок дугонам борлигини сизларга билдиргим, ҳавасингизни келтиргим келди.

Гулжаҳон МАРДОНОВА,

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: