Хуш келдинг эй, наврўзи олам!
Фаслларнинг ёш келинчаги,
Эзгуликнинг зар беланчаги,
Истиқлолнинг гули, чечаги,
Хуш келдинг эй, Наврўзи олам!
Дош қозонга ўт, олов ёқиб,
Сумалак-ла дилга хуш ёқиб,
Чаккамизга бинафша тақиб,
Хуш келдинг эй, Наврўзи олам!
Сен келганда яшарар дунё,
Қорлар эриб, тошар сув, дарё,
Офтоб сочар майин нур, зиё,
Хуш келдинг эй, Наврўзи олам!
Қўйилар чек, уруш-офатга,
Ўртадаги араз, хасадга,
Иғво, ғавғо, фисқу фасодга,
Хуш келдинг эй, Наврўзи олам!
Кўк сомсалар ёпилар яна,
Ҳар гўшада тўю тантана,
Этар давом қадим анъана,
Хуш келдинг эй, Наврўзи олам!
Гулла, яшна тинчлик баҳори,
Янгра мағрур дўстлик алёри,
Искандарнинг юзи, виқори,
Хуш келдинг эй, Наврўзи!
Искандар РАҲМОН