БОЛ ҲАМ МЕЪЁРИДА ТОТЛИ

ҳис-туйғулар ҳақида ҳам шундай дейиш ўринлидир

(боши)

Инсон ҳаётининг мазмун-моҳиятини бир бирига қарама-қарши турли ҳиссиётлар ташкил қилади. Инсон табиатида хилма хил ҳиссиётлар мавжуд экан, демакки, уларнинг ўзига яраша ўрни ва вазифаси бор. Ҳиссиётларимиз ички аъзо ва биологик тизимлар билан узвий алоқадорликда бўлади. Улар ҳаётимизга мазмун бахш этиши баробарида, айрим вақтларда ўзига хос компенсаторлик вазифасини ҳам бажарадилар. Бир сўз билан айтганда, табиатнинг яхши ёки ёмон мавсуми бўлмагани каби ҳиссиётларимизнинг ҳам яхши ёки ёмони йўқ. Масала меъёрни сақлай билишда. Муҳтарам муштарийлар, қуйидаги мақоламизда биз инсонларнинг ҳаётидаги асосий ҳис-туйғуларнинг вазифаси ва соғлиққа зиён етказмайдиган меъёри ҳақида фикр юритмоқчимиз.

Ғамгинлик

Психо-эмоционал жиҳатдан олиб қаралса, ғамгинликнинг вазифаси айрим вақтларда инсон ҳаётида учрайдиган нохуш вазият, турли стресс ҳолатларининг оқибатларини нисбатан юмшатишдан иборат. Одатда бундай вазиятларда организм нисбатан кучсизланиб қолган бўлади. Шундай қилиб, инсон ғам-андуҳга чўкканида унинг фаоллиги анча пасайиб қолади. Кайфиятсиз одам бошқа одамлар билан мулоқотга киришишдан ўзини тияди, имкони борича ёлғизликда қолишни истайди. Маълум вақт ўтгач инсон психикаси юз берган ҳолатга мослашиб олади ва кўтаринки кайфият қайтадан тикланади.

Бордию, инсон ҳаётида юз берган нохуш воқеаларга нисбатан адекват, яъни вазиятга мос келадиган даражада мутаносиб тарзда жавоб реакциясини билдиришга лаёқатли бўлса, у ҳолда жуда кучли ғамгинлик ҳам руҳий ҳолат учун хавф туғдирмайди. Таъкидлаб ўтишимиз жоизки, бундай ҳолатларда одам ўз-ўзидан яхши кайфиятли психо-эмоционал ҳолатга қайта олмайди. Бу вазиятда инсоннинг фаоллиги тобора сўниб бораверади. Ўз навбатида бу ҳол унинг тушкунлик кайфиятини янада кучайтириб юборади. Шундай ҳолатга тушган одам иложи борича ўз ғам-ташвишлари билан ёлғизликда қолмаслиги лозим. Ички ҳолатини бирон бир яқин одами ёхуд мутахассис билан муҳокама қилиб дардини енгиллаштириб олишга интилиши керак.

Ғам-андуҳ қанчалик кучли бўлса, одам шунчалик беҳафсала, бедармон бўлаверади. Кучли ғам-андуҳ ошиб ҳасратга айланиши мумкин. Бундай вазиятларда одамнинг диққат-эътибори, сусаяди, хотираси кескин пасаяди, миясида турли нохуш ўй-фикрлар ғужғон ўйнайди, депрессия ҳолати ривожланади, уларга қўшимча равишда турли хил физиологик бузилишлар кузатилади.

Вазиятни ўнглаш учун нима қилиш керак?

Инсоният шу вақтгача бошига кулфат тушганда жиддий ёрдам бериши мумкин бўлган биргина воситани ўйлаб топган – йиғламоқ. Ўзингизни хўрланган, ноҳақ камситилган, ёлғиз қолгандек ҳис этсангиз тўйиб-тўйиб йиғлаб олинг. Кўз ёшлари билан бирга организмдан стресс гормонлари чиқиб кетади.

Яна ўқинг:  БЎЛАЖАК ОНАЛАРГА ТАВСИЯЛАР

Ғазаб (нафрат)

Табиат жонзотларга бу ҳис-туйғуни ўзини ҳимоялаши учун зарур бир восита сифатида инъом этган. Ҳаётимизда турли воқеаларга, турли кишиларга дуч келамиз. Баъзида ташқи омиллар бизни ҳимояланишга ундаса, баъзан бирон бир кимса бизни шунга мажбур қилади. Ғашимизга тегаётган кимса ёки нарсани учратганимизда бехосдан ичимиздан ғижиниб кетамиз. Бутун вужудимиз ҳолат ёки вазиятдан тезроқ чиқиб кетишга интиламиз. Бордию тинч йўл билан зиддиятни ҳал этиш имкони бўлмаса, у ҳолда курашга шайланамиз. Шу ўринда айтиб ўтмоқчимизки, цивилизация қанчалик тараққий этиб маданиятлиликнинг аҳамияти қанчалик юксалмасин, табиат жонли организмларга ғазаб каби ҳиссиётни ўзлигини сақлаши учун ато этганини зинҳор унутиб бўлмайди.

Жаҳл келганида ақл кетади, деган нақл бор халқимизда. Бу бежизга айтилмаган. Қаҳр (ғазаб) қўзғолганида инсон ўзини ўзи бошқаролмай қолади. Ғазаб ҳисси бутун борлиғимизни чулғаб олса ва нисбатан узоқроқ вақт давомида бизнинг ақл-ҳушимизни бошқарадиган бўлса, одатда бош ва бел соҳасида оғриқ сезилади, уйқу қочади, фикрлаш қобилияти сусаяди, диққат-эътибор тарқалиб кетади.

Ғазаб (нафрат) ўти ниҳоятда кучайиб кетганида қўл-оёқлармизни титроқ тутади, кўзларимиз олди қоронғилашади, қалбимизда атрофимиздаги нарса ва кимсаларни янчиб ташлаш иштиёқи уйғонади. Бундай эмоционал ҳолатдаги одам вақтинча эс-ҳушини йўқотиши мумкин. Шу сабабдан ҳам у жуда хавфли бўлиб қолади.

Вазиятни ўнглаш учун нима қилиш керак?

Албатта қалбимизни чулғаб олаётган ғазаб (нафрат) ҳиссига эрк бериш зарур, аммо буни имкон қадар атрофдагилар учун зарар келтирмайдиган даражада ифода этиш керак. Бундай вақтларда қалбингизни чулғаб олаётган ҳиссиётни ташқарига чиқариб юбориш учун бирон бир жисмоний ҳаракат қилинг. Масалан, боксчилар учун мосламани дўппосланг, агарда бундай буюм топилмаса, оддий ёстиқни олиб саваланг. Қоғозни олиб йиртиб-йиртиб хуморингиздан чиқинг. Ғазаб ўти бирмунча пасайгач, фикрингизни чалғитишга ҳаракат қилинг.

Севинч

Манчестер университетининг психолог олимлари аниқлашича, инсон қалбини севинч ҳисси чулғаб олган пайтларда одамлар ўзига-ўзи анча баланд баҳо беришар экан. Ҳушчақчақ одам одамлар билан тез киришиб кетади, ўзини нисбатан тетикроқ ҳис қилади. Севинч ҳисси одамнинг ташқи қиёфасига ҳам ижобий таъсир қилади: юз терисидаги ажинлар йўқолади, одамнинг нигоҳлари тийрак, тетик ва ифодали бўлади. Хушкайфиятли одамлар бошқаларга қараганда ўзини бахтиёрроқ ҳис этади.

Яна ўқинг:  ХАБАРЛАР, ЯНГИЛИКЛАР, ВОҚЕАЛАР (2012-37)

Хушкайфиятли одамлар одатда жуда киришимли, меҳнатда ҳам фаол бўлишади. Бундай ҳолатда одамлар баъзан ақл бовар қилмайдиган хатти-ҳаракатлар қилишга қодир. Қалбингиздаги севинч ҳиси ичингизга сиғмай кетаяптими? Бундай пайтда ҳаёт фақатгина севинч ва бахтиёрлик туйғуларидангина иборат эмаслигини, унда инсон дилини хуфтон қилиши мумкин бўладиган нохуш ҳолатлар ҳам учраб туришини ёдга олинг. Оддийгина қилиб айтганда, бироз ҳовурингиздан тушинг. Ҳамма нарсада меъёр сақланиши лозим, деган қоидага амал қилинг.

Севинч ҳисси ҳаддан ортиқ даражадами? Бахтиёрлик, шодонлик ва хуррамлик кайфияти зўрлигидан осмонларга учиб кетгингиз келаяптими? Унутманг, халқимизда кўп кулган сўнгра хўп йиғлайди, деб бежизга айтишмаган. Ҳар қандай нарсанинг меъёридан ортиғи оқибатда шикаст етказиши мумкин.

Вазиятни ўнглаш учун нима қилиш керак?

Ҳаддан ортиқ даражада севинч ҳиссини туймоқдамисиз? Вазиятни меъёрига келтириш учун имкон қадар тезроқ ўз севинчингизни ишончли одамлар билан ўртоқлашиб бироз ҳовурингизни пасайтиринг. Сўнгра каимда 20 дақиқа давомида тез ва жадал ҳаракатланинг.

Уят

Айтиб ўтганимиздек, ҳар бир ҳис-туйғунинг ўзига яраша функционал вазифаси бор. Одатда уят (уялиш) ҳисси уйғонганида бир вақтнинг ўзида одам қандайдир бир айб иш қилганини ҳис этади. Бундай вазиятда пушаймонлик ҳисси уйғонади. Одам виждонан қийналади, ногоҳоний қилиб қўйган айб ишини ўнглашга, ҳеч бўлмаганида унинг нохуш оқибатларини бартараф этишга интилади. Психологларнинг таъкидлашича, бирон бир айб иш қилиш оқибатида ҳис этиладиган уят бўлмаса эди одамлар ҳеч қачон эзгу ишларга қўл урмасдилар.

Айб иш туфайли уйғонган уят ҳисси қалбимизни чулғаб олганида, одам позитив тарзда фикрлай олмайди. Унинг назарида қилинган ишнинг оқибатларини бартараф этишнинг иложи йўқдек. Бундай вазиятда бир нарсани унутмангки, ўзаро муносабатлар қилинган нотўғри ишлар туфайли бузилиб кетмайди. Воқеаларнинг бундай тус олишида сизнинг айбингиз бор албатта, аммо вазиятни ҳамма вақт ўнглаш мумкин. Қалбингиз ва онгингизни заҳарлаб ётган ўй-фикрлардан тезроқ қутилишга ҳаракат қилинг. Бунинг учун қилинган айб ишингиздан пушаймон эканлигингизни ошкора маълум қилиб узр сўранг.

Уят ҳисси ниҳоятда кучли бўлса айбдор одам ўзининг ич-этини еб юради. Аксарият ҳолларда бундай одамлар ўзларини ўзлари жазолашга, ўзига азоб етказиб гуноҳини ювишга ҳаракат қилишади. Қалбини уят хисси кемириб юрган одамлар мутлақо онгсиз равишда ўз бошига турли хил балоларни чақириб олади.

Яна ўқинг:  ЖАМҒАРМА ФААОЛИЯТИДАН (2012/37)

Вазиятни ўнглаш учун нима қилиш керак?

Энг аввало, чиндан ҳам айб иш қилганингизни эътироф этиб виждон азобидан қутулинг. Вазиятга эмоционал нуқтаи назардан эмас балки ақл-ҳуш позициясидан туриб баҳо беринг. Бир эслаб кўрингчи, бошқа одамлар сизга нисбатан неча маротаба шундай уятли ишларни қилишган экан. Эслай олмадингизми? Баракалла. Одам зоти шундайки, у ҳамиша ўзи қилган амалларинигина хотирлай олади. Бу билан демоқчимизки, қачонлардир сиз айб иш қилиб дилини ранжитган одамингиз аллақочон бу нохуш ҳодисани унутиб, сизни кечириб юборган. Ўзингизни айблашни бас қилинг.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: