Реактив артрит хуружи: унда қўлланадиган чора-тадбирлар

Бўғимларнинг яллиғланиш касаллиги – замонавий педиатриянинг ревматология йўналишидаги долзарб муаммоларидан биридир. Чунки бу хасталик сўнгги йилларда болалар орасида анчайин кенг тарқалиб, кўпайиб бормоқда. Шунингдек, ушбу дард баъзан сурункали кечиб, эрта ногиронликка олиб келмоқда.

Маълумки, “реактив артрит” термини илмий-тиббий адабиётга ХХ асрнинг 70-йилларининг бошида фин олимлари K. Aho ва P. Ahvogen томонидан киритилган бўлиб, иерсиниозли инфекциядан кейин ривожланган артритларни аниқлашда қўлланилган. Кейинчалик бу термин ревматик касалликларнинг барча замонавий таснифномаларидан мустаҳкам ўрин олиб, у артритнинг аваллари ишлатилган номи “инфекцион-аллергик артрит”, “постинфекцион артрит” дея ўзгартирилди.

Хасталикнинг ривожланишида қуйидаги омиллар: ичак (сальмонеллалар, шигеллалар, иерсиниялар, кампиллобактеярлар), пешоб-таносил аъзолари (хламидия, гонококлар, микоплазмалар, уреаплазмалар, L-шаклли микроблар, вируслар) ва бурун-халқум (гемолитик стрептококлар, пневмония микоплазмаси, менингококк, аденовируслар) инфекциялари иштирок этиши мумкин. Баъзан унинг сабаби ичак паразитлари, айниқса, солитёр гижжаси бўлади. Бурун-халқум, пешоб-таносил ва меъда-ичак тизими аъзолари касалликни келтириб чиқарувчи салбий омиллар учун “кириш дарвозаси” ҳисобланади.

Касалликнинг давомли кечиши ва қайталаниши ушбу беморларда носпецифик ҳимоянинг кучсизланиши билан боғлиқ бўлиб, бунга узоқ вақт ноадекват ўтказилган сунъий дорили даво (антибиотиклар, яллиғланишга қарши ностероид дори воситалари ва бошқалар) муолажалари сабаб бўлиши мумкин.

Дарднинг оғир кечиши, жараённинг сурункали турга ўтиши, бактериал агентнинг организмда ўрнашиб фаоллашуви, организмда HLA-B-27 антигенининг мавжудлиги ва генетик мойиликка боғлиқ.

Сўнгги йилларда реактив артритдаги ўзига хос ижобий патологик жараёнларни ривожланишида меъда-ичак тизимининг ўрни аниқланмоқда. Бу тизимнинг шиллиқ пардаси бактерия, паразитлар, экзоген (ташқи) токсин (заҳар)лар, ноинфекцион антигенларни нейтраллаш хусусиятига эга. Иккинчидан, меъда-ичак тизими иммун тизимининг асосий лимфоид аъзоларидан биридир. Унда иммунитет шаклланади. Маълум сабабларга кўра ушбу тизимдаги мувозанатнинг бузилиши организмнинг барқарорлигини ўзгартириб, касалликнинг ривожланишига мойиллик туғдиради.

Касаллик клиникаси ва ташхис қўйиш: Ушбу дард ҳамма ёшда ривожланиши мумкин. Инсон ҳаётининг ҳар хил даврларида организмнинг реактивлиги бир хил бўлмаганлиги сабабли, хасталикнинг кечиши барча ёшдаги беморларда турлича бўлиши мумкин. Касаллик кўпинча мактаб ёшидаги болалар орасида кенг тарқалган бўлиб, ўғил болалар қизларга нисбатан кўпроқ касалланади. Касаллик тиббий кузатув маълумотларига асосан баҳор ва ёз фаслларида кўпайиши аниқланган.

Болаларда хасталик кўпинча тўсатдан ўткир бошланиб, касаллик тана ҳароратининг кўтарилиши ва битта ёки бир нечта бўғимларнинг шикастланиши билан кечади.

Дарднинг бошланиши бехосдан бошланган иситма, бўғимлардаги шиш, оғриқ билан кечади. Аксарият ҳолларда унинг ривожланишидан 2-3 ҳафта аввал бемор томоқ оғриғи, грипп ёки ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция)ларни бошидан ўтказган бўлади. Тиббий кўрик вақтида зарарланган бўғимда шиш, қизариш кузатилади. Уни пайпаслаб кўрилганда эса ушбу соҳада маҳаллий ҳарорат кузатилади. Шикастланган бўғимларда фаол ва нофаол ҳаракатлар чегараланган бўлади. Қўл бўғимлари зарарланганда бемор ўз-ўзига хизмат қила олмайди. Оёқ бўғимлари зарарланганда эса бемор чўлоқланиб юради.

Болаларда бўғимлардаги оғриқнинг кескин тарзда кечиши катталардагига нисбатан кам бўлади. Баъзан уларнинг бўғимлари шишганлиги кузатилсада беморлар оғриқдан шикоят қилмайди. Бўғимларнинг шикастланиши моноартрит (1 та бўғимда), олигоартрит (2-4 та бўғимда) ва полиартрит (кўпгина бўғимларда) аниқланади.

Хасталикни даволашда ижобий натижалар мавжудлигига қарамай беморларда ногиронликнинг ривожланиши юқорилигича қолмоқда. Шу сабабли ушбу касалликни даволаш малакали шифокор учун ҳам мураккаб вазифа ҳисобланади. Бемор албатта, шифохонага ётқизилади ва махсус кардиоревматологик даво муолажаларини олиши шарт.

Яна ўқинг:  “Мандарин” салати

Профилактикаси: Дарднинг бирламчи профилактикаси, яъни, унинг ривожланишининг олдини олиш касаллик бўйича хавф гуруҳига кирувчи бемор болаларга нисбатан тиббий назорат кучайтирилади. Оилавий поликлиникаларда диспансеризация ўтказилганда тез-тез касалланувчи, аллергик реакцияси мавжуд бемор бўлган оилалардаги болаларга кучли эътибор берилади. Касалликнинг энг эрта биринчи аломатларини аниқлаш учун бу болаларда такрорий ва тўлиқ тиббий текширувлар ўтказилади.

Иккиламчи муҳофазалаш усулига кейинчалик жараённинг авж олишини ва қайталанишининг олдини олишга йўналтирилган мунтазам босқичли даво муолажалари киради. Шунинг учун беморни диспансер назоратини кардиоревматолог томонидан тўлиқ ташкиллаштириш зарур.

Беморларга ўта хавфли инфекцион касалликларни муҳофазаловчи эмлашларни олишга (полиомиелитга қарши вакцинациядан ташқари) тиббий рухсат жараён фаоллигининг барча клиник аломатлари йўқолганидан кейин 20 кун ўтиб берилади. Сурункали ўчоқли инфекцияни аниқлашга ва уни даволашга катта аҳамият берилади.

Реактив артрит ташхиси билан бемор 2 йил давомиа кардиоревматолог назоратида бўлади. Хаста бола ҳар 6 ойда кардиоревматология бўлимида даволанади. 2 йил давомида беморда касалликни хуружи такрорланмаса кардиоревматологнинг тиббий назоратидан чиқарилади.

 

Феруза ОҚИЛОВА,

тиббиёт фанлари номзоди,

Тошкент шаҳар бош кардиоревматологи

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: