Ҳар дарахт барги бир дунё ҳикоя

Боғлар қийғос гулда

 

Боғлар қийғос гулда – яхлит бир чаман,

Ҳар дарахт анвои бир тароватда.

Бир кафт боғ меҳнату ҳосилга ватан,

Ўзга кўрк, ўзга ранг ҳар бир дарахтда.

Ҳар навда бир гулда, ҳар гулда бир рўй,

Ҳар дарахт барги бир дунё ҳикоя,

Ҳар бирин ҳосили ўзгасига кўрк,

Бири-бири учун қудрат, ҳимоя.

Ватаним кўзимда: қай бурчи азиз,

Билмам, қайда толе серзавқ, сержило?

Ялпи тўлишади бедахл юртимиз,

Нақ ҳар қаричи дил, жон томир гўё,

Бир қардош тинчисиз – ўзга беором

Бирининг нонисиз – ўзга эмас тўқ…

Бу – қадим дунёда янги бир олам,

Бунда орқа тоғсиз бир тирик жон йўқ.

Таянч бўлмасайди одамзод албат,

Ўзи кашф этарди, кашф этгандай бахт.


 

Ҳар йили келинчак баҳорнинг илк куни – 1-март халқимиз томонидан катта қувонч ва шодиёналар билан кутиб олинади.

Негаки шундай улуғ кунда юртимизнинг суюкли шоираси, вафо ва садоқат тимсоли бўлмиш Зулфияхоним таваллуд топган.

 

Бу назм боғига киролмас хазон,

Бизни маҳф этолмас

завол ашкари.

Мен кетсам мунғаймас умрим

ҳеч қачон,

Бу боғлар бир боғлар бўлади ҳали,

 

деб ёзган эди Зулфияхоним. Дарҳақиқат, устознинг ижодий бўстони ҳамон гуркираб, яшнаб, юракларда эрта баҳордан куртак ёзади. Камалакдек ранго-ранг шеърлар инсоннинг қалбини жилолантириб, гўзал бир оҳанг бахш этади. Бу оҳангда бир аёлнинг соғинч-у дардлари, армонлари, нозик туйғулари мужассам.

Умр… Сониялари назарига ҳам илмай кўз очиб юмгунча охирги манзилига етиб борганини пайқамай қоламиз. Мана шу фурсат ичида инсон ўзидан ё эзгу амал ёки яхши ном қолдириб кетиши мумкин. Аммо ибратли ҳаёт мактабини яратиб кета олиши нақадар мушкул. Зулфия Исроилова эса чинакам қаҳрамонлик кўрсатиб, бугуннинг хотин-қизларига ана шундай мактаб қолдира олди. Тунларни бедор ўтказиб, ҳар куни кўнгил кечинмаларини қоғозга туширган шоира ёлғиз ижоддан таскин топди. Шеърият ягона маслаги, суянчиғи ва ҳаётининг мазмунига айланди. Мен ҳар гал Зулфияхонимнинг шеърларини ўқиганимда ана шундай гўзал туйғуларга ғарқ бўламан. Гўёки, Зулфияхоним ёнимда тургандек, ҳаяжондан энтикаман. Ижодкорнинг энг ширин лаҳзалари қалбининг суюклиси бўлган шеърларини яратаётганида бўлса, не ажаб. Зулфияхонимнинг мана шундай бахтли онларига шерик бўлишдек ҳисни туйиш учун, уни англаш учун энг аввало шеърларини ўқиш кифоя. Ҳаёт сандиғини бебаҳо ижод жавоҳирлари билан тўлдирган Зулфияхонимнинг умр йўли ўзбек қизлари учун бамисоли маёқдек. Ундан ўрганамиз, сабоқ оламиз ҳамда муносиб издош бўлиш учун ҳаракат қиламиз. “Гулгун чеҳраларда яшайди доим, Сизни, бизни севган Зулфияхоним”, дея баралла айта оламиз.

Яна ўқинг:  Янгиланишлар фасли

 

Ўғилой НЕЪМАТОВА,

Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: