Ўзгага аталган ўриндиқ

Соат тунги уч. Ҳар кунгидек бугун ҳам барвақт уйғондим. Тезроқ отланмасам, даромадим камроқ бўлади. Бозорга моллар ярим тунда кириб келади. Уларни дўконга олиб бориб, жойлаш керак. Улгуржи савдо ҳам авжига чиқади. Нимчамни елкамга илиб, эшикни очишим билан остонада сават тўла атиргуллар турибди. Хаёлларим тарқаб кетди. Бир зум нима бўлаётганини англолмай қолдим. Бирдан ёдимга тушди. Бугун туғилган куним, ахир.

Гулларни кўриб, жуда севиндим. Рўзғор ташвиши, деб доим туғилган куним ёдимдан кўтарилади. Аммо ўғлим Муҳиддинжон бу кунни унутмайди. Деярли ҳамма байрамда остонамга турфа хил совғалар олиб келишни канда қилмайди. Суянганим, тўнғич фарзандим! Кичкина ўғлим ҳам акасидан ўрнак олиб, мактабдан қайтишда бир дона гулми ёки шоколадми кўтариб келади.

Муҳиддинжонимга ҳар сафар “Пулни ортиқча нарсаларга сарфлама болам, гулларсиз ҳам туғилган куним ўтади” десам, “Онажон сиз учун гул олмасам, пулни нима қиламан”, дейди.

Ўғлим Сергели туманидаги тиббиёт коллежида тиш шифокорлиги бўйича таҳсил олган. Институтга топширди, лекин бироз балл етмай, киролмади. Соҳаси бўйича иш топди-ю, ўрта маълумотнинг ойлиги ҳам шунга яраша бўларкан. Топган ойлиги йўлкирасига ҳам етмасди. Бу ёғда рўзғор деганларидек…

Мен тун қоронғусидан ишга отланаман, қуёш ботганида уйга қайтаман. Топганим ейиш, кийиш, уйнинг коммунал тўловларидан ортмайди. Ҳали ўзимиз учун уй олишимиз керак. Муҳиддинимни уйлантиришим, кичик ўғлим Азимжонни ўқитишим керак. Бу ташвишларни ўғлим Муҳиддин ҳам ўйлайди: “Қийналиб кетдингиз она. Ҳали кенг ҳовлимиз бўлади. Дарвозамизни тонг саҳардан очиб қўямиз. Меҳмонлар келиб туради. Ҳовлимиздан сиз яхши кўрган райҳон ифори таралади. Келинингиз сув сепиб, супуради, сиз эса сўрида чой ичиб ўтирасиз”. Оҳ, қандай беғубор орзулар. Ниятинга етгин, деб дуо қиламан.

Ўғлим ошпазликка қизиқади. Шунинг учун уйимизга яқин жойдаги “Жиз-биз” ошхонасига ишга кирди. Бош ошпазга шогирдликка тушди. Касбига чин кўнгилдан меҳр қўйгани сабаб тез орада қўли ширин ошпаз сифатида танилди. Пойтахтимизда ўтказилган 8 тоннали ош байрамига маҳоратли ошпазлар қаторида ўғлимни ҳам таклиф қилишди. Хуллас, унинг топиш-тутиши яхшиланди. Укасини қўшимча репетиторда ўқита бошлади. Спорт тўгарагига аъзо қилди. “Укамнинг яхши ўқиши, келажакда яхши мутахассис бўлиши учун қўлимдан келганча ҳаракат қиламан” дерди у. Шу тариқа турмушимиз бир зайилда ўтарди.

Бир куни ўғлим гап топиб келди: “Она, ошпаз устозларим Қозоғистон шаҳрига ишга кетишяпти. У ерда ошпазларга яхши ҳақ тўлашаркан. Мен ҳам борсам майлими?” Кутилмаган гапдан нима деб жавоб беришни билмай қолдим. Жонтомиримдек бўлган ўғлимни қандай қилиб қучоғимдан юламан? Қозоғистонга бораман, дейди. Мен умримда у ерларни кўрмаганман. Қандай юрт? Одамлари қанақа? Йўқ, йўқ асло юбормайман.

Яна ўқинг:  Британия музейидаги 94 та миниатюрада “Бобурнома” манзаралари акс этган

Ўғлим хавотиримни билиб, “Онажон, ёш бола эмасман энди. 22 ёшдаман. Бу юришда қачон уй оламиз? Кўрпани ҳар тарафга тортган билан ё бош, ё оёқ очилиб қолаверади. Бориб ишлай, бошпанали бўлайлик. Тун қоронғусида ишлашингизни кўриб, виждоним қийналади. Соғлиғингиз кетяпти. Сиз бизга кераксиз ахир, онажон!”. Ўғлим меҳрибон йигит эди. У тенгиларнинг айримлари вояга етса ҳам ота-онасининг топган пулига яшайди. Ўғлим Муҳиддин оқибатли, масъулиятли фарзанд бўлиб улғайганидан севинаман. Маҳалладагилар ҳам уни мақтаб, дуо қилишарди. Чунки ўғлим маҳалланинг барча ҳашарлари, тўй-тантаналарида камарбаста, хизматга шай эди.

Унинг сўзларида жон бор. Соғлиғим ёмонлашяпти, уй-жой қилишга кучим етадими-йўқми, билмайман. Ишончли шериклари бор экан, бориб ишлаб келсин, майли, деб рухсат бердим. Бунинг учун ўзимни ҳалигача кечиролмайман…

Ҳаммаси шу кундан бошланди. Ўғлим ишлаш учун Қозоғистон Республикасига кетди. Икки ой ишлади. Мўмай даромад топди. Уйга пул юборарди. Янги йил байрамини ўша бегона юртда ўтказди. Бу йилги байрамда остонамда гул йўқ эди.

Орадан бир ҳафтача вақт ўтиб, ўғлим уйга қайтаётганини айтиб қолди. Бирам севиндим. Аммо ўғлим хурсанд эмасди. “Эндигина топишим яхши бўлганди. Кафени таъмирлашар экан. Баҳорда қайтиб келасизлар, деб ҳозирча рухсат беришди” дея ачиниб гапирарди. “Онажон, бир дўстим Россияда ишлайди. Ошхонасига ошпаз керак экан, мени чақиряпти. Унинг ёнига бормоқчиман. Қишда бекор ўтирмай, уч-тўрт сўм пул топиб келай” деб қолди. Мен ғафлатда қолган она “Майли, борақол ўғлим” дебман. Ундан кўра “Уйга қайт. Шу ерда ҳам топишинг ёмон эмас, борига шукр” десам бўлмасмиди. Шайтон йўлдан урдими мени, билмайман. Гулдек боламни муз босган йўлларга юбордим.

“Душанба куни йўлга чиқаман”, деганди ўғлим. Сешанба куни ҳам йўлда эмасди. Бу орада ўзимнинг ишларим ҳам кўпайиб, қай тарафни ўйлашни билмай андармон бўлиб қолдим. Боламдан тузукрок ҳол-аҳвол ҳам сўролмадим. Сешанба куни кечки пайт ўғлим билан гаплашдим. “Она ҳавонинг совуқлиги сабаб Москвага кетолмаяпман” деди. Орадан икки соатлар вақт ўтди. У яна телефон қилди. “Онажон, мен йўлга отланаяпман. Дуо қилинг” деди. Дуоларим ҳамиша ўғлим билан. Кечки пайт савдонинг “ҳовури босилади”. Бироз тин олиб, ўғлимга телеграм тармоғи орқали “смс” юбордим. У жавоб ёзди. Ўйлаб қолдим, самолётда бир зумда етиб борса керак. Тун қоронғусида ҳам “йўлдаман” деган хабар келди. Ажабландим.

– Ўғлим, қандай транспортда кетяпсан?

– Автобусда онажон.

– Нега самолётда учмадинг?

– Чипта нархи қиммат экан. Ололмадим.

– Икки кун автобус кутганмидинг?

– Ҳа. Йўллар музлагани учун чипта олган автобусим келолмади. Чиптамни бошқа автобусникига алмаштирдим. Икки қаватли, ичи иссиқ экан. Ёнимда ҳамшаҳарим бор. Суҳбатлашиб кетяпмиз.

Яна ўқинг:  БУ ЮРТГА ҒАЛАБАЛАР ЯРАШАДИ

– Шерикларинг қани? Ошпаз устозларингни айтяпман.

– Улар Ўзбекистонга қайтишган.

– Сенчи?

– Мен бир ўзим кетяпман.

Бу гапни эшитиб, карахт ҳолатга тушдим. Бегона юртларга болам бир ўзи кетаяптими? Нега аввалроқ сўрамадим, ким билансан деб? Бечора болам. Шу совуқда, муз йўлларда кетаяпти экан. Ичимга чироқ ёқса ёришмайди. Томоғимдан луқма ўтмай қолди. Ўғлим билан кеча-ю кундуз “смс” хабар ёзишдик. Пайшанба куни тонгда яна унга хабар юбордим. Тушлик пайтигача кутдим, жавоб келмади. Россия ҳудудига ўтишган бўлса, алоқа узилган, деб ўйладим. Кечки пайт кичик ўғлим Азимжон билан дастурхон ёнига келиб ўтирган эдик, телефон жиринглаб қолди. Гўшакни ўғлим кўтарди. “Она кимдир автобус ёниб кетди, деяпти”, деди. Ичим музлаб кетди. Гўшак олдига қандай етиб келганимни билмайман. Ўғлимнинг ошпаз устози Қозоғистон ҳудудида қандайдир автобус ёнганини, ичида менинг ўғлим ҳам бўлиши мумкинлиги тахминини айтди. Устози ўша юртдаги танишлари орқали суриштириб билишича, Муҳиддин кутган автобус келмаганлиги сабаб болам бошқасида, ўзганинг ўрнида кетган. Ёнаётган транспортнинг ортидан келиб, тез ёрдам кўрсатган автобусда эса ўғлим келиши керак бўлган. Яна икки соат кутганида у ўзи учун аталган жойда бўлар экан.

Ўша пайтдаги аҳволимни сўз билан таърифлаб бўлмайди. Ёнган автобус-у ўлган мен бўлдим. Кимга, қаерга мурожаат қилишимни билмайман. Ўғлимга тинимсиз телефон қиламан, хабар юбораман. Ўша тун ҳаётимдаги энг узун кеча бўлди. Илоҳим, ўғлим ўша автобусда бўлмасин. Эртаси куни нотаниш одамлар келди. ФВВ ходимлари экан. ДНК таҳлили учун қон топширишим кераклигини айтишди. Уларнинг ортидан айтилган жойга бордим. Оёқларим ўз-ўзидан юрарди. Руҳим, хаёлим алланечук жойларда.

Мени оқ халатда бир аёл қаршилади. “Бу опадан қон олинг ва ичкаридаги билан солиштиринг” деди мени олиб келган одам. Ичкарида ким бор? Ўзимга савол бераман.

– Ичкаридаги одамни бир кўрай?

– Мумкин эмас опа. Кўрганингиз билан фойдаси йўқ, таниб бўлмас даража…

– Тахмин қилаётганингиз менинг болам бўлса, танийман. Унинг тишларидан танийман, гавдасининг тузилишидан танийман, гўдакликдаги ифоридан танийман!!!

Қон олишгач, мени уйимга олиб келишди. Дод, дод мен ахмоқ, мен гўл жигаргўшамни бағримдан узоқлаштирдим. Тирикчилик деб боламни муз йўлларда кетишига сабабчи бўлдим. Бошпана керак эмас, кўчаларда ётиб юрмайманми болаларим билан. Энди менга ким хабар беради. Қани болам? Текширувлар қанча пайтгача давом этади? Тирноқларимгача титроқдаман.

Дафъатан бир воқеа ёдимга тушди. 18 январь эрталабки нонушта пайтида эшигим тақиллади. Ўғлим Азимжон эшик ёнига бориб, “Ким?” деди. Ташқаридан Муҳиддинжонимнинг “Менман” деган овози эшитилди. Азимжон “Она, акам келди” деб эшик очди. Даҳлиздан чопиб бордим. Эшик олдида ҳеч ким йўқ эди. Ўғлим иккимиз бир-биримизга ҳайрон қарардик. Биргина мен эмас, ўғлим ҳам эшитди-ку каттамнинг овозини. Нега бундай бўлди экан? Бу нимадан дарак беради? Болам жони узилиб мен томонга югурдимикан?!! Худо асрасин. Нималарни ўйлаяпман. Ундан кўра дуо қилай, болам бағримга қайтсин. Уй ажинасидек тонггача уйқу билмай, хонама-хона изғидим.

Яна ўқинг:  Фарзандлари соғлом юрт

Эртаси куни текширув натижаси аниқ бўлмаганини, у менинг фарзандим бўлмаслиги мумкинлигини айтишди. Айтдим-ку менинг болам эмас у! Муҳиддиним бошқа автобусда манзилига етган. Ҳали замон қўнғироқ қилиб, “Онажон, мен етиб келдим” дейди. Овозларингга кўзтумор бўлай болам. “Тез ортингга қайт” деб чақириб оламан. Юртимизда кўнгил хотиржамликда юрганга нима етсин. Насиб қилса, уйлик ҳам бўламиз. Тўйлар қиламан. Ўғлимнинг ёқтирган қизи бор эди. Ўшани келин қиламан. Бир тўйлар қилай…

Кечга яқин опам келди. Негадир бошқача алфозда. “Мум” тишлагандек жим юрибди. Ўғлимнинг дўстлари хабар олишди. Воқеадан хабар топиб, бир дўсти Москвадан учиб келибди. Ўғлим одамшинаванда-да ўзиям. Дўстларига оқибатли. Мана ҳаммаси мендан кўнгил сўраш учун, дўстимиз тирик деб юпатиш учун ёнимда жамулжам бўлишган. Бироз суҳбатлашганимиздан сўнг кетишди. Кечга яқин акаларим ва бошқа қариндошлар йиғилишди. Ошхонада куймаланиб юрган опамнинг ёнига бордим. “Опа нега ҳамма келаяпти бизникига? Уларни сиз чақирдингизми? Нега?”. Опам уввос солиб йиғлади. Айтишича, менинг қоним билан аниқ таҳлил олишолмагач, кенжатойимдан қон олиб кетишган экан. Ака-уканинг қони бир-бирига мос келибди. Шанба куни тонгда ўғлимни олиб келишар экан.

Нега юбордим, нега? Нимам кам эди? Болаларимнинг усти бут, қорни тўқ эди. Қийинчиликдан чарчадимми? Нуридийдамдан ажралдим, бундан ортиқ азоб борми? Дод, дод. Болаларим эндигина қанотимга кириб рўзғор юкини тортишаётган эди. Эндигина кўксимга шамол текканди. Шайтон васавасига учдим. Болам пул олиб келаман, деса йўқ демадим. Болам азобланиб ёнди, “она” деб йиғладимикан, мени чақиргандир? Мен ғафлатда қолдим. Нафсим менинг балодир…

Эрта тонгдан уйимнинг олдида оломон йиғилди. Бутун бир туман одамлари келгандек, гўё. Фарзандим яхши инсон эди. Шунинг учун ҳам унинг дўстлари, биродарлари кўп эди. Диний ташкилот вакиллари келиб тасалли беришди. Ўша кезда кўнглимдан бир сўз ўтди: Президентимизга раҳмат!

Ўғлимнинг танаси ўзга юртларда хор бўлиб қолмади. Урф-одатларимизга хос тарзда дафн этилди.

Оёқларим тик турганига ўзим ҳам ҳайронман. Ёғоч қути ичида ўғлинг бор деб олиб келишди. Бир бора кўрай, десам рухсат беришмади. Мен аросатда қолдим. Ахир боламни кўрмадим, у ростдан ҳам менинг фарзандимми? Балки бир куни “Онажон мен келдим” деб остонамдан мўралар…

 

Дилдора ФАЙЗИЕВА оққа кўчирди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: