Нуротанинг асрий анъаналари
моҳир қўлларда бугун янада сайқал топмоқда
Mустақил тараққиётимизнинг ҳар бир йили бири-биридан салмоқли, тарихий воқеаларга бой бўлмоқда. Ҳаётимизга «Обод турмуш йили» номи билан кириб келган йил Ватанимиз тарихида янги бир зарварақ очди. Муҳтарам Президентимиз анъанага биноан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ўн бир йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги илҳомбахш нутқида 2013 йилни «Обод турмуш йили» деб эълон қилдилар. Президентимиз тантанали маросимда сўзлаган нутқида «Обод турмуш йили» деб ном олган йилда давлат ва жамият олдида турган вазифаларнинг энг муҳим дастурий йўналишини ҳам равшан кўрсатиб берди. Ҳеч шубҳасиз, Юртбошимиз илгари сурган вазифалар шу мақсадда ишлаб чиқилган Давлат дастурига асос бўлди.
– «Обод турмуш йили» давлат дастури тадбирлари билан танишиб, одамларимиз ҳаётида, биздек тадбиркорлар турмуш тарзида гўзал мазмун-моҳият бўлишини қалбга туйдик. Дарҳақиқат, инсонпарварликка асосланган миллий қадриятларимиз, жумладан, ҳунармандчилигимиз ҳам мустақиллик шарофати билан янада ривожланмоқда. Бугунги кунда ҳунарманд меҳнати ниҳоятда қадрланаяпти. Ўзбек халқининг миллий қадриятларини, ўзига хос гўзал амалий санъатини бутун жаҳон аҳли тан олмоқда. Зеро, қадриятлар, урф-одатлар аввало оилада вужудга келади, ривожланади, қанот қоқади. У турмуш ободлигининг тимcоли бўлиб, ҳар бир оилага фараҳли руҳ бахшида этади, – дейди нуроталик Гулнора Файзуллаева.
Олий тоифали ўқитувчи Гулнора Файзуллаева билан «Асрлар садоси» фестивалида танишдим. Баҳор нафаси уфуриб турган Сармишсой дарасида фестивал муносабати билан халқ сайли давом этаяпти. Борлиқ келинчакдек ясанган, ранг-баранг барқут табиий гиламлар кўзни қувонтиради, ҳаво мусаффолиги унга уйғунлашиб дилларни яйратади.
Ҳунармандларга аталган улуғвор шийпон кўчма музейни эслатади. Фестиваль муносабати билан унинг қатнашчиларига ҳам зиёрат ҳам саёҳат ҳам мириқиб суҳбатлашиш имконияти туғилди. Тадбир ва унинг иштирокчилари тимсолида кўз олдимизда Ватанимизнинг ғаройиб кенгликлари, қадимий қадриятлари, халқимиз гўзал фазилатлари намоён бўлади. «Асрлар садоси» фестивали халқимиз обод турмушининг бир рамзи бўлиб кўз олдимизда гавдаланади. Йилнинг гўзал бир воқеаси бўлиб юз минглаб кишиларнинг хотираларида қолади.
Сармишсойдаги халқ сайли элимизнинг миллий қадриятларини, тўкин-сочин хонадонларини, эзгуликни, меҳр-оқибат уйғунлигини кўз олдимизга келтиради. Зеро, хонадон обод бўлса, қадриятлар юксалади, гўзалликлар улуғланади. Узоққа бориб юрмайлик: мустақиллик, давр кучли таъсир воситаси эканлигини Гулноранинг тақдирида яққол кўрамиз. Касби педагог. Нурота санъат лицейида каштачилик бўлими бошлиғи бўлиб фаолият юритади. Қизларга каштачиликдан сабоқ беради. Шу билан бирга якка тадбиркор сифатида шахсий оилавий жамғармаси ҳам мавжуд.
Нурота Навоий вилоятидаги қадимий ва гўзал шаҳар. Қутлуғ манзилга касбим тақазоси билан кўп бора сафар қилганман. Туман ўтган чорак аср ичида янада равнақ топди. Мустақиллик шарофати билан бу ўзгариш янада кучайди. Қадимий обидалар қайта таъмирланди, янги мавзелар, кўчалар, маҳаллалар, мактаб, коллежлар пайдо бўлди. Ҳар борганимда янги бир ўзгаришни туяман. Энг асосийси одамлар онги-шуурида катта ўзгаришлар бўлди. Масалан, Гулнорахонни оладиган бўлсак, у Навоий педагогика институтининг умумий техника фанлари ва меҳнат факультетини 1991 йили тугатиб мактабда ишлай бошлади. Унинг фаолияти мустақиллик билан тенгдош. Истиқлол шарофати билан лицей ва коллежлар ташкил қилинди. Санъат лицейида ишлаб, ҳунармандлик устоз-шогирдлик анъаналарини йўлга қўйди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида вилоятда ўтказилган санъат ҳафталигида устоз ва ҳунарманд сифатида ўзи тўқиган турли хил кашталарини, каштали кийим-кечакларини, қуроқдан моҳирона тикилган уй анжомлари, рўзғор буюмларини намойиш қилиб, олқиш олди. Кумуш медалга сазовор бўлди. Шу-шу у якка тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, туманда бўлиб ўтадиган кўпгина тадбирларда қатнаша бошлади.
– Каштачилик бизда минг-минг йиллар қаъридан келаётган оилавий гўзал анъана, миллий қадриятдир. Уч қизим, икки ўғлим билан санъатнинг тикувчилик, тўқувчилик, каштачилик, қуроқ тикиш йўналишларида ижод қилиб келяпмиз. Бу ишлар бизнинг руҳиятимизни юксалтиради. Қолаверса, оиламизга қўшимча даромад. Шунингдек, фарзандларим меҳнатда тобланиб боради. Келинчаклар учун тиккан ёпинчиқларим, кашта билан безатилган жойнамоз ва қуроқдан тайёрланган рўзғор буюмларимизни чет элликлар, айниқса, турклар ва араблар севиб харид қилишади. Наврўз байрамларида маҳалламиз кексаларига, ёш оилаларга ўз маҳсулотимиздан совғалар улашамиз. Бу ҳам эътибор ҳам хайрия, – дейди Гулнора.
Қишлоқ оилалари тажрибасини бутун жаҳон ўрганса арзийди. Унда инсонийликка, бир-бировнинг дардини, ташвишларини ҳис этиш фазилатларига эътибор кучли.
– Тўй эгаси маросимни бошлашдан олдин биринчи кимларни йўқлайди? Аввало қўша-қариган, фариштали қарияларнинг ҳузурига иккита иссиқ нон олиб кириб, оқ фотиҳа олади. Сўнгра, ётган касалларни йўқлайди. Маҳаллада азадор бўлса, кириб кўнгил сўраб, тўйга розилик олади. Унинг ҳаққи ҳурмати мусиқани баландлатмайди. Олийжаноблик оддий туйғулардан бошланади. Меҳр-муҳаббат, эътибор кимни қувонтирмайди?! Халқимизнинг яна бир яхши одати бор. Хайрли иш бошлашдан олдин кўпчиликнинг дуосини олади. Мен иккала қизимни узатганимда ана шу қадриятларга риоя қилдим. Ана шундай пайтда қизларим билан тўқиганларимни улашдим. Бу қадриятлар республикамизнинг ҳар бир маҳалла ва қишлоғида мавжуд. Мен ана шундай ўзбек маҳалласида улғайдим. Чеварликни онамдан ўрганган бўлсам, беллашувларда қатнашишни давр ўргатди, – дейди у.
Дарҳақиқат, у 2009 йил «Базар арт» кўргазмасида қатнашиб, диплом олишга эришди. 2010 йили «Қўли гулдир ўзбек аёлининг» тадбирида совриндорлар сафидан ўрин олди. «Ташаббус – 2010» тадбирида вилоятда ғолиб бўлиб республика беллашувида қатнашди.
Бу йилги «Асрлар садоси» фестивали кўргазмасида каштали безак берилган кўйлак, халат, сумка, жойнамозларини намойиш қилди.
– Икки кун ичида деярли барча маҳсулотимни сотиб бўлдим. Бу сайл мен учун ҳам тижорат, ҳам зиёрат бўлди. Ҳар йили айни кўкламда биз оиламиз, яқинларимиз билан табиат қўйнига чиқамиз. Умумхалқ сайли дилни яйратади. Бу ерда гўзал табиат бағрида бўлиш билан бирга касбдошлар билан учрашиб, суҳбатлашиш, тажриба алмашиш имконияти бор. Яна бадиий халқ дасталарининг чиқишлари кўнгилларни яйратади. Шаҳардан келганларни билмадим-у, бироқ бизнинг болаларимиз бундай улуғвор тадбирларнинг ҳамиша ҳам гувоҳи бўлишавермайди. Шунингдек, фестивал бизни бизнесга ҳам ўргатди, – дейди ўз иши ва оиласидан мамнун Гулнора.
Тадбиркор ҳамда муаллима Гулнора Файзуллаеванинг саъй-ҳаракатларини кузатиб, сўзларига қулоқ тутиб мамлакатимиздаги ҳар бир кишининг тақдири миллатимизнинг, халқимизнинг тақдирига узвий боғланиб кетишини ҳис қиламиз. Унинг фалсафий фикрлари, орзу интилишлари, ҳунарининг гуллаб яшнаётгани, турмушининг ободлиги мамлакатимиз тинчлиги, халқимизнинг аҳллиги ва қадриятларимизнинг гўзаллигидан эканлигини яна бир бор юракка туямиз.
Раъно ЗАРИПОВА,
Навоий вилояти