Мактабгача таълим тизимига мустаҳкам пойдевор зарур
Мутахассисларнинг илмий хулосаларига кўра инсон умри давомидаги барча маълумотларнинг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган давр оралиғида олади. Мисол учун, буюк бобомиз, муҳаддис олим Имом ал-Бухорий 5-6 ёшда ислом илмини чуқур ўқиб ўрганган.
Ҳазрати Навоий 4 ёшда ўқишни мукаммал билган. Ал-Беруний, Ал-Хоразмий ҳам улар қаторида ёшликданоқ илм чўққиларини забт этган.
Бугунга келиб, ёш авлодни аждодларга муносиб фарзанд қилиб тарбиялаш мақсадида қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони таълим соҳаси ривожида янги даврни бошлаб берди. Мазкур тизим мутахассислари билан ўтказилган стол атрофидаги давра суҳбатимиз тизимдаги ўзгаришлар ҳақида бўлди.
Гулбаҳор ПАРПИЕВА,
Мактабгача таълим вазирлиги бош мутахассиси:
ЧЕТ ТИЛИ ТЎГАРАКЛАРИ БЕПУЛ БЎЛАДИ
– Юртбошимиз фарзандларимизнинг чуқур билим олиши, ўз иқтидор ва салоҳиятини тўла намоён этиши учун таълим соҳасига жиддий эътибор қаратмоқда. Бу борада муҳим тарихий ҳужжатлар имзоланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ана шундай муҳим қарорлардан бири бўлди. Ушбу саъй-ҳаракатлар туфайли янги – Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. Вазирлик фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида бошқарув ходимлари чекланган сони 47 нафардан иборат бўлган марказий аппарат тузилди.
Вазирлик иш бошлаганидан буён олдимизга қўйилган аниқ мақсадлар сари ҳаракатланяпмиз. Энг аввало, жойлардаги мактабгача таълим тизимининг моддий-техник базалари ўрганилди. Ҳудудлардаги қаровсиз биноларни мактабгача таълим муассасаларига айлантириш режага киритилмоқда. Шунингдек, мактабгача таълим муассасалари раҳбар ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш бўйича дастур тузилмоқда. Эндиликда МТМларда фақат олий маълумотли кадрлар меҳнат қилади.
Шунингдек, ўрганишлар натижасида шу нарса маълум бўлдики, айрим чекка ҳудудларда умуман боғча фаолият кўрсатмайди. Бу муаммонинг ҳам ечимини топишга ҳаракат қиляпмиз. Мисол учун Навоий вилоятининг Қизилча ва Темиртов қишлоқларида 2018 йилнинг сентябрь ойида мактабгача таълим муассасаси биноси қуриб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилди. Чекка ҳудудларда ота-она томонидан тўланадиган бадал пули ҳам 50 фоизга арзонлаштирилди.
Келгусидаги режалардан яна бири мактабгача таълим муассасаларида чет тили тўгараги фаолияти йўлга қўйилади. Эътиборлиси, машғулотлар мутлақо бепул бўлади.
Абдурашид СОДИҚОВ,
Мактабгача таълим вазирлигининг озиқ-овқат сифатини назорат қилиш бўлим бошлиғи:
КЕЛГУСИДА БАРЧА БОҒЧАЛАРДА СУВ ҲАВЗАЛАРИ ҚУРИЛАДИ
– Мактабгача таълим муассасаларида озиқ-овқат сифати ҳамиша бош масала ҳисобланади. Юртбошимизнинг тизимга қаратган эътибори самарасида сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини етказиш масаласининг янги тармоғи йўлга қўйилмоқда. Эндиликда ҳудудлардаги боғчалар кўп тармоқли фермерларга бириктирилади. Бу дегани, полиз ёки гўшт маҳсулотлари каби озиқ-овқат етиштирувчи фермерларнинг ҳисоб рақамига тарбияланувчилар учун ота-оналар томонидан тўланадиган бадал пулидан маълум қисми ўтказилади ва улар ўзларига бириктирилган боғчаларни керакли маҳсулотлар билан таъминлайди. Сифатли маҳсулот етказиб берадиган фермерларга ёқилғи ва ем арзон нархда етказиб берилади.
Шунингдек, келгусида барча боғчаларда болаларнинг жисмонан чиниқиши учун сув ҳавзалари қурилади. Бу бўйича ҳам режалар тузилмоқда. Юртимизнинг чекка ҳудудларини ўрганиш учун борганимизда айрим мактабгача таълим муассасаларида ичимлик сувининг тоза сақланишига эҳтиёж борлигига гувоҳ бўлдик ва бу борада ҳам таклифлар ўрганилмоқда.
Жойларда ота-оналар билан суҳбатлашганимизда улар бизга “Боғчадаги озиқ-овқатни ким назорат қилади? Болаларга қандай овқат бериляпти?” каби саволлар билан кўп мурожаат қилишади. Шу фурсатдан фойдаланиб, ота-оналарга шуни айтмоқчиман. Ҳурматли ота-оналар, фарзандингизни мактабгача таълим муассасасига олиб келганингизда ошхонага бир разм солинг. Кунлик таомнома билан танишинг. Шахсан ўзингиз тайёрланаётган овқатнинг сифатини кўришингиз мумкин. Унутманг, фарзандингиз шу юртнинг келажаги. Унинг саломатлигига эса барчамиз масъулмиз.
Дурдона САЙФУЛЛАЕВА,
болалар психологи:
АГАР ФАРЗАНДИНГИЗНИ ТАРБИЯЛАМАСАНГИЗ БОШҚАЛАР “ТАРБИЯЛАЙДИ”
– Президентимиз мактабгача таълим тизимига алоҳида эътибор қаратмоқда. Бундай пайтда барчамиз ушбу хайрли ишга ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим.
Мактабгача таълим тизимининг такомиллашуви ота-онага янада катта масъулият юклайди. Меҳнат фаолиятимдан келиб чиққан ҳолда шуни айтишим мумкинки, айрим ота-оналар фарзандини боғчага бергач, унинг таълим олиши, тарбиясига эътиборсиз бўлади. Улар барча масъулиятни тарбиячиларга юклашади. Аслида бу иш унчалик тўғри эмас.
Баъзан фарзандимиз бирор ишни нотўғри қилса, “бола-да” деб қўямиз. Бу билан катта хатога йўл қўйган бўламиз. Аслида ширинтойларимизнинг ҳар бир сўзини диққат билан тинглаб, уларга тўғри жавоб қайтаришга оғринмаслик керак.
Бугун ахборот хуружлари, энг аввало, ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатмоқда. Фарзандларимизни ана шундай ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишдан асраш мақсадида мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилишга катта эътибор қаратилмоқда. Унутманг, агар фарзандингизни ўзингиз тарбияламасангиз, бошқалар “тарбиялайди”.
Хулоса ўрнида Юртбошимизнинг қуйидаги сўзларини айтиб ўтсак, “Қайси соҳани олмайлик, биз замонавий етук кадрларни тарбияламасдан туриб бирон-бир ўзгаришга, фаровон ҳаётга эриша олмаймиз. Бундай кадрларни, миллатнинг соғлом генофондини тайёрлаш, аввало, мактабгача таълим тизимидан бошланади”.
Дилдора ФАЙЗИЕВА ёзиб олди.