Кўмакка шай таянч мактаблари юртимизнинг барча ҳудудларида ташкил этилади

Мамлакатимиз тараққиётнинг янги босқичида жамият ҳаётининг барча жабҳасини изчил ривожлантириш, халқимиз учун муносиб турмуш шароити яратишга юксак эътибор қаратилмоқда.

Албатта, буларга эришиш учун инновацияларни амалиётга кенг татбиқ этиш, профессионал таълимни ривожлантириш, илмий ишланмалар сифатини ошириш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш муҳим ўрин тутади.

Халқ таълими вазирлигининг 2017 йил 6 январдаги “Аниқ, табиий, гуманитар ва филология фанларидан таянч мактабларни ташкил этиш ҳақида”ги буйруғи қабул қилинди. Унга кўра туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари билан келишилган ҳолда замонавий моддий-техника базасига эга, шижоатли, тадбиркор, ташаббускор, иқтидорли раҳбар бошқараётган, ижодий, изланувчан, замонавий методлардан фойдаланаётган жамоаси мавжуд бўлган таълим муассасалари орасидан “Аниқ фанлар”, “Табиий фанлар”, “Гуманитар фанлар” ва “Филология фанлари” бўйича таянч мактаблари белгиланди.

Ушбу таянч мактаблар тумандаги умумий ўрта таълим мактаблари педагогларига узлуксиз методик хизмат кўрсатиш, ўқувчиларга қўшимча таълим беришда асосий методик база ҳисобланади. Улар жойлардаги шароитдан келиб чиққан ҳолда туман (шаҳар)да биттадан, кейинчалик эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда бир нечта ташкил этилади. Мазкур муассасалар ўз фаолиятини вилоятдаги олий таълим муассасалари (университет, институт) ҳамда педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий марказлари кафедралари билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.

Таянч мактабларининг асосий мақсади таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган фан ўқитувчиларининг ўқув машғулотларида фан ютуқлари, ўқитишнинг замонавий методларини ўқув жараёнига тадбиқ этиш йўллари билан таништириш орқали уларнинг педагогик маҳоратини ривожлантириш, малакасини ошириш ва ўсиб келаётган ёш авлодни фанларни ўрганишда қўшимча таълим олиш, уларга ДТС талаблари асосида билим, кўникма ва малакалар беришни ривожлантириш, таълим дастурларини ўзлаштиришлари учун шарт-шароитлар яратишдан иборат.

Таянч мактабларида педагогларнинг мунтазам методик ёрдам олишларига кўмаклашилади. Педагогларни қўшимча методик адабиётлар, кўргазмали қуроллардан, мультимедиа воситаларидан самарали фойдаланишига хизмат кўрсатади.

Таянч мактаб – туманда ўзининг педагогик салоҳияти, моддий-техника негизи мустаҳкамлиги, ободлиги, озодалиги ва энг асосийси, раҳбарининг изланувчанлиги билан бошқаларга намуна бўлаётган таълим муассасасидир. Таянч мактабининг асосий вазифаси унда фаолият юритаётган илғор, тажрибали фан ўқитувчисининг таълим янгиликларини машғулотга самарали татбиқ этиши, билим, малака ва касбий маҳорат юзасидан тумандаги бошқа ўқитувчиларга ибрат бўлишидир. Мазкур муассасаларда фан йўналишлари бўйича бир ойда икки маротаба ўқув-семинар ва тренинг машғулотлари ташкил этиш орқали ўқитувчиларнинг узлуксиз малакаси ошириб борилади, – дейди Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати ходими Шавкат Хўжақулов.

Ҳар ойда икки марта педагогларнинг метод кунларида доимий ҳаракатдаги семинарлар ўтказади. Семинар ва “Маҳорат дарслари”да мунозара, очиқ машғулотлар, кўргазмалар орқали илғор иш тажрибалар оммалаштирилади.

Яна ўқинг:  Салом, тансиқ баҳор!

Мактабда илғор педагогик ва ахборот коммуникация технологиялари, фанларни ўқитишнинг интерактив, коммуникатив услубларини қўллаш орқали дарс сифатини оширишга йўналтирилган илмий-услубий ишлар амалга оширилади.

 

Ҳар бир туман ва шаҳарда 4 та йўналишда биттадан, жами 802 та таълим муассасаси таянч мактаби сифатида белгилаб олинди.

 

Бириктирилган олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари томонидан 2 ҳафтада бир маротаба умумтаълим мактаблари фан ўқитувчилари учун уларнинг метод кунларида ўқувлар ўтказилади. Шу билан бирга ушбу таянч мактабларида тумандаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотлари совриндорлари, “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг туман, вилоят ва республика босқичи ғолиблари ҳамда ўтган ойда малака оширган ижодкор, изланувчан, тажрибали ўқитувчилар томонидан ўз ҳамкасбларининг фан назарияси ва методикасига оид билимларини мустаҳкамлаш учун “Маҳорат дарслари” ўтказилади.

 

Наврўз НОРБОБОЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: