Бурч, масъулият ва шараф

Тиббиёт академияси битирувчилари энг чекка ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларига ишга жойлашмоқда.

Ўзбекистон ижтимоий ҳаётида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом авлодни вояга етказиш энг устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Таъкидлаш жоиз, соғлиқни сақлаш тизими мамлакат ҳаётида муҳим ўринга эга. Зеро, соғлом авлод келажаги айнан ана шу соҳанинг самарали фаолияти билан чамбарчас боғлиқ.

 

Алишер МАДЖИДОВ,

Тошкент тиббиёт академияси маркетинг бўлими бошлиғи:

Ўзбекистон Республикаси Президенти иштирокида 2017 йил 12 декабрда ўтказилган видеоселектор баённомаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг кўрсатма хатига асосан 497 нафар бакалавр ва 82 нафар клиник ординатор жорий йилнинг январь ойида ўқишни тугаллади. Ёш мутахассислар бандлигини таъминлаш мақсадида йўналишлар ва вилоятлар кесимида битирувчилар базаси шакллантирилди ва ҳудудий тиббиёт бошқармаларига юборилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда битирувчилар тақсимоти вилоятлар кесимида ўтказилди. Бунда ҳар бир битирувчи талабанинг яшаш жойи инобатга олинди. Академия ректорининг буйруғига асосан ҳар бир вилоят ва туманлар кесимида олийгоҳнинг фаол ва жонкуяр профессор ўқитувчиларидан масъуллар белгиланди. Айни вақтда маркетинг бўлими томонидан жойларда хизмат сафарида бўлган масъулларга барча зарур маълумотлар тақдим этилмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра 2018 йилнинг 17 январигача ҳолатига 519 нафар битирувчи ишга жойлашган (99,7 фоиз).

 

Исмоилжон АЛЛАНАЗАРОВ,

ТТА доценти:

Сурхондарё вилояти бўйича Тошкент тиббиёт академиясини битирган ёш мутахассислардан 60 нафари ишга тақсимланди. Булардан 9 нафари тор мутахассисликлар бўйича клиник ординаторларни ташкил этади. Бундан воҳа аҳолиси жуда мамнун. “Ниҳоят ўзимизнинг дўхтирларимиз бўлади”, – дея чекка-чекка туманларда истиқомат қилувчиларнинг боши кўкка етмоқда. Айтиш жоиз, талабалар ҳам бундан жуда мамнун. Улар орасида Президентимиз томонидан бошланган хайрли ишларни қўллаб-қувватловчи фидойи ёшларнинг борлиги бизни қувонтиради. Улар ҳукумат қарорига “лаббай” дея ўз хоҳиши билан республиканинг чекка ҳудудларига ишга бориш истагини билдирди.

 

Бердимурод СУЛТОНОВ,

ТТА битирувчиси:

– Тошкент шаҳрида туғилганман. Президентимиз томонидан соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича ўтказилган видеоселекторда айнан Сурхондарё вилоятида кадр етишмаслиги билан боғлиқ муаммолар айтилганида менда айнан шу ҳудудда ишлаш истаги туғилди.

 

Ҳозирда 3 минг 778 нафар аҳолига хизмат кўрсатадиган 70-қишлоқ оилавий поликлиникасида умумий амалиёт шифокори сифатида фаолият олиб бормоқдаман.

 

Яна ўқинг:  Бахт

Аҳоли узоқ манзилга боришдек ортиқча оворагарчиликлар, сарсон-у саргардонликлардан халос бўлгани учун беҳад мамнун.

 

Феруза РАИПОВА,

ТТА битирувчиси:

Денов туманидаги 5 минг хўжаликка хизмат кўрсатаётган 1-сонли шаҳар оилавий поликлиникасида умумий амалиёт шифокори сифатида ихтиёрий равишда фаолият олиб бормоқдаман. Сабаби бугунгача бу ерда ушбу мутахассислик бўйича олий маълумотли кадр бўлмаган. Малакали кадрлар тақчиллиги эса жуда юқори. Ҳар куни уйма-уй юриб, аҳоли ўртасида тиббий кўриклар ўтказмоқдамиз. Бундан ҳомиладор аёллар, кексалар, ёш болали оналар, айниқса, имконияти чекланган инсонлар жуда хурсанд.

 

Маълумот ўрнида

 

Тиббий таълим бўйича энг муҳим ҳодиса – ўқиш муддатлари қисқартирилди. Касбий фанлар блоки кенгайтирилиб, ижтимоий-иқтисодий фанлар блоки 7 фоизгача қисқартирилди.

 

Клиникагача ва клиникага оид фанлар учун соатлар ҳажми 85 фоизгача кўпайтирилди.

 

2018 йилда бакалавриат таълим йўналишининг мақсадли қабул квотасини 2017 йилга нисбатан 20 фоизга ошириш, мақсадли магистратурани 10 фоизга кўпайтириш, клиник ординатура қабул квотасини 15 фоизга ошириш белгиланди.

 

2018 йил Инвестиция дастури доирасида Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг симуляция маркази, мазкур институт Нукус филиалининг 120 ўринли, Андижон давлат тиббиёт институтининг 120 ўринли, Бухоро давлат тиббиёт институтининг 200 ўринли клиникаларида қурилиш ва реконструкция ишларини давом эттириш учун 31,8 млрд. сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.

 

Хуршида ҲУСЕНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: