Яхшисини киёлмайман

– Дадаси, – деди Кимё опа хўжайинини ишга кузатаётиб, – ўғлингизнинг этиги йиртилиб қолибди. Мактабга кийиб боришга оёғида бошқа поябзал йўқ.

Йўғ-е, яқинда чет элдан битта этик, битта крассовка олиб келдим-ку.

– Ҳайронман, яхшиси ўғлингизни ўзи билан гаплашинг.

Рустам ака соатига норози кўз ташлаб қўйди-да, ошхонага қайтди. – Исломжон, аянг нима деяпти. Наҳотки кийишга яроқли пойабзалинг қолмаган бўлса? – сўради иштаҳасизгина нон чайнаётган ўғлидан.

– Йўқ эмас, бор. Лекин мен уларни кийгани уяламан.

– Нега? – ҳайрон бўлди Рустам ака. – Қани, мен бир кўрай-чи.

– Юринг, – Исломжон дадасини хонасига бошлади. Хонага киргач тўғри бориб кийим жавонини очди. Жавоннинг тагидаги қаватида битта эмас бешта этик турарди.

– Шунча оёқ кийиминг бўла туриб нега мени хижолат қиласан. Қара, буларнинг бежиримлигини. Яна ҳаммаси чет элники бўлса. Нимаси ёқмади сенга?

– Дада, сиз эмас мен хижолатдаман. Улар ёмон эмас, аксинча жудаям яхши. Шунинг учун уларни кийиб боришга ўртоқларимдан уяламан.

– Ие, нодон бола, яхши нарсадан ҳам одам уяладими?! Буларни мен узоқ-узоқлардан, фалон пулга, боламга, деб сотиб олиб келганман. Бутун шаҳарни айлансанг ҳам бунақасини тополмайсан, – жаҳли чиқди Рустам аканинг.

– Ана шунинг учун ҳам уяламан. Чунки кўпчилик синфдошларимнинг ота-оналари болаларига бундай қимматбаҳо этикни олиб беришолмайди. Кийиб борсам, ўртоқларим ўксиб қолади-ку! Илтимос, менга ҳам оддийгина этик олиб беринг, – Исломжоннинг овозидаги узрли оҳангдан Рустам ака ғалати бўлиб кетди. Кутилмаганда дили равшанлашиб жилмайди.

 

Муҳаббат ҲАМИДОВА

Яна ўқинг:  Dildorga noma

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: