Жасур ва қўрқмас ота ўғил тарбиясида муҳим

 Ўзбек оилаларида ўғил бола тарбияси эркак киши зиммасига юклатилади. Афсуски, баъзи оталар елкасидаги бу масъулиятни доим ҳам ҳис қилавермайди. Натижада фарзанд балоғатга етганда ота ва ўғил ўртасида турли тушунмовчиликлар юзага келади.

Оталар борган сари уришқоқ ва жиззаки бўлиб бораётган фарзандидаги ўзгаришларни ҳеч иккиланмасдан замонга ағдаради: “Бугунги замон фарзандлар тарбиясига шундай салбий таъсир кўрсатаяпти”. Ўғилга эса отанинг ҳар бир гапи малол кела бошлайди. Хўш, нега шундай? Негаки, сиз ҳеч қачон ўғлингизнинг хоҳиш-истаклари билан қизиқмагансиз, унинг тарбиясига бефарқ бўлгансиз. Мана шу бефарқлик туфайли улар билан шуғулланишга вақт ажратолмаяпсиз.

Болакай ҳамма нарсага тақлид қиларкан, у отасидан андоза олади. Шунинг учун сиз намунали ота сифатида унинг кўз олдида намоён бўлишингиз шарт. У сиздаги одатларни тез ўзлаштиради. Билиб қўйинг, ҳеч қачон болангизга ожиз, журъатсиз кўринманг, аксинча жасур ва қўрқмас инсондек гавдаланинг. Ана шунда у ҳам сиз каби бўлишга интилади. Ўзидаги энг яхши сифатларни юзага чиқаради.

Ишларингиз кўплигини биламиз. Аммо фарзандингиз сиз томон талпинганда уни эшитишга вақт ажрата олинг. Агар ўзингизни ундан олиб қочсангиз, ўғлингиз ўзига дўстни кўчадан излай бошлайди. Эшитганда ҳам кўзларингиз, қарашингиз, қалбингиз билан уни тинглашни ўрганинг. У берилиб тинглаётганингизни кўрганидан кейин юрагидаги барча қизиқишлари-ю орзуларини сизга тўкиб солади.

Ҳеч қачон унга ортиқча ғамxўрлик қилманг. Бир иш буюрдингизми, ўша ишни бажариб бўлгунича унга ёрдамлашманг. У мустақилликни, сизнинг кўмагингизсиз ҳам ҳамма ишни уддалашни ўргансин. Болани авайлаб, унга ёрдам бераверишингиз келажакда уни ўзгалар ёрдамисиз таваккалига иш қилолмайдиган инсонга айлантиради. Ўғлингизга ҳар куни бажариши шарт бўлган бирор вазифа юкланг. Масалан, у ҳар куни уйдаги чиқиндиларни кўчага ташлаб келсин. Бу унинг ҳар кунги вазифасига айлансин. Чунки у келгусида бир уйнинг устуни бўлади. Шунинг учун ҳозирданоқ мажбуриятларни бўйнига олишни ўргансин.

Бола бирор таклиф билан кирса, ташаббусини сўндирманг. Майли, у унча зарур бўлмаган таклиф айтар, аммо ўша иши керакмаслигини ўзи тушунсин.

Ташаббускорлик – ўғил бола учун зарур хислатлардан бири. Ўғлингизга бирор нарсани ваъда қилдингизми, уни албатта бажаринг. Акс ҳолда фарзандингизнинг сизга бўлган ишончи сўниб қолади.

Эркак – оила устуни, бўлажак Ватан ҳимоячиси, ўз сўзига эга кучли шаxс. Келажакда фарзандингиз ҳам ана шундай шахс бўлиб улғайишига ишончимиз комил. Шундай ўғил ўстирингки, унда камчиликларингиз эмас, фазилатларингиз акс этиб турсин. Уни кўрганлар, у билан суҳбатлашганлар, “қанийди, шундай ўғлим бўлса”, деб орзу қилсин. Аминмиз, шундай йигит тарбиялаш сизнинг қўлингиздан келади.

Яна ўқинг:  Бепарволик бошга ташвиш келтирар

 

Дилфуза АЗИМОВА тайёрлади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: