Беш фоизли имтиёзли кредит
Чорвачилик фермаси ва иссиқхона
Бу ҳаётда кимки эзгу мақсад сари олға интилса, изланса, албатта, орзусига етади. Бу ҳақиқатни эндигина 17 ёшни қаршилаган тўрақўрғонлик Мафтуна Мўминова ҳам яхши англайди.
– Қизимга ёшлигида “Катта бўлсанг, ким бўласан?”, дея савол берганимда, “Тадбиркор бўламан” деган жавобини эшитиб, ҳайрон бўлганман. Ўзимча, “Бу гапни кимнингдир оғзидан илиб, болаларча айтди қўйди-да”, деганман, – дейди Моҳиражон Мўминова.
Мафтуна ёшлигиданоқ, мактабда аъло баҳоларга ўқиш билан бирга, опалари, хола ва аммаларидан бичиш-тикиш, тўқиш ва пазандалик сирларини пухта ўрганди. Қўғирчоқларига кийимчалар, пайпоқча-ю қўлқопчалар тўқий бошлади. Тўрақўрғон туманидаги 52-умумтаълим мактабининг бошланғич синфини тугаллаган Мафтуна ўқишини 17-ихтисослашган мактаб-интернатида давом эттирди. Математика, физика каби аниқ фанларга қизиқиши сабабли келажакда етук иқтисодчи бўлишни мақсад қилди. Мактаб-интернатини тугаллагач, Тўрақўрғон туманидаги иқтисодиёт коллежининг “Банк иши” йўналишига ўқишга қабул қилинди. Коллежда ўқиб юрган кезларида у “Энг яхши тадбиркор”, “Солиқ билимдонлари”, “Сиз қонунни биласизми?”, “Менинг бизнес ғоям” каби кўрик-танловларда фаол иштирок этди.
Агар юракда даъват, қалбда мақсад бўлса, албатта маррага етиш осонлашади.
Мафтуна замондан илдамлашни ният қилган ёшлардан. Шу мақсадда, у олган билим ва кўникмалари асосида бизнес лойиҳага қўл урди. Лойиҳаси билан танишган гуруҳ раҳбари бу бизнес билан катта ютуқларга эришиш мумкинлигини айтди. Шундан сўнг Мафтуна “Энг яхши тадбиркор қиз лойиҳаси” кўрик-танловининг туман ва вилоят босқичларида ғолибликни қўлга киритиб, республикага йўлланма олди. Якуний босқичда ҳам ҳакамлар ҳайъати бир овоздан қаҳрамонимизни ғолиб деб топди ва унга танлов сертификати тоширилди. Ёш тадбиркор бу сертификат билан банкдан 5 фоизли имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритди. Ушбу маблағ эвазига 5 гектар ерда чорвачилик фермаси ва иссиқхона ташкил этди. Унга бу машаққатли йўлда тадбиркор онаси доимо кўмакдош.
Мафтуна ҳозирда коллежнинг 3-босқичида таҳсил олиш билан бирга, 4 нафар дугонасини ҳам иш билан таъминлаган. Ҳозирда ёш тадбиркор эчки юнгидан турли миллий, бежирим сумкачалар, қопчиқ, бўйинбоғ, нимча, костьюм каби либослар яратиб, уларни Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз ва Хива каби туристлар кўп ташриф буюрадиган шаҳарлардаги зиёратгоҳу миллий матолар сотиладиган дўконларга етказиб бермоқда.
Мафтуна Мўминова келажакда ўз маҳсулотлари билан хорижий давлатлардаги ҳунармандчилик кўргазмаларда иштирок этишни, маҳсулотлари экспортини йўлга қўйишни мақсад қилган. Биз эса навниҳол қизнинг орзулари ушалишига тилакдошмиз.
Майрам ҚОДИРОВА