АҚШда малака оширган тадбиркор юртимиз учун манфаатли лойиҳаларни амалга оширмоқда
Тадбирлининг “иши беш”. Топгани баракали, тутгани унумли. Халқимиз азалдан янгилик яратишга, яхши яшашга интилган. Эҳтимол, шундандир қардош халқлар элимиз ҳақида фикр билдираркан, меҳнаткаш ва изланувчанлигимизни алоҳида эътироф этишади. Тасаннолар айтишади.
Мамлакатимиз мустақиллигининг илк йиллариданоқ, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов халқимиз салоҳиятини тўғри баҳолай олди. Ватанимиз тараққиёти йўлида тиним билмай меҳнат қилиш иштиёқида яшаётган юртдошларимизга кенг имкониятлар эшиги очилди, тадбиркорликка кенг йўл берилди. Натижада турмуш тарзимиз, оилавий шароитимиз яхшиланди. Бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам мустаҳкам тараққиёт йўлимиздан дадил одимлашни, ҳеч қачон орқага қайтмасликни таъкидламоқда.
Дарҳақиқат, сўнгги бир йилда мамлакатимиз тарихи янги, унутилмас саҳифалар билан бойиди. Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қиладиган сунъий ҳолатларнинг барчасига барҳам берилди. Бундан эл хурсанд, халқ манфаатдор. Тадбиркорлар эса янада ғайрат-шижоат билан ишга киришган.
Тадбиркорлик ҳам ўзига хос санъат
Қорақалпоғистонлик Рашиджон Қаритбаев ҳам 2011 йилда ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этаётганида ишлари бу даражада ривожланиб кетишини хаёлига ҳам келтирмаган бўлса, ажабмас. Бугун у раҳбарлик қилаётган “Мустанаб ҳилол” масъулияти чекланган жамияти тараққиётнинг янги босқичида. Ишлаб чиқариш объектида айни вақтда халқ хўжалиги учун муҳим бўлган кўп турдаги маҳсулотлар тайёрланмоқда. Ишнинг кўзини билган одамнинг бир тангаси минг танга бўлади. Вақти зое кетмайди. Рашиджон ҳам ана шундай вақтни қадрлайдиганлардан. Унинг фикрича тадбиркорлик ҳам ўзига хос санъат. У ҳам истеъдод талаб қилади. Болаликдан ҳисоб-китобни ўрганишни тақозо этади. Бу борада тадбиркорнинг омади келган. У иқтисодчилар оиласида вояга етди. Отаси Ўтан Қаритбаев, онаси Руқия Дусчанова, ҳар иккиси ҳам иқтисодчи. Оиладаги етти фарзанднинг 5 нафари тадбиркорликни касб қилган. Ўзига шараф билган. Икки нафари ўқитувчи. Улар ҳамжиҳатликда бир-бирига елка тутиб, тараққиёт сари одимламоқда. Оилавий тадбиркор сифатида элнинг фарзандлари бандлигини таъминламоқда. Рашиджон иккинчи фарзанд. Акаси Ўнгар унинг ўнг қўли – корхона бош бухгалтери. Укаси Ойбекжон ва Абай, синглиси Ойгуллар унга маслакдош, ҳамфикр, қўлдош, бир сўз билан айтганда уста тадбиркор. Барча ва Гулмиралар ўқитувчи бўлишига қарамай, қўли бўш қолди дегунча, акаларига ёрдамга шошилади.
Чиқинди эмас, полителин қувурлар
Рашиджон Қаритбаев хизмат юзасидан АҚШда малака ошириб қайтди-ю, истаклари унга тинчлик бермай қўйди. У халқимиз манфаатларига мос ишлаб чиқариш корхонасини қуришга жиддий киришди. Бу саъй-ҳаракатларга ҳам ўн йил бўлди. Тадбиркор 2007 йил илк бор тадбиркорлик лойиҳаси – чиқиндини қайта ишлаш технологиясини йўлга қўйишга бел боғлади. У ишни амалга оширишга шошилмади. Дастлаб, зарурий технологиялар билан қизиқди. Сўнг эса хомашё тўплаш йўлларини излади. Қисқаси, уч йиллик изланишлари натижаси – “Мустанаб ҳилол” МЧЖ ташкил этилди.
– Дастлаб, хомашё захирасини тўплашга киришдик, – дейди корхона раҳбари Рашиджон Қаритбаев. – Бизга кўп миқдорда чиқинди керак эди. Шу мақсадда лойиҳамиз билан грант ютиб олдик ва 5000 АҚШ доллари миқдоридаги маблағни қўлга киритдик. Бу ишимизнинг бошланиши учун яхши сармоя эди. Ҳаммасига чиқинди қутилари харид қилдик ва Нукус шаҳрининг гавжум жойларига ўрнатдик. Биринчидан, шаҳар озодалигига бу бизнинг ҳиссамиз эди. Қолаверса, бу усул чиқинди тўплашнинг осон ва самарали йўли эди. Кейинчалик буни туманларда ҳам йўлга қўйдик. Чиқиндини қайта ишлаб, илк маҳсулотимиз – полителин қувурлар ишлаб чиқаришни бошлаб юбордик. Бунга ҳам қарийб етти йил бўлди. Бироқ шу ўтган давр мобайнида биз чиқиндидан кўплаб турдаги маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйдик. 50 та доимий иш ўрни яратдик.
Энди эски кийимлар ҳам керак
Замон билан ҳамнафас, асримиз тараққиётидан баҳраманд тадбиркор изланишдан толмайди. У соҳага оид янгиликлар билан доим қизиқади. Интернет орқали Германия ва Россия тадбиркорларининг иш услублари, уларнинг маҳсулот ишлаб чиқаришга ёндашувларини ўрганаётганида Рашиджон қизиқ ҳолатга дуч келди. У ушбу ишлаб чиқариш турини ҳам ўзида синаб кўришга жазм этди. Полителин қувурлар билан бирга клейланган девор учун гулқоғоз тайёрлай бошлади. Бунинг учун эса ҳеч кимнинг хаёлига келмаган хомашёдан фойдаланди. Бу эски кийим-кечаклар ва увада латталар эди. Ярим хомашё йиғиб олиниб, майдалаб қийқимланади ва ранггига қараб тахлаб чиқилади. Бунинг учун эса кўп ва хўп қўл меҳнатига эҳтиёж туғилди.
Ўзини ҳам, элни ҳам ўйлаган тадбиркор шу тариқа касаначиликни йўлга қўйди. 200 нафар хотин-қизни уй шароитида иш билан таъминлади.
Маҳсулот харидоргир, пишиқ ва сифатлилигидан тезда харидоргир бўлди.
Автошиналардан бензин олинмоқда
Чиқинди йиғишнинг янги механизмларини ўйлаб топган Рашиджон “Тозалик маркази” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этади. Трактор ва тиркамалар сотиб олади. Аҳоли ичида тушунтириш ишларини йўлга қўяди. Натижа эса доимгидек ижобий. У хомашёга эҳтиёж сезмай қўяди. Аксинча, янги-янги маҳсулот турларини ишлаб чиқариш ҳақида бош қотиради. Ана шундай маҳсулот тури – автомобилларнинг эски, ишдан чиққан шиналарини эритиб, ундан бензин ёнилғисини олишни йўлга қўйди. Бу борада технологиялар унга беминнат “кўмакчи”. Шиналар баланд ҳароратли оловда ёндирилади. Сўнг эритмасидан бензин ажратиб олинади. Муҳими мазкур ёнилғи тажрибадан ўтказилган. Ундан бемалол автомобиллар ҳаракатида фойдаланиш мумкин. Рашиджон уни ўз “машина”сида синовдан ўтказиб кўрди. Натижалар яхши. Синовдан ўтган тажрибани тадбиркор янада мукаммаллаштириб, савдоси учун лицензия олиш ниятида.
Паррандалар учун суякдан ун
Рашиджон Қаритбаев кўп тармоқли корхонани янада кенгайтириш мақсадида йирик ва майда шохли чорва моллари суякларидан кальцийга бой ун ишлаб чиқармоқда. Айни вақтда у товуқ учун севимли озуқага айланиб улгурган. Мутахассисларнинг таъкидлашича товуқларда кальций етишмаслиги муаммоси кўпайиб бормоқда. Бу эса тухум маҳсулотларининг камайиб кетишига олиб келиши мумкин. Тадбиркор ишлаб чиқараётган махсус ун эса товуқлардаги кальций миқдорини барқарорлаштиради. Бу эса тухум қўйиш жараёнини меъёрлаштиради. Тухумлар ҳам бу элементга бой бўлади.
Тадбиркор хомашёни аҳоли хонадонлари ва қассоблардан олмоқда. Тайёр суякларни махсус аппарат ёрдамида майдалаб, кукун ҳолатига келтириб, қопчаларга қадоқлаб сотувга чиқармоқда.
Дарҳақиқат, халқимиз орасида “Иш билганга минг танга” деган гап бежиз айланиб юргани йўқ. Бу ҳикмат айниқса, кейинги йилларда ўзини оқлаб келмоқда. Бунга тадбиркорлар фаолияти мисол. Рашиджон Қаритбаев ҳам шунингдек, қўй жунидан ип ва клёнка маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйган.
– Шаҳримизда тадбиркорлар жуда кўп, – дейди Нукус шаҳар ҳокими Парағат Турешев. – Улар изланишдан толгани йўқ. Шахсан Президентимиз жорий йилнинг 16-17 декабрь кунлари республикамизга қилган ташрифи давомида кўпгина тадбиркорлик субъектлари билан танишиб, йўл-йўриқ, таклиф ва кўрсатмалар берди. Бу, албатта, тадбиркорларни, элимизни руҳлантирди. Биласизми, бизда ишлаб чиқариш янги босқичга кўтарилди. Тадбиркор Рашиджон Қаритбаев ҳам келажакда чиқиндини қайта ишлашни янада такомиллаштириш ниятида. Бир неча лойиҳалари нафақат, экология ва атроф-муҳит озодалигига олиб келади, балки кўплаб иш ўрни яратилишига, иқтисодимиз бунданда ривожланишига ҳисса қўшади.
Таъкидлаш жоиз, корхона етти йил давомида ўз мижозларига эга бўлди. Корхонада айни вақтда Қорақалпоғистон Республикаси “Ўзтелеком”, “Қорақалпоғистон электр тармоқлари” АЖ ҳамда “Электромонтаж” МЧЖ корхоналари ва кўплаб корхоналар буюртмалари ҳисобида иш олиб борилмоқда. Тадбиркор яна 300 нафар фуқарони иш билан таъминлаш ниятида. Албатта, бу интилишларида жонкуяр ишчи-хизматчилар унга елкадош. Хусусан, Бердақ Мамбетназаров, Руслан Олломуродов, Гулчеҳра Хўжабаева, Давлат Хўжабаевлардек фидойи ходимлар фаолияти бунга мисол.
Ойгул РАЗЗОҚОВА,
журналист