Оналик бахти остонасида

Давоми, боши: 1, 2, 3

Ҳомиланинг ривожланиш босқичлари

Одатда ҳомиладорлик даври 280 кун давом этади. Ушбу муддатни календарь ойи билан 9 ой, акушерлик ойи билан эса 10 ой ҳисобланади, яъни 40 ҳафта деб айтилади. Шу муддат давомида уруғланган тухум ҳужайрадан дастлабки ой ичида одам эмбриони, сўнгги ойларда эса ҳомила шаклланади. Ҳомиланинг асосий ёши юқорида қайд қилганимиздек, ҳайз цикли билан белгиланади(овуляция муддатини аниқ билиш баъзан қийин бўлади). Ҳомиладорликнинг биринчи ойида тухум ҳужайра бўлинади, эмбрион ва унинг пардалари вужудга келади. Эмбрионнинг биринчи икки ойидаги ҳаётида инсон эмбриони деб ҳисоблаш мумкин бўлмайди. Яъни, уни ҳайвонлар эмбрионидан ажратиш қийин бўлади. Учинчи ойнинг охирида эмбрион аста-секин одам кўринишига кириб, ҳомила номини ола бошлайди. Унинг танасидаги думга ўхшаш қисм калталашади. Танасига нисбатан катта бошида кўз, бурун ва оғизнинг бошланғич қисми ва ташқи жинсий аъзолар билина бошлайди. Қорин бўшлиғи бекилган бўлади

Ҳомиладорликнинг учинчи ойида ҳомиланинг узунлиги 8-9 см ва оғирлиги 20-25 гр. бўлади. Унинг оёқ – қўллари шаклланади. Боши билан танасининг узунлик нисбати нормаллаша боради. Оёқ-қўл бармоқлари ва тирноқларининг бошланғич аломатлари кўрина бошлайди. Ташқи жинсий аъзолар шаклланади. Ҳомила оёқ-қўллари билан қимирлаш қобилиятига эга бўлади. Лекин бу ҳаракатлар ҳали суст бўлгани учун она буни сезмайди.

4-ойнинг охирида унинг узунлиги ва оғирлиги 120 гр. жинси аниқ билинади. Ҳомиланинг қўл ва оёқлари фаолроқ қимирлайдиган бўлади. Лекин онага ҳали бу билинмайди. Ҳомиланинг териси жуда юпқа қизғиш рангда бўлиб, тери ости ёғ қавати бутунлай бўлмайди.

Ҳомиладорликнинг 5-ойи охирида ҳомиланинг узунлиги 25 см (ой-куни етган ҳомила узунлигининг ярми), оғирлиги тахминан 300 гр. бўлади. Бошининг узунлиги ҳомила умумий узунлигининг учдан бир қисмини ташкил қилади. Пайдо бўлган ёғ безларидан ёғ моддаси ажрала бошлайди. Ажралган ёғ билан кўчган тери эпидермиси, қазғоқ аралашиб, кул ранг ёғ vernix caseosaни ҳосил қилади. Бу ёғ ҳомиланинг танаси, пешонаси, орқаси ва оёқ-қўлларини қоплайди. Бу даврда ҳомиланинг териси тўқ қизил рангга кириб, у майин туклар билан қопланган бўлади.

Ҳомиладор аёлнинг қорин девори орқали стетоскоп ёрдамида ҳомиланинг юрак уриши эшитилади. Ҳомиланинг оёқ-қўллари энди онасига сезиларли даражада анча кучли қимирлайди. Унинг ичакларида ўт билан бўялган ахлат (меконий) бўлади.

Яна ўқинг:  Сифат ва хавфсизлик – инсон саломатлиги омили

Ҳомиладорликнинг 6-ойи охирида ҳомиланинг териси қариларникига ўхшаб буришган, боши ва танасининг ҳамма юзаси тук билан қопланган, қулоқ ва бурун тоғайлари юмшоқ, тирноқлар бармоқ учларига етмаган бўлади. Туғилажак ўғил болалар ва қизчаларда ҳали жинсий аъзолар етарлича ривожланмаган бўлади.

7-ойлик ҳомиланинг узунлиги 35 см, оғирлиги 1000–1200 гр. бўлади. Агар гўдак шу ойда туғилса, тиббий муассасада жуда яхши парвариш қилинганда яшаб кетиши мумкин.

8-ой охирида ҳомила териси анча текис ва майин туклар билан қопланган бўлади. Ҳомила узунлиги 40 см, оғирлиги 1500–1600 гр. га етади. Бу муддатда туғилган чақалоқ ҳам худди етти ой охирида туғилган миттивой каби яхши шароитда парвариш қилинса, яшаб кетиши мумкин.

9-ой охирида ҳомиланинг тери остидаги ёғ қатлами анча кўпайиши натижасида терисидаги буришган жойлар текисланиб, унинг рангги оч пушти бўлиб қолади. Туклар камаяди, бошдаги сочлар узунлашади, тирноқлар ўсиб, бармоқлар учларига етади. Қулоқ, бурун тоғайлари анча қаттиқлашади. Ҳомила етила бошлайди. Соғлом туғилган ҳомила қаттиқ қичқиради, кўзини бемалол очади ва одатда онасини эма олади. Бундай чақалоқ деярли яшашга қобилиятли бўлади. Бу вақтда ҳомиланинг узунлиги 45 см, унинг оғирлиги 2400–2500 гр. га етади.

Акушерлик ҳисоби бўйича 10-ойда ҳомила етарли даражада ривожланади. Унинг териси оч пушти рангда, текис, тирноқлари ўсиб, бармоқлари учига етган бўлади. 5-ойда ҳомиланинг боши унинг гавда узунлигининг учдан бир қисмини ташкил қилади. 10-ой охирида эса бу кўрсаткич тўртдан бирини ташкил қилиб, ҳомила боши билан гавдасининг нисбати нормал ҳолга келади. Бу муддатда ҳомиланинг бўйи 50 см. га, оғирлиги 3200-3500 гр. га етади.

Ҳомиладорлик даври акушерлик ҳисоби бўйича 3 триместрга бўлинади. Бу даврнинг 1–ҳомила 12-13 ҳафталик бўлгунча, 2–эса – 26-27 ҳафтагача ва 3–триместр – 28–40-(42) ҳафтагача деб ҳисобланади.

Туғилажак фарзанднинг тўрт мучаси соғлом туғилиши учун оилада барча каттаю кичик бўлажак онани руҳан ва жисмонан қўллаб-қувватлаши зарур. Унинг оғир юк кўтариши мумкин эмас. Чунки, ҳомила тушиш эҳтимоли мавжуд. Она асабийлашса болага салбий таъсир этади. Бу эса келажакда унинг асаб тизимига жиддий таъсир этади. Гўдак туғилгач инжиқ ва йиғлоқи бўлади. Она қорнидалик вақтидаёқ ҳомилага ташқаридан таъсир этган турли зарарли ва салбий омиллар албатта, унинг келгуси ҳаётида депрессия (тушкунлик), стресс ( руҳий зўриқиш) шаклида ўз аксини кўрсатади. Шу сабабли нафақат бўлажак ота-она ичиш, кашандалик ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш, токсимания каби зарарли одатлардан холи бўлиши керак, балки ҳомиладор онанинг атрофидаги бошқа оила аъзолари ҳам соғлом турмуш тарзига қатъий амал қилишлари шарт. Зеро, кашандалар унинг ёнида чекса бўлажак она пассив чекувчига айланади. Бу эса ҳомилага жиддий ва салбий таъсир этади.

Яна ўқинг:  Болажон учун севимли бўтқа ёхуд сули ёрмасининг фойдали жиҳатлари хусусида

Яна ҳомиладор аёл ўз вақтида тўйиб ухлаши шарт. Шунингдек, у сифатли, тўйимли ва тўғри овқатланиши муҳим аҳамиятга эга. Бўлажак она фаслга мос равишда табиий толали, ҳаво ўтказувчан матолардан кийим кийиши керак.

Паст ва қулай оёқ кийим кийиши эса унинг юришини енгиллаштиради.

Очиқ ҳавода сайр этиш ҳомиладор аёл қонини кислородга тўйинтиради. Бўлажак онани қабзият безовта қилмаслиги даркор. Кўпроқ у мева-сабзавотларни истеъмол қилиши лозим. Чунки, бу маҳсулотлар ични равон қилишга ёрдам беради. Аммо ични дам қилиб, ел тўплайдиган дуккаклилар (мош, ловия, нўхат, ясмиқ) ва сархил узум, туршак, сут истеъмол қилганда ҳомиладор аёл албатта, арпабодиён ўсимлиги уруғидан чой ўрнида дамлама ичиши мақсадга мувофиқ. Бу дамлама ел ҳайдайди.

Шунингдек, ҳомиланинг суяклари нормал шаклланиши учун таркибида кальций моддаси мўл бўлган сут ва сут маҳсулотлари ҳамда чала пиширилган тухум, пишлоқ тановул этишни ҳомиладор аёлга тавсия этамиз. Қаттиқ қайнатиб пиширилган тухум ични қотиради. Ич қотиши эса бўлажак онага ҳам ҳомила учун ҳам зарар.

Юлдуз ЖАББОРОВА,

тиббиёт фанлари доктори, профессор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: